ГИПОТЕТИК МУЛОҲАЗА – чинлиги, номаълум бўлган гипотезалардан ва бошқа билимлардан (асослардан) хулосалар чиқаришга асосланган фикр юритиш методи. Г.м. да хулоса асослардан дедуктив метод асосида келтириб чиқарилгани учун уни баъзан, гипотетик–дедуктив мулоҳаза юритиш ёки қисқача – гипотетик-дедуктив метод, деб аташади.
Г.м.нинг учта тури мавжуд. Биринчи тури асослар, гипотезалар ва эмпирик умумлашмалардан иборат бўлиб, улар фикрлаш объекти ҳақидаги тасаввурларга зид келмайди, лекин, чиқарилган хулоса, барибир, эҳтимолий тусга эга бўлади. Бу методдан муҳокама юритиш жараёнида кўпроқ фойдаланилади.
Г.м.нинг иккинчи тури хулоса чиқариш асослари қайд этилган далиллар ёки мавжуд назарий қоидаларга зид фикрлардан иборат бўлади. Табиийки, улардан чиқадиган хулосалар ҳам маълум бўлган далилларга зид келади. Бундан, одатда, баҳс юритиш жараёнида оппонент фикрини хато, деб кўрсатиш мақсадида фойдаланишади.
Г.м.нинг учинчи турида хулоса чиқариш учун асос қилиб, кўпчилик томонидан эътироф этиладиган фикрларга ишонч-эътиқодга зид бўлган мулоҳазалар олинади. Улардан келиб чиқадиган хулосалар, хулоса чиқариш қоидаларига риоя қилинганда, ўзининг мантиқий қиймати бўйича чин ёки хато бўлиши мумкин. Чунки, кўпчилик эътироф қиладиган, уларнинг ишонч-эътиқодига айланган билимларнинг чинлиги ҳамма вақт ҳам исбот этилавермайди. Улар кундалик тажриба натижаларини индуктив йўл билан умумлаштириш ёрдамида ҳосил қилган ва шунинг учун ҳам эҳтимолий мулоҳаза бўлиши мумкин.
Г.м. методи антик давр фалсафасида таҳлил қилина бошланган. Унга баҳс-мунозара жараёнида рақибни ўз фикридан қайтариш ёки уни қайта кўриб чиқиш, аниқлаштиришга мажбур қиладиган мантиқий методлардан бири, деб қарашган. Г.м. ХVII–XVIII асрларда илмий-назарий билишда кенг қўлланила бошланди.
И.Ньютоннинг "Натурал фалсафанинг математик асосларини" Г.м. методида баён қилинган система, деб атаса бўлади. Г.м. методи замонавий табиатшунослик услубияти ичига чуқур кириб бормоқда. Табиий-илмий назариялар, гипотетик-дедуктив системалар тарзида қурилиб, уларда мантиқан кучлироқ гипотезаларни мантиқан кучсизроқларидан келтириб чиқарилади (дедукция қилинади). Бошқача айтганда, табиий–илмий назария, мантиқий тузилишига кўра, гипотезалар занжиридан (иерархиясидан) иборат. Методология нуқтаи назардан қараганда эса, Г.м. методи турли даражадаги умумийликка эгадир. Демак, у турли хил мантиқий кучли гипотезаларни ҳамда уларнинг ўзаро алоқаларини ўрганишга имкон берибгина қолмасдан, балки уларнинг эмпирик маълумотлар билан тасдиқланишига ҳам йўл очиб беради. Гипотетик-дедуктив системада турли гипотетик мулоҳазалар ўзаро боғланган бўлгани учун улардан бирини тасдиқлаш билвосита, у билан алоқада бўлган бошқаларини ҳам тасдиқлашдан иборат, деб ҳисобланади.
Г.м.дан математикада ҳам самарали фойдаланилади. Масалан, математик гипотезалар Г.м.нинг ифодаси бўлиб, ундан табиатшуносликда қонуниятларни очишнинг эвристик воситаси сифатида фойдаланишади. Албатта, илмий билишда Г.м. методини қўллаш ўз-ўзидан умумий ғоялар, тамойиллар, гипотезаларни яратишга олиб келмайди. Улар индуктив йўл билан яъни далилларни жуъзий табиатга эга билимларни умумлаштириш асосида яратилади. Бунда Г.м. ана шу умумлашмаларнинг чинлигини (ҳақиқатлигини), улар жузъий табиатга эга бўлган натижаларни келтириб чиқариш ва текшириш йўли билан аниқлайдиган ёрдамчи восита сифатида ишлатилади.
М.Шарипов
Do'stlaringiz bilan baham: |