АГРЕССИЯ (лот. aggres – ҳужум қилмоқ). Ҳозирги кунда А. сўзи инсон фаолиятининг жуда кўп қирраларини ифодалайди: таҳдид қилиш унсурларидан тортиб, то жисмоний таъсиргача бўлган фаолиятни ўз ичига олади. А. сўзининг туб маъносини шу атама ишлатилаётган матнга кўра турлича аҳамият касб этиши мумкин.
АДАПТАЦИЯ (лот. adabtatio – мослашмоқ, ўрнашмоқ). Бу атама дастлаб биология фанида организмлар (популяция, турлар) ва уларнинг тузилиши ҳамда функциясини ташқи муҳитнинг маълум шароитига мослашиш жараёнини белгилашида қўлланилган. А. организм ҳаёт циклининг ҳамма босқичи давомида шаклланади. Ривожланиш жараёнида шаклланган мосланишлар йиғиндиси жонли системаларнинг мақсадга мувофиқлигини ташкил этади. Шу билан бирга, А. жонли системаларнинг, ташқи муҳит билан муносабатда содир бўлувчи, мослашуви жараёни – адаптогенезнинг маълум натижаси саналади. А. табиатини изоҳлашни биринчи бўлиб, Дарвин таклиф этиб, у А. табиий танланиш ҳаракати натижасида келиб чиқишини кўрсатган.
А. тушунчаси ҳозирги вақтда, биология доирасидан чиққан. У кўпгина техника, табиий ва ижтимоий–гуманитар фанларда қўлланилади. Тиббиётда инсоннинг оптимал ҳаёт фаолияти ва меъёрий ижтимоий биологик ривожланишини таърифлашда қўлланилади. Техника фанларида ва кибернетикада А. тушунчаси асосида "адаптив системалар" тушунчаси ишлаб чиқилади, А. ҳар хил, қайта боғланишли, ўз–ўзидан созланувчи техника системалари сифатида белгиланади.
Ижтимоий фанларда, хусусан психологияда шахс ва ижтимоий гуруҳларнинг ижтимоий муҳитга (микромуҳитга) социал А.си таъкидланади, бу жараён асосида шахс ва ижтимоий гуруҳларнинг ва муҳитнинг (микромуҳитни) ҳам ривожланишини таъминловчи муносабатлар ўрнатилади. Бунда ижтимоий А. инсон турмушининг биологик, психологик, социал соҳаларини қамраб олади. А. тушунчасининг умумий мақоми аниқ илмий соҳалар учун инвариант бўлгани боис, унинг жуда кенг аҳамиятли таърифи керак эканлиги ҳис этилмоқда. А. ташқи ва ички муҳит таъсирини инъикос этувчи системаларнинг алоҳида тури бўлиб, улар билан динамик мувозанат ҳосил қилувчи тенденцияга қаратилган. Бу мувозанат системаларни, уларнинг ички ва ташқи муҳит билан ва ўша системалар ривожида, уйғун муносабатини таъминлайди.
АДЕКВАТ (adaeguatus – айнан акс эттириш, тенглаштирилган)– мувофиқ, тенг, эквивалент. Билиш назариясида А. ўзининг асл нусхасига – объектга мувофиқ келадиган образ, билим, деб ҳисобланади ва шунга кўра, улар ишончли бўлиб, объектив ҳақиқат табиатига эгадир. А.лик даражаси, яъни объектни акс эттиришнинг аниқлиги, чуқурлиги ва тўлалиги ҳақидаги масала нисбий ва абсолют ҳақиқатлар билан билимнинг тўғрилиги мезони ўртасидаги ўзаро муносабат муаммосига боғлиқ бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |