АНТРОП ТАМОЙИЛИ (грек. аntropos – инсон) – замонавий космология тамойилларидан биридир. Коинот ривожланишининг ҳозирги ҳолатини ва келажагининг, унинг ўтмишдаги имкониятлари билан чамбарчас боғлиқ эканлигини тушунтириб ҳамда башорат қилиб берувчи тамойил. Уни Коинотнинг таркибий тузилиши ва ривожланишидаги фундаментал катталикларнинг ўзаро мос келиши, деб аташади. А.т. Коинотнинг дастлабки ҳолати билан унинг келгуси ҳолатлари ўртасидаги қонуний алоқадорликларни таҳлил этиш асосида ўртага ташланган. Бу тамойил инсонни мураккаб система ва космик мавжудот деб қараб, унинг мавжудлик моҳиятини коинотнинг физикавий ўлчовларига боғлиқ, деб қарайди (жумладан, фундаментал физикавий доимийлик – Планк доимийлиги, ёруғлик тезлиги, протон ва электрон массаси).
Физикавий тадқиқотлар бўйича, агар фундаментал доимийликларнинг бирон–бири ўзгарса (бунда бошқа ўлчамлар ва барча физикавий қонунларининг сақланиши шарт, модомики бундай бўлмаса бошқа физикавий объектлар мавжуд бўлмас эди, мас., ядро, атом ва ҳ.к.) ушбу ўзаро боғлиқликни англаш фалсафа ва фанда а.т.ни шаклланишга олиб келди. А.т.нинг турли таърифлари мавжуд, бироқ у кўпинча 1973 йилда гравитация назарияси мутахассиси Б.Картер томонидан илгари сурилган икки хил (кучли ва кучсиз) назарияси шаклида ишлатилади.
А.т. учун шарт–шароитлар мавжуд. Кўриниб турибдики, а.т. дунёқараш вазифасини ҳам бажаради, яъни инсон ва универсумнинг ўзаро бир–бирига боғлиқлиги ҳақидаги фалсафий ғояни ўз ичига олади. А.т.ни диний ва илмий талқин қилиш мумкин. Ҳозирги даврда а.т.нинг аҳамияти, инсоннинг коинотдаги фаоллигининг ортиши ва замонавий фаннинг инсонпарварлик муаммосига жиддий ёндашуви орқали намоён бўлади. Бу тамойилнинг асосланиши Б.Картернинг "Катта сонларнинг мос келиши ва космологияда антроп тамойили" номли мақоласидан бошланган. Мазкур масала бўйича бир қанча халқаро симпозиум ва семинарлар бўлиб ўтган. 1989 йилнинг 28–30 ноябрь кунлари, Санкт–Петербург шаҳрида, "Оламнинг илмий манзараси системаида антроп тамойил (тарихи ва ҳозирги замон) мавзуида халқаро семинар бўлиб ўтди.
А.т. моҳияти Коинот ва унинг кузатувчиси ўртасидаги алоқадорлик ҳамда Коинот ривожланишини башорат қилиш қонуниятлари билан боғлангандир. А.т.нинг "кучли" ва "кучсиз" даъволари мавжуд бўлиб, кучсиз а.т. бўйича, бизнинг (яъни, кузатувчининг) Коинотдаги ўрнимизнинг афзаллиги шундаки, бизнинг ҳ. вазиятимиз шу Коинотда кузатувчи сифатида мавжуд эканлигимиз билан мувофиқ келганлигидадир. Яъни, А.т. бизнинг ҳозирги ҳолатимиз Коинотнинг вужудга келган пайтидаги имкониятлар билан боғланганлигини таъкидлайди. Ўша пайтда Коинотнинг ҳолати ўзгача бўлганда эди, биз – кузатувчилар мавжуд бўлмаган бўлар эдик. Кучли А.т. бўйича, Коинот шундай вужудга келганки, унинг вужудга келишида Коинот эволюциясининг маълум бир босқичида кузатувчининг пайдо бўлиши олдиндан мўлжалланган ёки бошқача айтганда, режалаштирилгандир.
А.т. Коинот вужудга келишида, кейинчалик, пайдо бўладиган кузатувчининг мавжуд бўлиши учун зарур бўлган барча имкониятлар олдиндан белгилангандир, деган фикр пайдо бўлади. Чунки, кузатувчининг мавжуд бўлиши учун зарур бўлган барча шарт–шароитлар унда олдиндан бўлган. Шундай қилиб, кучсиз А.т. бўйича, кузатувчининг ҳолати Коинот эволюциясининг имкониятларига мос келади, кучли А.т. бўйича эса, Коинотдаги барча имкониятлар кузатувчининг воқелигини таъминлаш учун мўлжаллангандир.
Do'stlaringiz bilan baham: |