ГНОСТИЦИЗМ (юнон. gnosis – билиш) – қадимги Юнонистонда антик давр охирларида вужудга келган диний-фалсафий йўналиш – гностицизм, монийлик, ўрта аср дуалистик (павликионлар, богомиллар ва б.)ни ўз ичига олувчи, "гностик динлар" оқимининг биринчи босқичи ҳисобланади.
Г. милоднинг I асрида, Яқин Шарқда (Сурия ёки Самарияда) ёхуд Искандарияда шаклланган. Унинг манбаларидан бири бўлган Наг–Хаммади асарлари 1945 йилда топилган. II асрда христианликнинг асосий рақибига айланган Г. турли хил Шарқ динлари (иудаизм, зардуштийлик, Миср ва Бобил динлари), христиан дини, юнон фалсафаси ва бошқаларни умумлаштириш, синтез қилишни даъво қилади. Г.нинг ичида бир-бирига нисбатан мустақил ҳолда мавжуд бўлган учта кичик оқимни фарқ қилиш мумкин: "христиан гностицизми", "дунёвий гностицизм" ва мандеизм (ҳозиргача етиб келган, Ироқда сақланиб қолган ягона секта).
Г. учун борлиқ ўзининг ягона бошланғич асосига эга, у эманация (босқичма-босқич ёйилиш) ва турли хил тузилмаларнинг неракцияси (бир-бирига бўйсуниши) негизида бутун оламни қамраб олади, яхлитликка айланади, деган концепция характерлидир. Шунингдек, Г.га антикосмик дуализм – олам худодан жуда узоқда бўлган, унинг антиподига (қарама-қаршисига) айланган моҳиятдир, деган қараш ҳам хосдир. Хусусан, унда, иудаизм – христианлик анъаналарига қарама-қарши ҳолда, худо ва олам ўртасига кўп сонли ипостасиялар (Василиадада уларнинг сони 365 га етади) – воситачилар жойлаштирилиб, уларнинг олдига худо билан оламни бир–биридан чегаралаш вазифаси қўйилади.
Г.да инсон оламда содир бўладиган жараёнларнинг тўпланадиган жойи, маркази сифатида талқин қилинади. У, гарчи, қандайдир сирли кучларнинг натижаси, деб ҳисобланса-да, ўз моҳиятига кўра, унга тегишли эмас, деб таъкидланади. Инсоннинг илоҳий субстанцияси мустақил ипностасия – "дастлабки инсон" ёки "антропоса" шаклидадир, деб тушунтирилади. Демак, Г.да инсоннинг жони ва тани мустақил моҳиятлар сифатида гавдаланади. Шунингдек, Г.да баъзан, инсондаги учта моҳият: тан, жон, маънавият фарқ қилинади.
Г. таълимотидаги марказий масалалардан бири – билиш жараёни таҳлилидир. Унда билишнинг моҳияти: "инсон қандай вужудга келган"; "унинг ҳаёти мазмунини нима ташкил этади"; "инсон ўз ҳаёти давомида қандай мақсадларни қўйиши ва уни амалга ошириши керак" деган ва ш.к. бошқа саволларга жавоб топишдан иборат, деб таъкидланади. Г.нинг тан ва жоннинг ўзаро муносабати, билиш ҳақидаги, ғоялари фалсафий фикрнинг кейинги тараққиётида ана шу масалаларни тадқиқ этишга катта туртки берди.
Do'stlaringiz bilan baham: |