БИРИНЧИ БОБ ЮЗАСИДАН ХУЛОСАЛАР
Мактабгача таълим амалиёти ҳамда педагогик-психологик манбаларни ўрганиш натижалари шуни кўрсатадики, педагогика фанида сенсор тарбиянинг бола шахсини ҳар томонлама ривожлантиришда кенг имкониятларга эга эканлиги педагогик-психологик жиҳатдан етарлича асослаб берилган бўлсада, таълим амалиётида ушбу имкониятдан фойдаланилмаяпти.
Бола жамиятнинг аъзоси, мукаммал шахс сифатида муайян ижтимоий муҳитда камол топар экан, унинг бутун билиш жараёнлари, ўзига хос хусусиятлари ва руҳий ҳолатлари, онги ҳам ривожланади. Бунда сенсор тарбия имкониятларидан фойдаланиш кутилган самарадорликка эришишга кўмаклашади.
Сенсор тарбия воситасида болаларнинг идроки, тасаввури, онги, нутқи изчил ривожланади. Бунда мактабгача таълим жараёни алоҳида қулайликка эга.
Мактабгача ёшдаги болаларнинг сенсор тарбияси масалаларини ўрганиш шуни кўрсатадики, сенсор тарбиянинг мавжуд тизими болаларни фақат идрок қилинадиган хислатлар билан таништиришнигина эмас, шу билан бирга уларда бу хислатларни ажратиб кўрсатиш ва такрорлаш имкониятини берадиган ҳис этиб мўлжаллаш ҳаракатларини таркиб топтиришни ҳам назарда тутади.
Назарий ёндашувлар шуни кўрсатадики, сенсор жараёнлар боланинг дунёни англашига кўмаклашадиган дастлабки босқич сифатида намоён бўлиб, унинг тасаввурларини кенгайтириш орқали нутқини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Сенсор тарбия жараёнида болалар ҳиссиётлар орқали атроф муҳит, ундаги нарсалар ва воқеа-ҳодисаларни англаш, тушунишдан фикрлаш, ундан эса интеллектуал фаолликка босқичма-босқич ўтадилар. Шу билан бир қаторда, сенсор этолонлар болалар фаолиятини амалий ривожлантириш жараёнида асосий ўрин эгаллайди.
Сенсор тарбия турли хил ранг, ҳажм, шаклдаги буюмлар орасидаги ўзаро алоқадорликни таъминлаш ва уни бола тасаввурига сингдиришда муҳим аҳамиятга эга.
Мактабгача таълим жараёнида сенсор тарбия ва сенсор этолонларни тақдим этиш болаларни ҳар томонлама ривожлантиришда алоҳида ўрин эгаллайди. Шунинг учун ҳам болалар нутқини ривожлантиришда сенсор тарбиядан фойдаланишга йўналтирилган педагогик тизимни ишлаб чиқиш педагогиканинг долзарб масалаларидан бири ҳисобланади. Бунда асосий эътибор ҳис қилиш органлари фаолиятини турли машғулотлар орқали ривожлантиришга эмас, балки болаларнинг турли-туман фаолиятларини ташкил этиш асосида уларнинг сенсор имкониятларини кенгайтиришга йўналтирилади.
Мактабгача таълим жараёнида сенсор тарбия воситасида болаларнинг нутқини ривожлантириш асосида уларнинг амалий фаолият кўрсатиш доираси кенгаяди. Бундай ривожланиш айниқса, илк болалик даврида яққол намоён бўлишини мавжуд тажрибалар ҳамда педагогик-психологик изланишлар кўрсатмоқда.
Маълумки, бола нутқининг шаклланиши фикрлаш имкониятининг кенгайиши ва шахсий ривожланишнинг жадаллашувини таъминлайди. Бундай ривожланиш жараёни сенсор кўникмаларни шакллантириш ва мунтазам ривожлантириш асосида амалга оширилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |