ВОЛЮНТАРИЗМ (лот. Voluntas – ирода) – ирода борлиқнинг энг олий кўриниши деб қаровчи фалсафий оқим.
Ирода В.да тарихий жараёнларнинг объектив қонуниятларига риоя қилмасдан, жамоатчилик билан ҳисоблашмасдан ўзбошимчалик билан ўз ҳоҳиш–иродасини юқори қўювчи фаолиятдир.
В. таълимотида инсоннинг иродаси биринчи ўринга қўйилади. Қадимги давр фалсафасидаги ақл–идрок рационализмдан фарқли Ўрта аср фалсафасида, масалан, Августин таълимотида у биринчи ўринга чиқади. Унинг фикрича, барча инсонлар бу – иродадан иборатдир.
Шопенгауэр амалий идрокни илгари сурган Кант фалсафасига таянса ҳам, лекин ундан фарқли равишда ироданинг ақл – идрокдан устунлигини ёқлаб чиқди ва бу билан Кант фалсафаси, классик фалсафадан ўзгача йўл тутди.
Ф.Ницше ҳам Шопенгауэр таъсирида фалсафанинг марказига инсон иродасини қўяди. Лекин унинг талқинида ирода бу «ҳокимликка эришиш иродаси»дир. Ҳокимликка эришиш учун иродани ишга солиш – инсон фаолиятининг ҳал қилувчи ҳамда энг асосий қобилиятидир, деб талқин қилган. Ницше мутлақ ҳокимликка, ҳокимиятга эришиш учун ўта кучли ирода эгалари бўлган «Олий шахс»га сиғинишни фалсафий асослашга уринган эди.
ВОРИСЛИК (илгарилаб бориш, анъанавийлик) – умумфалсафий категория бўлиб, барча фанлар учун методологик аҳамиятга эга. В. воқеа ва ҳодисаларнинг объектив боғланишини билдиради.
В. – тараққиётнинг бир босқичдан (даражадан) иккинчи босқич (даражага)га ўтишининг асосини ташкил этади ва у ҳар қандай ўзгаришнинг зарур шарти ҳисобланади.
В. – тарихий тараққиёт жараёнида, янгилик билан эскилик ўртасида юзага келадиган зарурий, қонуний алоқа ва боғланиш методи. Бу қонуният диалектик боғлиқлик ва алоқадорликдан, эскиликнинг янгилик томонидан инкор қилиниши ва ривожлантирилишидан келиб чиқади. Диалектик ривожланиш эскини бутунлай йўқ қилиб ташлашдан эмас, балки ўтмишда эришилган ижобий ютуқларни сақлаб қолишдан иборатдир. Шунинг ўзида нарса ва ҳодисаларнинг ривожланишидаги ворисий боғлиқлик сақланиб қолади. Бу эса ривожланиш қуйидан юқорига, оддийдан мураккабга қараб борадиган жараён эканлигидан далолат беради.
В. бир томондан ўтмишда тўпланган барча ижобий, муҳим жиҳатлар навбатдаги жамият вакилларининг фойдаланишлари ва ўзлаштиришларида намоён бўлса, иккинчи томондан у аввалги даврда эришилган натижаларнинг кейинги давр талаблари нуқтаи назаридан танқидий баҳоланишида ва ижодий қайта ишланиб, уларга сифат жиҳатдан янги ҳисса бўлиб қўшилишида ифодаланади. Демак, ворислик деганда, эскининг янгига кирган ва унинг ривожланишини таъминлайдиган, унинг учун хизмат қиладиган унсурларни, томонларни тушунмоқ керак бўлади.
В.нинг инволюцион ва олға қараб борадиган шакллари мавжуд. Олға қараб борадиган В. ижтимоий тараққиётнинг зарурий шартидир. Инволюцион шаклнинг моҳияти эса ўзгараётган объектнинг айрим сифатларининг сақланиб қолиши ёки хусусиятларининг йўқолиб кетишидир. Бундай "орқага силжишлар" жамият тараққиётининг турли босқичларида кузатилган. В. муаммоси Ўрта Осиё файласулари ва айниқса, сўфизм таълимотида алоҳида тадқиқот объекти бўлган.
Тараққиётнинг диалектик концепцияси асосида ворислик тушунчаси моҳиятининг ҳар томонлама назарий таҳлилини Гегел кўрсатиб берган. Гегелнинг "кўчириб олиш" жараёнида В.нинг қонунийлиги ҳақидаги хулосаси унинг "Логика (мантиқ)" фани асарида баён этилган.
В. эскининг ўрнига янгининг келишида, унинг илдиз отишида намоён бўлади ва навбатдаги тараққиётнинг бошланиш хусусиятларини белгилайди. Эскининг ўрнига вужудга келаётган янгилик, дастлаб имконият кўринишида бўлади. Имконият эса ўз навбатида ворисий муносабатда, боғланишда, алоқадорликда ифодаланади.
Шундай қилиб, тараққиёт бир–бирини алмаштириб турадиган босқичлардан иборат бўлиб, бир босқич иккинчи босқич томонидан, иккинчиси эса учинчиси томонидан инкор этилади. Эскининг емирилиб, янгининг пайдо бўлиши тараққиёт жараёнида диалектик инкорнинг икки муҳим бўғини бўлса, В. унинг ажралмас жиҳатидир.
ВОҚЕЛИК (лот. – rоtalis, ҳақиқий, мавжуд, реаллик). В. тушунчаси "борлиқ" тушунчасига яқин, лекин улар орасида муайян фарқ мавжуд: В. –аниқликни, мавжуд бўлган ва бўлиши мумкин бўлган алоҳида нарса, ҳодиса, жараёнларни ифодалайди. Борлиқ эса фалсафий категория бўлиб, бир бутун, яхлит, бир–бири билан боғланган ва бир–бирини тақозо этадиган оламни ифодалайди.
В. Моҳияти қуйидаги икки ҳолат билан изоҳланади: 1. Билиш ўз–ўзидан моҳиятни аниқлашга йўналтирилган В.ни билиш учун уни онг, яъни билиш объектига айлантирмоқ лозим. Шу маънода В. билиш ҳолатидан қатъий назар мустақил мавжуд, ўз–ўзида бўлган онгдан мустақил равишда мавжуд бўлган нарсалар воқелиги, ҳақиқий кўриниш табиатига эга. Ушбу маънода воқелик онгнинг ҳолати сифатида намоён бўлади. Демак, билиш В.нинг моҳиятини аниқлаш жараёнидир.
2. В.ни билиш инсонга хос бўлган ҳиссий–трансцендент ҳолат ҳамдир. Бунинг маъноси шуки, В. таъсирида инсонда хилма–хил эмоционал–рецептив ҳолатлар мавжуд бўлади. Масалан, кишиларнинг ҳиссий–рецептив тажрибалари, таъсирланиши, чидам, азоб ва б. шулар жумласидандир. Мазкур маънода воқелик воқеалар тарзида намоён бўлади. Билиш фақат реал мавжуд бўлган нарсаларнинг (В.нинг) моҳиятини тушунишгина эмас, балки нарсаларнинг инсонга таъсири натижасида ҳосил бўладиган ҳатти–ҳаракатлар, эмоционал ҳолатларни тушуниш (ниманидир кутиш, олдиндан сезиш, ўзини нимагадир тайёрлаш, ютуқ ва камчиликни ҳис қилиш, ўзи ва б. ҳатти–ҳаракатлари оқибатларини ҳамда ўзи ва б. кайфиятларини билиш) ҳамдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |