ГОМЕОСТАЗИС (юнон. homoios – ўхшаш, монанд, statis – вазият, ҳолат) – системани ўзгармас доимийлик ҳолатини сақлаб қолиш учун мураккаб ҳаракатлар мажмуасидир. ХХ асрда тиббиётга америкалик физиолог У.Кенон томонидан киритилган. Ҳозирги кунда бошқарув системаларини таърифлаганда кибернетика, генетика, иқтисод, сиёсатда кенг қўлланилади.
ГУМАНИЗМ – (лот. "Humanitas" – инсонийлик, инсонпарварлик, инсон ҳақида ғамхўрлик) – инсонни ҳимоя қилишга, унинг ҳуқуқларига кафиллик беришни мақсад қилиб олган таълимот. Ушбу маънода, Г. тушунчаси Шарқ мутафаккирларининг ижодида ўз аксини топган ва бу ғоялар Европа мутафаккирлари ижодига таъсир ўтказган. Ренессанс, яъни Уйғониш даврида эса Г. янги тафаккурнинг, яъни инсоннинг дунёда тутган ўрни шаклланиши, инсон фаолиятининг (фанда, санъатда, сиёсатда) имкониятлари ва чегаралари тўғрисидаги муаммолар билан боғлиқ тарзда намоён бўлди.
Назарий асосланган ғоялар, инсонни ҳимоя қилиш зарурати ҳақидаги асарлар XV –XVI асрларда пайдо бўла бошлади (Томас Мор, XV – XVI асрлар, Томаззо Кампанелла XVI – XVII асрлар, социалист утопистлар Шарл Фурье, Сен-Симон, Роберт Оуэн ва б. XVIII – XIX асрлар). ГУМАНИЗМ нинг илмий асосларини машҳур француз маърифатпарварлари – Вольтер, Монтескье, Дидро, Гольбах, Гелвеций ва Ламетри яратдилар. Улар инсоният ўз ҳаёти ва жамият тузилишида уч асосий тамойилга суяниши керак, дедилар. Бу тамойиллар – озодлик, тенглик ва биродарлик (Liberte, Egalite, Fraternite) эди. Улар худди шу уч тамойил дунёнинг барча бурчакларида яшаб турган ҳар бир инсон зотига миллати, ирқи, жинси, сиёсий қарашлари, динидан қатъий назар, тегишли эканини исботлаб, уларни инсонга нисбатан инсонларча муносабатда бўлишга чақирдилар. Бу уч тамойилга ўша давр ижтимоий кучлари риоя қилмаётганини кўрган марксчилар Г. қоидаларини жамиятга, зўравонлик ва мажбурият асосида киритиш керак, дедилар. Мажбурий гуманизм собиқ СССРда кенг миқёсда сингдирилди ва натижада, миллионлаб ишлаб-чиқариш ташкилотчилари, мутахассислар, ишбилармон, тадбиркорлар қатағон қилиндилар, баъзилари чет элларга қочиб қутулдилар ёки мамлакатдан ҳайдаб чиқарилдилар.
XX аср Г. ғояларининг барча давлатлар, ижтимоий ташкилотлар, сиёсий партиялар, халқлар, ташкилотлар томонидан тан олиниши катта ўрин тутди. Инсоният ўз тарихий тажрибаси асосида Г. тамойилларининг ҳаётга, фан ривожига татбиқ этилиши зарурлигини англаб етди. Г. сиёсий чақириқ ва олийжаноб ғоя ҳолатидан ҳаётий тамойилга айлана бошлади.
Г. замонавий жамият ва давлатни ташкил қилишнинг тамал тошларидан бири эканлиги билан умуминсоний тамойилга айланди. Ҳозир даврда БМТ, ЮНЕСКО, ЕҲҲТ каби нуфузли халқаро ташкилотлар ўз фаолиятларида Г. тамойилига таянадилар ва ҳар бир халқаро муаммони ҳал қилишда Г. талабларига риоя қилишни зарурий шарт, деб биладилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |