АДОРНО ТЕОДОР (1903–1960) – немис файласуфи, Франкфурт фалсафа мактабининг йирик вакилларидан бири, социолог, мусиқашунос, композитор. У модернизм эстетикаси тараққиётига катта ҳисса қўшган тадқиқотчи сифатида танилган. А.Т. ўзининг ижтимоий фаолиятини 17 ёшлик чоғидан, танқидий йўналтирилган «Экспрессионизм ва бадиий ҳақиқат» /1920/ мақоласини чоп этиш билан бошлади. Сўнгра, у мусиқа ҳақида баҳс–мунозараларга кенг йўл очиб берган, танқидий руҳдаги қатор мақолаларни ёзди. А.Т.нинг тадқиқ қилиш методи ўзига хос бўлиб, у мусиқа материалини рационал баҳолашга таянади. Олим 1920–йиллардан бошлаб, Франкфурт ижтимоий тадқиқотлар институтининг интелектуал доирасига таклиф этилди.
А.Т. фалсафаси жамият ҳақидаги ҳар қандай эътиборли назарияларга танқидий ёндашиш тамойилига амал қилади. А.Т.нинг илк фалсафий изланишлари Къеркегор ва Гуссерлнинг ижтимоий реалликка эътиборсизлик билан қараши ва субъект ролини ўта бўрттиришга қарши қаратилганлиги билан ажралиб туради. У марксизмга, айниқса, Лукач ва Корш томонидан ишлаб чиқилган номутаассиб марксизмга хайрихоҳлик билан қарайди. А.Т. 1934 йили фашистлар Германиясини тарк этиб, Англияга кўчиб ўтади, 1933 йилдан умрининг охирига қадар АҚШда яшайди.
А.Т.нинг асосий асарлари: «Экспрессионализм ва бадиий ҳақиқат» /1920/, «Маърифат диалектикаси» /1947/, «Янги мусиқа фалсафаси» /1949/, «Авторитар шахс» /1950/, «Негатив диалектика» /1966/, «Эстетика назарияси» /1970/ ва б.
А.Т.нинг Хоркхаймер билан ҳамкорликда ёзган «Маърифат диалектикаси» /1947/ асарида тарихий тараққиёт мавзусига мурожаат қилади. Унда жамият тарихи кўп қамровли маърифатнинг умумбашарий тарихи сифатида олиб қаралиб, инсон зоти ҳаёт учун кураш жараёнида доимо мукаммалашиб, ақлий жиҳатидан улғайиб боради. А.Т. ўзининг тарихий тараққиётга бўлган танқидий муносабати орқали адолатли жамият концепциясини яратди. У ўз тадқиқотларида негатив диалектикага асос солди. Унинг таъкидлашича, ашёлар ва уларни ўзида ифода этадиган тушунчалар ўртасида бир–бирига мос келмайдиган, муайян конфронтация, ўзаро келишмовчилик юзага келади. Негатив диалектикада маънавий ҳаётнинг барча кўринишлари ижтимоий жиҳатдан белгиланганлиги қайд этилиб, ижтимоий–тарихий реалликнинг инсонга бўлган бераҳм, ўта зўравонлигига алоҳида урғу берилади.
А.Т.нинг фалсафий қарашлари ҳозирги замон Ғарб фалсафаси, социологияси, эстетикаси, мусиқашунослиги 1960 йилларда шакллана бошлаган сўл–радикал талабалар ҳаракатига фаол таъсир кўрсатди.
АЙНАНЛИК (лотин. iden - ўшанинг ўзи айнан) – бирон–бир нарсанинг бошқа нарсага айнан ўхшашлиги, ўзаро бир–бирига тўла мувофиқлигини ифодалайди. Нарса ва ҳодисалардаги ўзаро ўхшаш томонлар бирлигига айният дейилади. Тафаккурда А. тамойили мавжуд. Агар А. турли вазият ва шароитларда ўз–ўзининг А.гини сақлаб қолса, А. ўз–ўзига тенг бўлади. Айният тамойили фақат фикрлаш жараёнида, мушоҳада пайти, қўлланиладиган тушунчанинг айнан бир маънода ишлатилишини талаб қилади (Корнелиус). Умуман олганда, нарса ўз–ўзигагина нисбатан айнан бўлиши мумкин.
А. нарса ва ҳодисалардаги ўхшашлик ҳамда тўла тенглик (яъни барча муҳим ҳусусиятларнинг ўзаро бир–бирига мослиги) шаклларида намоён бўлади. Нарса ва ҳодиса маълум нисбатдагина ўз–ўзига айнан бўлади, аслида, у доимо ўзгаришда бўлгани учун унинг тўла, батамом А.лиги ҳақида фикр юритиш қийин. Онг ҳам ўз–ўзига айнан (тенг) бўлиши мумкин эмас, у тараққий этиб боради, лекин бу тараққиёт "мен"нинг тараққиёти тарзида кечади.
Do'stlaringiz bilan baham: |