ГАЛИЛЕЙ (GALILEI) ГАЛИЛЕО (1564–1642) – итальян физиги, астрономи, механиги. Классик механика, аниқ табиатшунослик асосчиларидан бири. Г. инерция қонунини кашф этган, кучларни қўшиш қоидасини ифодалаб берган, кўчирма ҳаракат тезлиги доимий бўлган чоғдаги нисбийлик принципини яратган, механик ҳаракатнинг асосий характеристикаларини миқдорий жиҳатдан аниқлаган, жисмнинг оғма текисликдаги ҳаракат қонунларини дастлаб Г. кашф этган. Г. ҳаракатнинг сақланиши тўғрисидаги муҳим фикрга тегишли тушунчалар киритган. Галилей–Ньютон механикаси илмнинг муҳим тармоғига айланди. Г. олам тузилишини тушунтиришда Коперник йўлидан борди. Ўзи ясаган телескоп ёрдамида Ой сиртининг нотекислигини, Венера фазасининг ўзгаришини, Қуёш доғларини, Юпитер йўлдошларини кашф қилди ва Қуёшнинг ўз ўқи атрофида айланишини исботлади. Г.нинг бу ишлари «Юлдуз хабарчиси» /1610–11/ асарида баён қилинган. «Олам тузилишининг икки асосий системаси ҳақида диалог» /1632/ асарида гелиоцентрик системанинг тўғрилигига асосий далиллар келтирган. Абу Райҳон Беруний каби Г. ҳам Аристотелнинг «енгиллик кучи» тушунчасига қарши чиқиб, фақат оғирлик кучини тан олди.
У оламдаги барча ҳодисалар моддий асосга эга бўлиб, механика қонунларига бўйсунади, деб тушунган. Г. ўз замонасининг илғор ғояли кишиларидан бўлган, схоластикага қарши чиққан. Коперникнинг гелиоцентризмини қатъий ёқлаган, табиий ҳодисаларни тажриба ва математик фикрлаш асосида тушунтиришга ҳаракат қилган.
ГАМОГЕН (юнон. homogenes - бир хиллик). Унинг қарама–қаршиси – гетероген. Гомоморфизм юнон. homo ва morphe сўзларидан олинган бўлиб, бир хил шакл, деган маънони ифодалайди.
ГАРМОНИЯ (юнон. garmonia– боғланганлик, қисм) бўлакларнинг бир–бири билан мос равишда боғланганлигини билдирувчи тушунча.
Антик давр маданиятида Г. деганда металл ва ёғоч қисмларини, бир–бирига мос равишда маҳкамлаш тушунилган. Гомерда Г. ўзаро келишувлик, "битим" мазмунини билдиради.
Қадимги юнон фалсафасида Г. тўғрисидаги таълимотни, милоддан олдинги V асрда Пифагор томонидан киритилганлигини Аристотель "Осмон тўғрисида" асарида қайд қилади ва Г. тўғрисида ўз фикрларини "Метафизика" асарида ҳам баён қилади. Аристотельнинг фикрича, Г. коинотдаги сайёра, ёритгичларнинг ҳаракат тезлиги, уларнинг орбита бўйича қиладиган ҳаракатларидаги Г. бўлиб, уни мусиқа асбобларидаги Г. билан таққослайди.
Ибн Сино, Форобий, Ибн Рушд, Беруний асарларида ҳам Г.га оид фалсафий сатрларни ўқишимиз мумкин. Уларнинг фикрича, табиат, жамият ва коинотдаги мутаносибликни Аллоҳ сақлаб туради. Агар ўзгаришлар юз берса, маълум сабаблар орқали Г. ҳам бузилади. Биринчи асосий сабаб яна Аллоҳдир. Бу сабаблар албатта бирон–бир оқибатга олиб келади, деган фикрни билдирадилар.
Г. тушунчасига Гегел ҳам аҳамият қаратиб, г.ни нарса ва ҳодисаларнинг моҳиятидан қидириш керак, деган фикрни билдиради.
Ҳаётда бир–бири билан мутлақ мос келадиган нарса, ҳодиса ва жараёнларнинг бўлиши мумкин эмас.
Г. умумий алоқадорликнинг бир тури бўлиб, у фақат нарса ва ҳодисалар ўртасидаги мутаносибликни билдирмасдан уларнинг томонлари ўртасидаги мосликни ҳам ифодалайди.
Г. нарса ва ҳодиса уларнинг бир–бири билан фақатгина мос келишини билдирмасдан, балки уларнинг мақсадга мувофиқлиги, "гўзаллиги", фойдалилиги жамул–жамлигини ҳам ифодалаши зарур.
ГЕГЕЛЬ Георг Вильгельм Фридрих (1770–1831) – немис файласуфи. Объектив идеализм фалсафаси асосида диалектика таълимотини ишлаб чиққан. Г.Г. фалсафий қарашларининг шаклланишида антик классик мерос: юнон дунёси, унинг маънавий маданияти, фалсафаси муҳим аҳамият касб этган, қадимги эллинлар давлатида у излаган жамиятнинг ахлоқий – эстетик идеалини топади.
Г.Г. ўз замонаси, жамияти, унинг сиёсати, иқтисодиёти ва маданиятини чуқур ўрганди. Германия, Франция ва Англия маърифатчиларининг таълимотлари билан яқиндан танишди. У ўз даврининг барча фанларини ўрганиб чиқди.
Г.Г. «Руҳ фенеменологияси» асарида умумий тарзда, фалсафий системани уч қисмга бўлган: 1) логика фанини ташкил этувчи мутлақ руҳнинг "ўзида" ёки "ўзида ғоя" сифатида қандай тарзда мавжуд бўлиши; 2) мутлақ руҳнинг "ўзга борлиқ" шаклида, яъни табиат кўринишида мавжуд бўлиши (натурфалсафа); 3) мутлақ руҳнинг "ўз–ўзига ва ўзи учун" қайтиши ҳамда унинг ўз зарурий ривожини ниҳоясига етказиши (руҳ фалсафаси).
Г.Г. диалектикасига биноан руҳ ўз ривожида иккига: онг (тушунча) ва унинг предметига бўлинади. Билимнинг ривожланиб бориши жараёнида улар ўртасидаги фарқ камайиб боради ҳамда уларнинг тўла айний бўлиши билан фақат мутлақ билим босқичига келгандагина ниҳоясига етади. Г.Г. "Руҳ феноменологияси" асаридаёқ фалсафа бутун инсоният тафаккури умумий маданий ривожини ҳамда дунё миқёсида ривожланган мутлақ руҳни англаш демакдир, деган хулосага келган. 1812 ва 1816 йилда нашр этилган "Логика" асарининг 2 та жилди ва 1817 йилда чоп этилган "Фалсафий фанлар энциклопедияси"да Гегел "Руҳ феноменологияси"да шакллантирилган асосий хулосаларини мантиқий жиҳатдан ижодий ривожлантирган.
Г.Г. категория тўғрисидаги қарашлари Кантникидан фарқи қилади. Кант категорияларни инсон онги фаолиятини синтезланган шакли сифатида талқин этган бўлса, Г.Г. категорияларни объектив борлиқ яратган тузилмалар тарзида тушунган. Г.Г. фалсафий таълимотининг мазмунини логика (мантиқ) системаига таянган ҳолда мутлақ ғоянинг мутлақ руҳга айланишини кўрсатишдан иборат бўлди. Бундай жараён оралиқ аъзолар – индивидуал, субъектив, объектив руҳ, бутун жаҳон тарихий руҳи шаклларидаги ривожланган табиат ва сўнгги руҳдир.
Г.Г. табиат ва руҳ мажмуини дунёвий жараён ёки дунё деб атайди. Умуман олганда, мутлақ мантиқий ғоядан дунёга, логикадан табиат фалсафасига ва ундан руҳ фалсафасига ўтиш Г. системаининг энг мураккаб қисмидир. Соф ғоя шаклида бўлган руҳ ўзидан бегоналишиб, табиат шаклига киради ва ўзини, инсон онги орқалигина танийди ва билади. Табиатсиз инсон ва унинг онги мавжуд бўла олмаслиги ғояси Г.Г. натурал фалсафасининг асосини ташкил этади ва ўз навбатида механика, физика, органика босқичларидан иборат.
Г.Г. таълимотининг асосий хулосалари системаининг учинчи қисми руҳ фалсафасида ўз ифодасини топди. Руҳ фалсафаси субъектив (индивидуал), объектив (умумий) ва абсолют (илоҳий) руҳ шаклларига бўлинади. Г.Г. уларнинг моҳиятини руҳ фалсафасининг тегишли бўлимларида очиб беради. Булардан биринчиси, кенг маънода психология бўлиб, у индивидумларнинг умумий руҳ билан айниятини англаб етгунга қадар барча босқичлар давомидаги, руҳий ҳаётини ўрганади. Кейинги бўлим "Ҳуқуқ фалсафаси" бўлиб ("Ҳуқуқ фалсафаси асослари", 1821), "Ҳуқуқ фалсафаси", 1826), у руҳ эркинлигининг ўзлигини, яъни инсоният ҳаётида кишилар ўртасидаги муносабатларда, қандай шаклларда намоён қилишини таҳлил этишга бағишланган. Унинг энг қуйи поғонаси мавҳум ҳуқуқ бўлса, энг юқориси ахлоқдир.
Г.Г.нинг фикрича объектив руҳ ўзини оила, фуқаролар жамияти ва давлат орқали намоён қилади. Давлатчилик ғоясининг ҳақиқатан амалга ошишини фақат инсониятнинг тарихий ривожида, яъни объектив руҳ тўлалигича намоён бўладиган бутун жаҳон тарихида кузатиш мумкин. Шундай қилиб, ҳуқуқ фалсафаси мантиқан тарих фалсафасига ўтади ва унинг тимсолида, ўз ниҳоясига етади ("Тарих фалсафасига доир маърузалар". 1837). Умуман олганда, тарихни "эркинликни англаган руҳ, деб талқин этган Г. ўз олдига тарихий жараён давомида дунёвий руҳнинг алоҳида халқлар руҳининг турли шакллари орқали тадрижий ривожини ўрганишни мақсад қилиб қўяди. Бунда тарихдаги ҳар бир даврнинг ўзлиги дунёвий руҳни англаган алоҳида бир халқнинг етакчилик қилиши билан боғлиқ бўлиб, бу вазифани бажаргач, у эстафетани бошқа халққа беради. Г.Г. бу ерда тарихий қонуният ғоясини ривожлантириб, тарихий тараққиётнинг барча босқичларини ўзаро боғлиқлиги ҳамда улардан ҳар қайсиси умумий руҳнинг намоён бўлиши ва ривожланиши шаклларидан бири эканлигини кўрсатади.
Г.Г.нинг фикрича, тарихий ривожланиш жараёнида ўзини яхлит, бир бутун ҳолда намоён қилган умумий руҳ мутлақ руҳнинг ўзи бўлиб, у ҳам ўз навбатида уч шаклда ривожланади: санъатдаги интуиция шаклида ("Эстетикага доир маърузалар". 1835–1838), диний тасаввурлар ва фалсафий тушунчалар кўринишида бўлиб, сўнггиси умуман фалсафани эмас, балки фалсафа тарихини англатади. Г.Г. ўзининг "Фалсафа тарихига доир маърузалар"ида (1833–1836) фалсафа тарихи фанига асос солди ва уни ривожланиб борувчи жараён, деб ҳисоблаб ҳар бир фалсафий таълимотни муайян халқнинг тарихий тараққиёти давомидаги ўзлигини англашнинг зарурий бир босқичи сифатида талқин этди. Мутлақ ҳақиқатни диалектик жараён сифатида, тушунган Г.Г. охир–оқибат ўз таълимотини фалсафа тараққиётининг энг мукаммал ва сўнгги босқичидир, деган хулосага келади. Маълум маънода унинг бундай даъво билан чиқишида асос бор эди.
Г.Г. фалсафаси ўз давригача инсоният томонидан яратилган қомусий билимларнинг деярли барчаси диалектик усулни тадбиқ этган ҳолда, қайта ишлаб чиқиб, уларни умумий тарзда тартибга солди ва ўз замонаси тафаккурининг яхлит мазмунини яратди. Г.Г. таълимотига кўра, диалектик ёки ривожланиш усулини тушунчаларда мавжуд бўлган қарама–қаршиликлар бирлиги ва уларнинг бир–бирларини истисно қилишлари, яъни зиддиятлар ташкил этади. Бу эса руҳ ривожининг, мавҳумликдан муайянликка ўтишининг бош сабабидир. Г.Г. зиддиятларнинг табиатини таҳлил қилиб, уларнинг ривожланиш жараёнида фақат инкор этиб қолинмасдан, балки инкорнинг инкори сифатида ҳал этилиши тўғрисидаги ғояни илгари сурди. Бунда, биринчи инкор – зиддиятларнинг топилиши, иккинчиси уларнинг ҳал этилишидир. Бошқача қилиб айтганда, ривожланишнинг юқори босқичи ўз ичига унинг қуйи босқичини қамраб олади ва айни пайтда уни инкор қилади. Демак, инкор этилмоқ – бир вақтнинг ўзида ҳам мавжудликни, ҳам юксалишни назарда тутади.
Do'stlaringiz bilan baham: |