Мактабгача ёшдаги болаларнинг ташқи дунёдаги нарса
ва ҳодисаларга бўлган муносабатини шакллантириш жараёни
Бу шуни кўрсатадики, мактабгача таълим муассасаларида сенсор тарбия воситасида болалар нутқини ривожлантириш учун махсус ташкил этиладиган машғулотлар алоҳида амалий аҳамият касб этади.
А.В. Запорожец[], А.П. Усова[], Н.П. Сакулина[], Л.А.Венгер[]ларнинг тадқиқотларида, мактабгача ёшдаги болаларнинг сенсор тарбияси, сенсор жараёнларга буюмлар, нарса ва ҳодисаларни ҳис қилиш, тасаввур этиш, англашни ривожлантириш ҳамда такомиллаштиришга қаратилган педагогик усул сифатида қаралади. Уни мураккаблаштиришнинг муҳим шарти буюмларнинг хусусиятларини аниқ тасаввур этишга қаратилган. Бу тарбиячилар томонидан болаларга изчил тизим асосида моддий борлиқдаги нарсалар, воқеалар, ҳодисаларнинг номлари, ўзига хос хусусиятларини ўргатишдан иборатдир. Л.А.Венгер[]нинг таъкидлашича, тарбиячилар болаларни сенсор эталонлар билан таништиришлари муҳим аҳамиятга эга.
Болаларни буюмларнинг номлари ва хусусиятлари билан таништириш мактабгача таълим муассасаларидаги амалга ошириладиган сенсор тарбиянинг мазмунини ташкил этиши лозим. Чунки, буюмларнинг номлари, ҳажмлари ва шаклларини ифодаловчи сўзлар уларнинг воқелик ҳақидаги тасаввурларини кенгайтиришга хизмат қилади. Буюмларнинг номлари, шакллари, ҳажмлари, ранглари ва уларнинг мазмунини тўғри идрок этиш болалар нутқининг ривожланиши учун зарурдир. Шу билан қаторда, бундай сўзларни ўзлаштириш натижасида болаларда ижодий фаолият тажрибалари шакллана бошлайди. Сенсор тарбия воситасида болаларнинг тинглаб идрок этиш кўникмаларини таркиб топтириш, улар нутқини ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга. Шундан келиб чиққан ҳолда сенсор тарбия олдига бир қатор вазифалар қўйилади.
Бола ҳаётининг биринчи йилида амалга оширилиши керак бўлган асосий вазифа, уни етарли даражада бой ва ранг-баранг ташқи таассуротлар билан таъминлаш, нарсаларнинг хусусиятларига эътиборини қаратишдан иборат. Болаларда буюмларни ушлашга бўлган интилиш шаклланганда унинг ҳаракатларини буюмларнинг фазовий ҳолатига қараб уларни ушлашга йўналтириш лозим. Бундай мослашиш натижасида аста-секин нарсаларнинг хусусиятлари бола учун муайян аҳамият касб эта бошлайди. Чунончи, кичкина буюмларни бир қўл, каттларни икки қўл билан ушлашга ҳаракат қиладилар, думалоқ нарсаларни кафтларини тутиб, тўртбурчак нарсаларни эса икки томондан бармоқлари билан ушлашга ўрганадилар.
Мактабгача таълим ёшидаги болаларнинг ривожланиш даражалари қуйидагиларда намоён бўлади:
Мактабгача ёшдаги болаларнинг руҳий хусусиятларида;
2,5 – 3, 2 – 6 ойлик болаларнинг ривожланиш кўрсаткичларида;
6 ойликдан – 1 ёшгача, 1 ёшдан- 2, 2 ёшдан – 3, 3 ёшдан – 5, 5 ёшдан - 7 ёшгача бўлган болаларнинг ривожланиш кўрсаткичларида.
Бу даврда таълим-тарбиянинг асосий методи - сенсор тарбия ҳисобланади. Янгидан-янги таассуротлар оқимини таъминлар экан, у нафақат сезги аъзоларининг ривожланиши учун, балки боланинг жисмонан ва руҳан соғлом бўлиб камол топишида алоҳида аҳамият касб этади. Маълумки, болалар сенсор тезкорлик хусусиятига эга.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, сенсор тараққиётнинг паст даражаси бола нутқининг ривожланмаслиги билан бир қаторда, ижодий фаолият тажрибасининг суст шаклланишига ҳам олиб келади.
Созанда, рассом, меъмор, ёзувчи, конструкторларнинг муваффақиятларини таъминловчи қобилиятлар қаторида нарса ва ҳодисалар шакли, ранги, товуши ва бошқа ташқи хусусиятларининг нозик фарқларини алоҳида теранлик, равшанлик ва аниқлик билан англаб олиш ва етказиб беришга имкон берувчи сенсор қобилиятлар ҳам муҳим ўрин туташи илмий жиҳатдан асосланган. Сенсор қобилиятлар манбаи – болаликнинг дастлабки даврларида эришиладиган сенсор ривожланишнинг умумий даражасидир.
Сенсор ривожланиш боланинг келажакдаги ҳаёти учун нақадар муҳим аҳамиятга эга эканлиги мактабгача таълим назарияси ва амалиёти олдига мактабгача таълим муассасаларида сенсор тарбияни амалга оширишнинг самаралироқ усул ва методларини ишлаб чиқиш ва қўллаш вазифасини қўймоқда. Сенсор тарбиянинг асосий йўналиши болаларни сенсор кўникмалар билан қуроллантиришдан иборатдир.
Сенсор кўникмалар мактабгача таълим педагогикасига М.Монтессори тадқиқотлари орқали кириб келганлигини алоҳида таъкидлаш керак. Бундай кўникмаларни болаларга сингдиришда буюмларнинг номи, шакли, ранги, ҳажми ва бошқа хусусиятларини фарқлаш учун боланинг сезги аъзоларини тизимли равишда машқ қилдириб туриш етарли эмас. Шу билан бир қаторда, бола ижтимоий тажрибани ўзлаштириш йўли билан ҳам ривожланади. Болалардаги сенсор кўникмалар инсоният томонидан яратилган ижтимоий тажрибани эгаллаши натижасида шаклланади.
Бола ҳаётда турли буюмларнинг ранг-баранг шакллари, ранглари ва бошқа хусусиятларига дуч келади. Шу билан бир қаторда, улар санъат намуналари – мусиқа, рангтасвир, ҳайкалтарошлик билан ҳам танишадилар ва уларни аста-секин ўзлаштирадилар. Бундай ўзлаштириш тарбиячининг педагогик раҳбарлигида амалга оширилганда самарали кечади. Бу ўринда сенсор тарбия воситасида болаларни инсоният томонидан тўпланган сенсор маданият билан изчил таништириш жараёни бошланади.
Сенсор тарбия воситасида болалар нутқини ривожлантиришда сенсор этолонлар ёрдамида буюмлар ҳақидаги тасаввурлар шакллантирилади ва кенгайтирилади.
Сенсор этолонларни ўзлаштириш – узоқ давом этувчи мураккаб педагогик жараёндир. Сенсор этолонларни ўзлаштириш буюмларнинг хусусиятларини тўғри англаш ва номларини ўзлаштиришдангина иборат эмас. Буюмларнинг ҳар бир хусусияти ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлиш, уларни таҳлил қилиш, ўзаро фарқлаш учун мазкур тасаввурлардан фойдалана олиш керак. Сенсор этолонларни ўзлаштириш – буюмларнинг хусусиятларини баҳолашда улардан ўлчов бирликлари сифатида фойдаланиш имконини беради.
Бола ҳаётининг иккинчи-учинчи йилида сенсор тарбиянинг вазифалари бир қадар мураккаблашади. Бу ёшда бола сенсор этолонларни ўзлаштиришга тайёр бўлмаса-да, унда нарсаларнинг номи, ранги, шакли, ҳажми ва бошқа хусусиятлари тўғрисидаги тасаввурлар ҳосил бўла бошлайди ва улар аста-секин бойийди. Бу эса болаларни нарсаларнинг рангба-ранг хусусиятлари билан таништириш заруриятини қўяди.
Мактабгача таълим амалиётида кичик мактабгача ёшдаги болаларни икки-уч хил ранглар ва шакллар билан таништириб, уларни эслаб қолиш ва номларини тўғри талаффуз этишни талаб қилишдек эскирган усулларни янги методлар билан алмаштириш лозим. Чунки бундай усуллар болалар нутқини ривожлантириш имкониятларини чеклайди. Шу билан бир қаторда, буюмларнинг бошқа хусусиятларини эътибордан четда қолдиришларига асос бўлади. Натижада, болалар идрокида ўзига хос чекланишлар вудужга келади. Агар бола, сариқ рангни таниб, зарғалдоқ ранг тўғрисида тушунчага эга бўлмаса, уни ҳам сариқ ранг сифатида идрок қилади.
Болалар нарсаларнинг турли хусусиятлари билан таништирилганда, уларнинг номларини эслаб қолишлари ва ўз ўрнида қўллашларини талаб қилишга интилиш зарур эмас. Муҳими, болалар буюмларнинг номлари ва хусусиятларини улар устида амаллар бажараётганда эсга олишларидир. Тарбиячи болалар билан машғулотлар ўтказар экан, буюмларнинг шакллари, рангларини ифодаловчи сўзларни қўллайди. Айни пайтда бу сўзларни такрорлашни болалардан талаб қилиш шарт эмас. Болалар мазкур сўзларнинг маъносини тўғри тушуниб олишлари муҳим аҳамиятга эга.
Кичик мактабгача ёшдаги болалар диққатини буюмларнинг номлари ва хусусиятларига жалб қилиш, мазкур сўзларни ўзлаштиришлари учун нарсаларнинг ҳажмларини ўзаро қиёслашга йўналтирилган топшириқлар устида ишлаш лозим.
Болалар дастлаб бундай топшириқларни бажаришга қийналадилар. Шунинг учун уларга буюмларнинг ҳажмларини ўзаро қиёслаш учун, уларни ўзаро яқин ҳолатда жойлаштириш талаб этилади. Болалар буюмларнинг ташқи хусусиятларини чамалашга ўргана бошлайдилар. Бу уларга ўзаро устма-уст жойлаштириб ёки яқинлаштириб бўлмайдиган нарсалар ўртасидаги ўхшашлик ва фарқларни уларнинг ташқи кўринишлари асосида аниқлаш имконини беради.
Ҳаётларининг учинчи йилида болалар содда маҳсулдор ҳаракатлар (мозаика йиғиш, ранглардан шакллар ҳосил қилиш, қурилиш лой, пластилин ва ёғочлардан содда нарсаларни ясаш)ни бажара оладилар. Бунда улар тасвирланаётган нарса ва фойдаланилаётган материал хусусиятларини ҳисобга олмайдилар, чунки уларнинг аҳамиятини тушунмайдилар. Шу сабабли болаларларни содда маҳсулдор вазифаларни бажаришга ўргатиш жараёнида, ҳар бир боланинг буюмларнинг номи, шакли, ҳажми, ранги ва бошқа хусусиятларини ўзлаштиришига эътибор қаратиш лозим. Уч ёшга тўлгач, болаларни сенсор тарбиялашнинг тайёрлов босқичи ниҳоясига етади. Бола ҳаётининг кейинги босқичларида уларда сенсор кўникмалар тизимли тарзда шакллантирилади.
Уч ёшдан бошлаб болаларни сенсор тарбиялаш жараёнида умумий тарзда қабул қилинган сенсор этолонлар ва улардан фойдаланиш усуллари билан таништириш жараёни бошланади.
Рангни идрок этиш соҳасида спектрнинг хроматик («рангли») деб аталувчи ранглари (қизил, зарғалдоқ, сариқ, яшил, мовий, кўк, бинафша) ва ахроматик – оқ, кул ранг, қора ранглар сенсор этолонлар бўлиб хизмат қилади.
Хроматик ранглар спектрда ёруғлик, яъни электромагнит тўлқинларининг узунлигига қараб қизилдан бинафша рангга қадар қатъий кетма-кетликда жойлашган. Спектрда кетма-кет жойлашмаган икки рангнинг аралаштирилиши улар ўртасида жойлашган оралиқ рангни ҳосил қилади, ёнма-ён турган рангларнинг аралаштирилиши эса, шу рангнинг бошқа бир тусини (қизғиш-зарғалдоқ, сарғиш-яшил) ҳосил қилади. Хроматик ранглар икки гуруҳ – иссиқ (қизилдан сариққа қадар) ва совуқ (яшилдан бинафша рангга қадар) рангларга бўлинади. Ҳар бир хроматик ранг ёки ранг туси муайян равшанлик ва бўёқдорликка эга. Равшанлик – мазкур ранг (тус)нинг оққа яқинлик, бўёқдорлик эса – унинг софлиги, яъни мазкур ранг билан шу ёрқинликдаги кул рангнинг аралашмаси даражасини билдиради.
Даставвал, болаларда хроматик ранглар: оқ ва қора тўғрисидаги тасаввурлар шакллантирилиб, ушбу рангларнинг номларини ўзлаштиришга имкон берадиган педагогик шароитлар яратилади. Тизимли сенсор тарбиянинг дастлабки даврида кичик ёшдаги болаларга ўргатилгани каби етти хил эмас, балки, қийин ўзлаштирилувчи мовий рангни истисно қилган ҳолда, олти хил рангни уларга ўргатиш мақсадга мувофиқдир. Болаларни мовий ранг билан бир қадар кечроқ таништириш лозим. Болалар дастлаб ранглар, уларнинг спектрда жойлашиш ўрни ҳамда иссиқ ва совуқ гуруҳларга ажратилиши тўғрисида тасаввурга эга бўлишлари керак. Болаларни ранглар билан таништириш оч кўк ва мовий рангларни уларнинг фарқларини аниқлаган ҳолда ўзаро қиёслаш имконини беради. Рангларнинг спектрдаги кетма-кетлигини ўзлаштириш натижасида эса, мовий рангнинг яшил ва кўк оралиғидаги ранг эканлигини англашларига кўмаклашади.
Кундалик турмушда кўп учрайдиган ранглар билан таништирилганда, уларнинг ёрқинлигига алоҳида эътибор қаратилади. Шунинг учун ҳам болаларга ранглар ва уларнинг номларини ўргатиш нутқини ривожлантириш учун муҳим аҳамиятга эга.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, айрим оч ёки тўқ ранглар кундалик ҳаётда алоҳида кўринишга эга. Масалан, оч қизил ранг пушти сўзи билан аталади. Болалар бундай сўзларни ўзлаштиришлари мумкин. Шу билан бир қаторда, мазкур рангнинг тўғри номи, яъни оч қизил сўзини ҳам ўзлаштиришлари лозим.
Буюмларнинг шаклини ифодаловчи этолонлар сифатида геометрик шакллар назарда тутилади. Болаларда сенсор кўникмаларни ҳосил қилиш жараёнида бундай шаклларни ифодаловчи сўзлар билар таништириш, уларда содда математик тушунчаларни ҳосил қилишдан фарқланади. Буюмларнинг шаклларини ифодаловчи сўзларни ўзлаштириш квадрат, тўғри тўртбурчак, доира, овал, учбурчак билан таништиришдан бошланади. Кейинчалик, бундай сўзлар сафини кенгайтириш мумкин. Бироқ, барча ҳолатларда ҳам буюмларнинг шаклларини ифоладовчи сўзлар ва улар маъноларини ўзлаштириш орқали муайян буюмнинг шаклини фарқлаш назарда тутилади. Тўғри тўртбурчак, овал ва доира болаларга буюмларнинг алоҳида шакли сифатида тақдим этилади.
Болаларга таништирилиши лозим деб ҳисобланган шакллар қуйидагилар: оваллар, айланалар, тўртбурчаклар, учбурчаклардан иборат. Бундай сўзлар болаларда буюмларнинг шаклларини идрок этиш кўникмасини ҳосил қилади ва шу асосда уларнинг сўз бойлигини ошириш имконини беради. Масалан, доира ликобча, думалоқ шар эса копток шаклини ифодалайди. Шу билан бир қаторда, буюмларнинг ҳажмли шаклларини ўргатиш қўшимча қийинчиликларни келтириб чиқариши мумкин.
Буюмларнинг ҳажмларини ифодаловчи сўзларни болаларга ўргатиш жараёни ҳам ўзига хос хусусиятларга эга.
Буюмларнинг ҳажми, одатда, уларнинг бир турдаги нарсалар қаторида эгаллаган ўрнига қараб белгиланади. Масалан, катта уй – бошқа кўплаб уйларга қараганда каттароқ. Шу тариқа, ҳажм этолонлар сифатида нарсаларнинг бошқа буюмлар қаторида тутган ўрнига ишора қиладиган сўзлар билан ифодаланадиган буюмларнинг ҳажмлари орасидаги муносабатлар тўғрисида тасаввур ҳосил қилинади. Бу тасаввурларни мураккаблаштириш камаювчи ёки кўпаювчи қаторни ташкил қилувчи икки-уч буюмни бир-бири билан қиёслашдан секин-аста кўплаб нарсаларни ўзаро чоғиштиришга ўтиш орқали намоён бўлади. Бу жараёнда сенсор тарбия бола тафаккурини ривожлантириш билан узвий тарзда боғланади. Мактабгача таълим жараёнида махсус топшириқлар болаларнинг имкониятларига мос тарзда танланиши лозим.
Мактабгача таълим жараёнида болаларни дастлаб намуналар асосида кейинчалик эса, махсус топшириқлар ёрдамида сўзлар ва тушунчалар билан таништириш керак. Тарбиячи ҳар бир буюмни кўрсатган ҳолда унинг номини такрорлар экан, болалар турли буюмларни ўзаро қиёслаш, айнан бир хилдагиларини танлаш, уларнинг номларини эслаб қолишга йўналтирилган топшириқлар устида ишлашлари лозим. Буюмлар билан ишлаш жараёнида болалардан уларни эслаб қолиш, номларини такрорлаш талаб этилади. Бу болаларда ҳар бир буюм ҳақидаги тасаввурнинг мустаҳкамланиши ва уларнинг номларини билиб олишга имкон беради.
Турли буюмлар ёрдамида топшириқлар бажариш жараёнини ташкил қилиш ўзига хос хусусиятларга эга. Болалар рангларни мустақил тарзда ҳосил қилганда уларнинг номларини эслаб қоладилар. Болаларни буюмларнинг шакллари ва уларнинг номлари билан таништириш давомида тарбиячи уларни чизиш, қўл ҳаракатини кўз билан кузатиш, кўриб ҳис қилиш ҳамда ўзаро қиёслашга изчил тарзда ўргатади. Нарсаларни ҳажмига кўра кетма-кетликда қатор жойлаштириш болаларда ҳажм ҳақидаги тасаввурларни шакллантиришга хизмат қилади. Бунда бола дастлаб намунадаги шаклга эътибор қаратади, сўнгра уларнинг элементлари орасидаги муносабатларни англай бошлайди.
Болалар ўзлаштирадиган ранг ва шаклларнинг асосий турлари, катталикларнинг нисбат тўғрисидаги тасаввурлар сенсор этолонларларга айланади ва турли-туман нарсаларни тадқиқ этишда намуна сифатида қўлланилади.
Бола муайян буюмнинг рангини хроматик ва ахроматик ранглар, кейинчалик эса уларнинг туслари тўғрисида олган тасаввурларини қўллаган ҳолда идрок этишга ўрганади. Нарсалар соф рангларга эга бўлганда буни амалга ошириш осон кечади, аммо ранглар мураккаб характерга эга бўлиб, таркибида турли ранглар аралашган бўлса, уларни идрок этиш жараёни мураккаблашади.
Мактабгача ёшдаги болаларга нарсаларнинг шакли, ҳажми, вазифаси, рангидаги фарқлар асосида гуруҳлашга ўргатилади. Сўнгра эса бир хил рангнинг турли тусларини намоён қилган нарсаларни гуруҳлаш кўникмаси ҳосил қилинади. Шундан кейингина тусларни ажрата олиш ва танишга ўтилади.
Болаларни нарсаларнинг шаклини тадқиқ этишга ўргатиш нисбатан қийинроқ, мураккаб жараёндир. Дастлаб буюмларнинг шаклларини ўзаро фарқлаш кўникмаси ҳосил қилинади. Бунга муайян шаклдаги буюмни унга ўхшаш буюм билан солиштириш орқали эришилади. Шундан сўнг турли нарсаларнинг номларини аташга ўтилади. Бироқ, кўпгина буюмлар бир-бирига яқин шаклга эга бўладилар. Аксарият ҳолларда буюмларнинг шакллари нисбатан мураккаб бўлади. Уларнинг умумий жиҳатлари, асосий қисмларининг шакллари, нисбатан майда қисмлари, уларнинг шакли, жойлашиши, алоҳида тўлдирувчи қисмларни ажратиб кўрсатиш мумкин.
Болалар нарсани маълум бир қолип бўйича тадқиқ этиш ва кузатишда қатъий кетма-кетликка риоя қилишга ўргатилади. Шаклнинг оғзаки таърифи ҳам худди шу тартибга мос келиши керак. Нарсани тадқиқ этишга ўргатишнинг барча босқичларида болаларнинг буюм ёки унинг қисмлари сиртини айлантириб чиздириш усулидан фойдаланиш мумкин. Бу болага сирти чизилаётган шаклни ўзлаштирилган этолонлар билан қиёслаш имконини беради.
Нарсаларни катталиги бўйича қиёслаётган пайтда кўз билан чамалаш кўникмасининг такомиллашиши таъминланади. Кўз билан чамалаш кўникмасини такомиллаштириш учун болаларни чамалашга оид мураккаброқ топшириқларни бажаришга йўналтириш лозим. Ўзаро катта-кичик буюмларни кўз орқали чамалаш уч ёшли болалар бажаришига мўлжалланган вазифадир. Ниҳоят, мактабгача ёш даври мобайнида болалар нафақат айрим нарсаларнинг ҳажми, балки улар ўртасидаги муносабатларни кўз билан чамалаб ўлчаш, яъни пропорцияларни кўз билан кўриб, баҳолашни ўрганадилар.
Болаларга нарсаларнинг ҳажмини тадқиқ этиш усулларини ўргатиш жараёнида уларни ўзаро устма-уст қўйиб аниқлашдан кўз билан чамалаб ўлчашга ўтишда оралиқ восита сифатида намоён бўладиган энг содда ўлчамдан фойдаланишни ўргатиш лозим. Масалан, намунадаги буюмга тенг бўлган нарсани танлаб олар экан, бола қоғоз парчаси билан намунани ўлчайди, сўнгра шу ўлчам асосида керакли катталикдаги нарсани излаб топади. Ўлчам билан ишлашни ўзлаштириш болаларни кейинчалик умум томонидан қабул қилинган ўлчамлар тизимини қўллай олишга ўргатади.
Мураккаб таркибли ранглар, шакллар, ҳажмлар уйғунлигини баҳолаш талаб қилинган ҳолларда болалар идрокида қийинчиликлар вужудга келади.
Нарсаларни ташкил этувчи элементлар ва улар ўртасидаги алоқаларни ажратиб кўрсатиш билан боғлиқ бирикмаларни идрок этиш таҳлилий идрок демакдир.
Айрим ранглар ва тусларни аниқ идрок эта олишнинг ўзи етарли эмас. Табиат ва санъат асарларида ранглар мураккаб ва ранг-баранг бирикмаларда намоён бўлади. Болани ушбу бирикмаларни тадқиқ этиш, айрим ранг тонларининг жойлашишидаги муайян маромни илғай билиш, иссиқ ранглар бирикмасини совуқ ранглар бирикмасидан ажрата олишга ўргатиш керак.
Буюмнинг шаклини аниқ идрок этиш нарсаларни хаёлан муайян шакл намуналарига мос келадиган алоҳида элементлар сифатида қисмларга ажратиш ва ушбу элементларнинг ўзаро муносабатларини аниқлашни талаб этади.
Буюмларнинг ҳажмларини таҳлилий идрок этиш мураккаб бутунликнинг қисмларини ажратиш ва бирлаштириш билан эмас, балки нарсалар ҳажмининг турли ўлчамлари – узунлиги, кенглиги ва баландлигини ажратиб кўрсатиш билан боғлиқдир. Аммо узунлик ёки кенгликни нарсанинг ўзидан ажратиб олишнинг имкони йўқ. Шунинг учун нарсаларни мазкур ўлчамлар бўйича қиёслаш энг тўғри йўл ҳисобланади. Бунда нарсанинг ўлчамлари ҳам нисбий характерга эга эканлигини унутмаслик керак: уларни аниқлаш нарсанинг борлиқда тутган ўрнига боғлиқ.
Шундай қилиб, 6 ёшгача бўлган болаларнинг сенсор тарбиясидаги асосий вазифаларни қўйидагича ажратиб кўрсатиш мумкин:
Ҳаётининг биринчи йилида болалар онгини таассуротлар билан бойитиш; болаларда ҳаракатланувчи, ёрқин ўйинчоқларни кузатиш кўникмаларини ҳосил қилиш, турли шакл ва катталикдаги нарсаларни ушлаб олишлари учун шароит яратиш;
Ҳаётининг иккинчи-учинчи йилларида болалар буюмларнинг ранги, шакли ва ҳажмини нарсаларнинг махсус белгилари сифатида ажрата олиш кўникмасини вужудга келтириш, уларнинг ранг ва шаклларнинг асосий турлари ҳамда икки хил ҳажмдаги нарсалар ўртасидаги муносабатлар ҳақидаги тасаввурларини кенгайтириш;
Ҳаётларининг тўртинчи йилидан бошлаб болаларда сенсор этолонлар: ранглар, шакллар ва ҳажмлар ўртасидаги муносабатлар тўғрисидаги барқарор тасаввурларни таркиб топтириш;
Болаларни рангларнинг туслари, геометрик шакллар намуналари ва катта миқдордаги нарсалар қаторидан иборат бўлган элементлар орасидаги муносабатлар билан таништириш.
Этолонларни шакллантириш билан бир пайтда болаларни буюмларни тадқиқ этиш усулларига ҳам ўргатиш лозим. Нарсаларнинг ранги ва шаклига қараб намуна этолонлар атрофига гуруҳлаш, турли шаклларни кетма-кетликда кузатиш ва таърифлаш, кўз билан чамалашга оид мураккаб топшириқларни бажариш шулар жумласидандир.10
Болаларда таҳлилий идрокни ривожлантириш эҳтиёжи ранг тусларини фарқлаш, буюмларни қисмларга ажрата олиш, ўлчамларини аниқлаш кўникмасини ҳосил қилиш сенсор тарбия воситасида болалар нутқини ривожлантириш жараёнининг муҳим вазифаларидандир.
Худди шу вазифалардан келиб чиққан ҳолда биз мактабгача таълим муассасаларида сенсор тарбия воситасида болалар нутқини ривожлантиришга йўналтирилган дидактик ўйинларни тақдим этдик (-иловага қаранг). Тажриба-синов ишлари жараёнида уларнинг самарадорлигини аниқлашга интилдик.
Биз томонимиздан тақдим этилган дидактик ўйинлар ва топшириқлар сенсор тарбия воситасида болалар нутқини ривожлантиришга йўналтиришган яхлит тизимни ташкил этсада, тарбиячилар муайян гуруҳларда болаларнинг имкониятларидан келиб чиққан ҳолда улардан саралаб фойдаланишлари мақсадга мувофиқдир.
Тавсия этилаётган ўйин ва топшириқлар тизими ёрдамида болаларнинг нутқини ривожлантиришга йўналтирилган маҳсулдор дидактик воситалар: расм чизиш, лой ва пластилиндан буюмлар ясаш кабиларни ўргатиш жараёнида уларнинг нутқини самарали ривожлантириш имконияти кенгаяди.
Сенсор тарбия воситасида нутқ ўстиришнинг маҳсулдор жараёни бола ҳаётининг учинчи йилида амалга ошади.
Бола уч ёшга тўлгач, сенсор тарбия воситасида улар нутқини ривожлантиришга йўналтирилган педагогик фаолиятнинг маҳсулдор усул ва воситаларини қўллаш тизимли тарзда амалга оширилиши лозим. Сенсор тарбия воситасида болалар нутқини ривожлантиришнинг маҳсулдор усулларидан бири, улар идрокини ривожлантиришга кўмаклашишдан иборатдир. Бу жараёнда ҳам маҳсулдор топшириқлар ва дидактик ўйинлардан самарали фойдаланиш тавсия этилади.
Кичик мактаб ёшидаги болалар учун сенсор тарбия воситасида нутқ ўстиришга йўналтирилган дидактик ўйинлар, топшириқлар изчил тарзда тақдим этилиши лозим.
3–5 ёшли болаларга тақдим этиладиган дидактик ўйинлар ва топшириқлар тарбиячилар томонидан табақалаштирилган ҳолда қўлланилиши лозим. Улардан фойдаланиш изчиллиги махсус рўйхатда келтирилган (-иловага қаратилган). Тарбиячи тавсия этилаётган дидактик ўйин ва топшириқларга ижодий ёндашган ҳолда, уларда сенсор тарбия воситасида нутқ ўстириш тизими билан уйғунлаштириши керак. Фақат нарсаларнинг турли хусусиятлари билан ишлашни назарда тутадиган вазифаларни бирин-кетин бажаришга эътибор қаратиш лозим. Акс ҳолда, болаларнинг эътиборлари буюмнинг фақат биттагина хусусиятига қаратилиб, бошқа жиҳатлари улар назаридан четда қолиши мумкин.
Кичик мактабгача ёшидаги болалар гуруҳларида тақдим этиладиган дидактик ўйинлар ва топшириқлар гуруҳли иш шаклига мос тарзда тузилиши керак. Бундай топшириқлардан болаларни атроф-муҳит билан таништириш машғулотларида самарали фойдаланиш мумкин.
Тақдим этилаётган аксарият ўйинлардан машғулотлардан ташқари – болалар билан ташкил этиладиган эркин фаолият жараёнида ҳам фойдаланилади (-иловага қаранг).
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ҳар бир дидактик ўйин ва топшириқнинг қулай, фойдалилиги болаларнинг ёши ҳамда тайёргарлик даражаларини ҳисобга олгандагина таъминланади. Шунинг учун ҳам, бундай дидактик ўйинлар ва топшириқлар мактабгача таълим муассасаларида сенсор тарбия воситасида болалар нутқини ривожлантириш талабларидан келиб чиққан ҳолда ихчамлаштирилиши ёки кенгайтирилиши мумкин.
Мактабгача ёшдаги болаларда идрок қилишнинг моҳияти ва уни ривожлантиришга оид қатор қонуниятлар мавжуд. Жумладан:
Идрок қилиш ва сезишга ретцептор жараёнлар сифатида эмас, рефлектор жараёнлар сифатида қараш, бунда идрок қилиш ва сезиш бирор буюмнинг тўлиқ намоён бўлиши, уларнинг сифатлари яққол ифодаланиши эмас, балки нарсаларнинг хусусиятларини ўрганишга қаратилган анализаторларнинг алоҳида ҳатти-ҳаракатидир. Идрокнинг ривожланиши эса, боланинг сенсор ҳаракатларни ўзлаштиришга қаратилган давомли жараёндир.
Болаларда идрокнинг ривожланиши ижтимоий ҳиссий тажрибанинг ўзлаштирилиши демакдир. Бундай шароитда боладаги ҳиссий қобилият кам ривожланган бўлсада, катталарнинг таъсири ёрдамида бундай қобилиятнинг ривожланиши учун авваламбор боланинг атроф-муҳитни билиш воситаси ҳисобланган перцептив кузатиш жараёни ҳаракатланади. Шундан кейин эса этолонлар тизими амал қилади. Натижада бола улардан фойдаланишни ўрганади. Ўз навбатида улар болаларнинг ҳиссий тажрибаларни баҳолаш мезони сифатида хизмат қилади.
Шунга кўра мактабгача таълим муассасаларида болалар нутқини ривожлантиришга қаратилган сенсор тарбия олдига қуйидаги вазифалар қўйилади:
Болаларда перцептив ҳаракатлар тизимини шакллантириш;
Болаларда сенсор эталонлар тизими – буюмларнинг номлари, хусусиятлари, ўзаро фарқли жиҳатлари, атроф-борлиққа бўлган муносабатлари ҳақида умумлашган тасаввурларни ҳосил қилиш;
Болаларда перцептив ҳаракатларни мустақил бажариш қобилиятини шакллантириш;
Болаларга идрок қилиш ва амалий фаолиятда эталонлар тизимидан фойдаланишни ўргатиш кабилар.
Сенсор тарбия мазмуни – болалар томонидан англаниши лозим бўлган буюмларнинг номлари, ҳодисаларнинг хусусиятлари ва сифатлари, улар ўз хусусияти ва фаолият турига кўра атроф-муҳитнинг ранг-баранглиги билан белгиланади.
Мактабгача ёшдаги болаларда эталонлар, буюмлар ва ҳодисаларни идрок этиш 3 даврга бўлинади:
3 ёшгача бўлган давр – бу эталондан олдинги сенсомотор давр ҳисобланади. Бу даврда бола айрим нарсаларнинг номлари ва хусусиятларини англайди. Уларнинг ранги, шакли, улар орасидаги масофа боланинг ҳаракат орқали идрок қилиш кўникмасини шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга.
5 ёшгача бўлган давр – бола буюм эталонлардан фойдаланади, яъни, бир нарсани иккинчисига қиёслаш орқали унинг хусусиятларини англай бошлайди. Масалан, овалсимон буюмларни бодринг ёки тухумга қиёслаши мумкин.
5 ёшдан 7 ёшгача бўлган давр – бу давр болалар томонидан тўпланган тажрибаларни умумлаштириш, катталар назорати остида умумқабул қилинган эталонларни билиб олиш босқичидир. Бунда нарсаларнинг хусусиятлари аниқ буюм мисолида, масалан, яшил майса, думалоқ олма, учбурчак том, ёғоч қалам каби тимсоллар орқали бола томонидан идрок этилади.
Қабул қилинган эталонларни ўзлаштириш ва перцептив ҳаракатларни ўрганиш бола идрокининг характерини ўзгартиради. Жумладан: у мустақил тарзда атроф-муҳитдаги нарсалар, воқеа-ҳодисаларни тасаввур эта бошлайди.
Идрокнинг ривожланиши натижасида сермаҳсул ҳаракат жараёни амалга ошади. Бундай фаолият боланинг илк ёшида унинг буюмларга таянган ҳолда амалга оширадиган ҳаракатлари билан боғлиқ бўлади. У улғайган сари фаолиятнинг бир қадар мураккаб турлари, жумладан, тасвирий, конструкциялаш, қуриш-ясаш кабилар таркиб топади. Боланинг сенсор ривожланишини таъминловчи, ундаги нутқ ва меҳнат фаолиятининг турли кўринишлари унинг тараққиётида алоҳида аҳамиятга эга.
Мактабгача ёш даврида болаларни нарса ва буюмларнинг хусусиятлари билан таништириш ҳамда уларнинг ҳиссиётларини уйғотиш имкониятини кенгайтириш талаб этилади. 3-4 та буюм билан таништиришнинг ўзигина боланинг ҳиссиётларини тарбиялаш учун етарли эмас. Таништириш чоғида буюмнинг номи, ранги, шакли, ҳажми кабилар тўла қамраб олиниши керак. Шу билан бир қаторда, машғулотлар давомида буюмларнинг турли мураккаб хусусиятларини болаларга ўргатиш тавсия этилмайди. Чунки бундай шароитда сенсор тарбия асосида болаларнинг нутқини ривожлантириш тизимини шакллантириш имконсиз. Бу жараёнда энг аввало буюмларнинг номи, ранги (қизил, яшил, сабзиранг, ҳаворанг, пуштиранг, оқ, қора), 5 та шакл (айлана, квадрат, тўғрибурчак, учбурчак, овалсимон), ҳажмнинг 3 хил кўриниши (катта, кичик, ўрта) қамраб олинади. Чунки биринчи навбатда болаларда ўша жисмнинг ранги, ҳажми, шакли ҳақида тасаввур ҳосил қилиш зарурияти мавжуд.
Мактабгача ёш давридан бошлаб буюмларнинг хусусиятларини изчил тарзда тизимлаштирган ҳолда ўргатиш дастурига юқоридаги рангларни киритиш мақсадга мувофиқдир. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ҳаворанг мактабгача катта ёшдаги болалар томонидан ҳам мустақил ранг сифатида қабул қилиниши бироз мушкул, ҳаворанг кўк ранг асосида яратилганлиги туфайли топшириқлар таркибига кўк ва ҳаворангни бир вақтнинг ўзида киритиш болаларга қийнчилик туғдиради. Мазкур босқичда болаларга 8 та мустақил рангни танитиш ва уларни ифодаловчи сўзларни ўргатиш мақсадга мувофиқдир. Шунингдек, 5 та жисм (айлана, квадрат, учбурчак, тўғритўртбурчак, овалсимон) ва 4 та ҳажм (катта, кичик, баланд, паст) ҳамда уларни ифодаловчи сўзлар билан таништириш лозим.
Болаларни буюмларнинг номлари ва хусусиятлари билан таништиришда уларнинг ранги, ҳажми, шакли назарда тутилади. Шундагина болаларда атроф-муҳит ҳақида дастлабки сенсор тасаввур ҳосил бўлади. Болаларга нарса ва буюмларнинг номлари ва хусусиятларини алоҳида-алоҳида ўргатиш натижасида улар нарсалар орасидаги алоқадорликни англай бошлайдилар. Болаларни ҳиссиёт орқали тарбиялаш ва улар нутқини ривожлантиришда муайян буюмларнинг номлари ва хусусиятларини изчил тарзда ўргатиш талаб этилади. Сенсор тасаввур шаклланаётган ва шу асосда нутқи бойиб бораётган мактабгача ёшдаги болалар билан амалга ошириладиган сенсор тарбия кўламини кенгайтириш ниҳоятда зарур.
Мактабгача илк ёш (2 ёш) даврида болаларда буюмларни ўзича номлаш, уларнинг шаклларини аташ бошланади. Мактабгача кичик ёшдаги болалар шакл ва рангларни нарсаларнинг белгилари сифатида англайдиган бўладилар. Табиийки, ранги, шакли ва бошқа белгилари ўзгариб турадиган нарсаларнинг огоҳлантирувчилик, хабар берувчилик аҳамияти, белгиларини англаш кичик ёшдаги болалар учун бир қадар мураккабдир. Мактабгача (3 ёш) кичик ёшдан бошлаб болага турли рангли мозаикалар билан ишлашни ўргатиш лозим. Ҳис қилишга кўмаклашадиган турли топшириқларни тўғри бажаришлари учун болаларни буюмларни ўзаро таққослаш, ажрата олишга ўргатиш зарур. Масалан: буюмларнинг шакли билан танишиш жараёнида уларни бир-бирининг устига тўғри қўя билиш, бир хил шакл ва рангдаги буюмларни бир тўғри чизиқ бўйлаб жойлаштиришга мунтазам ўргатиш талаб этилади. Нарсаларни уларнинг ташқи кўриниши асосида фарқлай оладиган болаларда ҳис қилиш орқали ҳаракатларни бажариш кўникмаси шаклланади. Чунки мазкур буюмларни уларнинг хусусиятлари асосида таққослаш кўникмаси ҳосил бўлади. Мактабгача кичик ёшдаги болаларни буюмларнинг турли хусусиятлари билан таништириш методи болаларга машғулот жараёнида бажариш учун бериладиган топшириқлар тизимини ишлаб чиқиш учун асос бўлиб хизмат қилади. Жумладан:
Муайян объектга қаратилган ҳаракатларни бажаришга йўналтирилган топшириқлар;
Бир хил турдаги нарсаларни уларнинг номи, ҳажми, шакли ва рангидан қатъи назар 2 гуруҳга ажратишга қаратилган топшириқлар; бунда болаларнинг диққати буюмларнинг хусусиятларига қаратилади. Бунинг учун 4 хил ҳажм, 5 шакл, 8 рангдаги бир хил буюмлар асосий восита бўлиб хизмат қилади. Машғулотлар давомида болаларга бажаришлари учун муҳим бўлган ҳаракат билан боғлиқ сўзлар ўргатилади: ранг, шакл, ҳажм;
Турли ҳажмдаги буюмларни чуқурчаларга жойлаштиришга қаратилган топшириқлар;
Ишлаб чиқилган элементар ҳаракатларни бажаришга йўналтирилган топшириқлар; бунда турли ҳажм, шакл, рангдаги мозаикалар тарбиячининг кўрсатмалари асосида жойлаштирилади.
Буюмларнинг номи, ранги, ҳажми ва шаклини ифодаловчи сўзлар уларнинг турли белгиларини кўрсатувчи маъноларга эга эканлиги болаларнинг онгига сингдирилади. Буюмнинг хусусиятларини намунада кўрсатилгани каби онгли равишда англашни ўргатиш сенсор тарбияга асосланган ҳолда болалар нутқини ўстиришга қаратилган машғулотларнинг асосий мақсади ҳисобланади. Турли ҳажм, шакл ва рангдаги мозаикалар бундай машғулотларда асосий ўқув қуроли ҳисобланади.
Турли бўёқлар билан ишлаш давомида машғулотларнинг мақсади болаларда буюмларнинг номи, хусусиятлари ва уларнинг белгилари билан боғлиқ тасаввурларини кенгайтириш, буюмнинг ранги, шакли ва ҳажмини мустақил тарзда ажрата олишга болаларни ўргатишга кўмаклашишдан иборат.
Бундай машғулотларни унда бажариладиган топшириқларни такомиллаштирган ҳолда изчил тарзда ўтказиш лозим. Машғулотларни бу тарзда ташкил этиш болаларнинг атроф-муҳит, ундаги буюмларга бўлган қизиқишларини орттириш, топшириқларни мустақил бажаришга ўргатиш имконини беради. Кузатишларимиз шуни кўрсатадики, баъзи болалар бундай топшириқларни бажаришга қийналадилар.
Машғулотлар давомида буюмларнинг номи, шакли, ҳажми, рангини ифодаловчи сўзлар тарбиячи томонидан мунтазам айтиб, такрорланиб турилади. Юқорида кўрсатиб ўтилганидек, мазкур сўзларни болалар мунтазам такрорлаб туришлари йўлга қўйилади.
Нутқ инсоннинг кундалик турмуши ва турли соҳалардаги фаолияти давомида вужудга келадиган, бошқа одамлар билан мулоқатга киришиш эҳтиёжини қондиришни таъминловчи муҳим жараёндир. Ушбу фаолиятнинг энг оддий усулларини инсон болалик давридаёқ катталар билан мулоқотга киришиш орқали эгаллайди. Бироқ, нутқни инсоннинг турли соҳалардаги фаолияти жараёнида юзага келадиган мулоқотни таъминлай оладиган даражага етказиш учун нутқ ўстиришга йўналтирилган махсус машғулотларни ташкил этиш муҳим аҳамиятга эга. Шахснинг муайян фаолияти унинг нутқи учун табиий, ижтимоий асос бўлиб хизмат қилади. Бунинг учун биринчи навбатда мактабгача таълим муассасаларида сенсор тарбия асосида болалар нутқини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиш талаб этилади.
Мактабгача кичик ёшдаги болаларда ўйин фаолияти устивор бўлади. Шунинг учун ҳам улар нарсаларнинг номи ва турли хусусиятларини ўйинлар жараёнида ўзлаштирадилар. Тарбиячилар ва ота-оналар болалар билан бўладиган мулоқот ва машғулотлар давомида уларга она тилимизнинг сўз бойлигини ўргатиб боришлари лозим. Бунинг учун боланинг ҳар бир саволига эринмасдан, батафсил жавоб бериш муҳим аҳамиятга эга. Чунки сўз орқали бола моддий борлиқни англайди ва ўз фикрини ифодалайди, ҳиссиётларини баён қилади.
Мактабгача кичик ёшдаги болалар сўз, ибора ва гапларни қизиқиб ўрганадилар ҳамда осонгина эсда сақлайдилар. Бу ёшдаги болаларнинг хотираси мустаҳкам ва кучли бўлади. Кичик ёшдаги болаларга тарбиячилар ҳамда ота-оналар турли сўз ва ибораларни ўргатаётганларида турли ўйинлардан фойдаланишлари мақсадга мувофиқдир. Бунинг натижасида боланинг сўз бойлиги кенгаяди. Лекин кичик ёшдаги ҳамма болалар ҳам ўрганаётган сўзларининг маъноларини тўлиқ англаб етмайдилар.
Шунинг учун ҳам уларга ҳар бир сўзнинг маъносини нарса ва буюмлар, атроф-олам билан боғлиқ ҳолда тушунтириш лозим. Улар учун содда ва қизиқарли ўйинлар, тез айтишлар ташкил қилиш, эртаклар айтиб бериш ёки суратларга қараб эртак ўйлаб топиш, шеър ва ашулаларни ёд олдириш муҳим аҳамият касб этади. Тарбиячилар нутқ ўстиришга қаратилган машғулотларни шундай ташкил этишлари керак-ки, болалар ҳар бир буюм ҳақида аниқ тасаввур ҳосил қилишлари лозим. Кичик ёшдаги болалар учун нашр этилган эртак китоблар турли-туман рангли ва қизиқарли суратларга бой бўлиши керак. Бундай китоблар биринчи навбатда болаларнинг ҳиссиётлари, нутқи ва идрокини бойитишга хизмат қилади. Болалар учун чоп этилган китобларда табиатни асраб-авайлаш, ҳайвонот дунёсини билиш ва севишга ундаш мақсади асосий ўрин эгаллайди. Шу билан бир қаторда, мазкур китоблардан жой олган эртаклар ва табиат манзаралари болаларнинг нутқини ўстиришда муҳим восита бўлиб хизмат қилади.
Қизиқарли эртаклар, ҳикоялар биринчи навбатда болаларнинг ҳиссиётига таъсир қилади ва уларни яхши-ёмонни фарқлашга ўргатади. Ёд олинган кичик ҳажмдаги шеър ва қўшиқлар бола нутқининг равон, аниқ, ифодали ва содда бўлишини таъминлайди. Тарбиячилар болаларда табиатга меҳр уйғотишда дарахтлар, қушлар ёки бошқа нарсалар ҳақидаги кичик ҳажмдаги шеърларни ёд олдиришлари ва уларнинг мазмунини тушунтиришлари мақсадга мувофиқдир. Қушларнинг инсонларга фойда келтириши шу кичик шеър орқали ифодаланганини болаларга тушунтиришлари зарур. Шеър ёки қўшиқни айтишдан олдин болаларга улар мазмунида ифодаланган воқеалар, манзаралар ҳақидаги рангли расмларни кўрсатиш ва улар ҳақида суҳбатлашиш мақсадга мувофиқ. Натижада болаларнинг тасаввури кенгаяди, ҳиссиётлари ривожланади.
Мактабгача кичик ёшдаги болаларнинг оғзаки нутқини бойитишда эртак, афсона, достонлар муҳим аҳамият касб этади. Уларда ифодаланган воқеалар ва сўзлар аниқ, сермазмун, равон ва боланинг ўзлаштириши учун қулай тарзда танлаб олинган. Тарбиячи нутқ ўстириш машғулотларида шундай адабиётлардан фойдаланиши зарур. Ҳозирги чоп этилаётган деярли барча китоблар боланинг қандай ёшда эканлигини ҳисобга олган ҳолда тузилган ҳамда эртакнинг мазмунини тушунишга ёрдам бериш билан бирга болалар нутқини бойитишга кўмаклашади.
Мактабгача кичик ёшдаги болаларнинг нутқини ривожлантириш жараёнида халқ томонидан яратилган мақоллар, топишмоқлар, тез айтишларни тарбиячилар машғулотлар орқали болаларга етказади. Тарбиячининг ўзи ҳам қандай машғулот ўтишидан қатъий назар аниқ, равон, ифодали, содда ва бола тушунадиган оҳангда сўзлаши лозим.
Ўйинлар ёрдамида болаларнинг тасаввурлари ва таассуротлари кенгаяди. Бундай машғулотларни ташкил этиш биринчи навбатда тарбиячиларнинг билимдонлиги ва педагогик маҳоратига боғлиқ. Ўйин жараёнида тарбиячи ўз фикрларини аниқ, равон, болаларга тушунарли тилда баён қилиши лозим. Бола ўз тилида эмас, балки катталарга тақлид қилган ҳолда фикр баён қилишга интилади.
Оғзаки нутқи ривожланган бола ўз фикрини тўғри ифодалай олади. Нутқ бой, сермазмун бўлишининг асосий шартларидан бири айтилган ҳар бир сўзнинг тўғри талаффуз қилинишидир. Агар бола сўзлардаги баъзи ҳарфларни талаффуз қила олмаса, улар билан махсус мутахассис (логопед, дефектолог) шуғулланиши лозим. Масалан: ш, р, ж, ё, ч, з, ғ, с, қ ҳарфларини тўғри талаффуз эта олмаслик кузатилганда. Бундай ҳолларга тарбиячилар бефарқ бўлмасликлари керак. Аксинча тарбиячилар машғулот давомида оғзаки нутқида нуқсони бўлган болаларнинг хатоларини бартараф этиши ва ота-оналар билан ҳамкорликда уларнинг нутқлари устида ишлашлари зарур.
Машғулотдан ташқари вақтларда тарбиячи болалар билан мулоқотга киришганда ўзи ва тарбияланувчиларнинг нутқига алоҳида эътибор қаратиши керак. Сайру-саёҳатлар, дидактик ўйинлар жараёнида ҳар бир боланинг нутқи устида якка тартибда ишлаш мақсадга мувофиқдир. Сўзларни бўғинларга бўлиш, товушнинг баланд-пастлигига риоя қилиш алоҳида аҳамиятга эга. Агар бола парранда ёки ҳайвонларнинг номларини айтишга қийналса уларнинг овозларига тақлид қилиб такрор-такрор машқ бажаришга эътибор қаратган ҳолда иш олиб борилади. Кузатишларимиз давомида бундай машғулотлар бола нутқини ривожлантиришда самарадорликка эришиш имконини берганлигига гувоҳ бўлдик.
Тарбиячи болаларга эртак ёки ҳикояларни ўқиб берганида асарнинг бадиий тилига алоҳида эътибор қаратиши, унда учрайдиган нотаниш сўзларни уларга мунтазам тушунтириб бориши талаб этилади.
Бола нутқини ривожлантириш учун тарбиячи тез айтишларни турли хил овоз тембрида оҳангларга риоя қилган ҳолда ўқиб бериши лозим. Тарбиячи машғулот давомида жарангли ва жарангсиз товушларнинг фарқини тушунтириши, қайси ўринда қандай ишлатилиши ҳақида ҳам болаларни хабардор қилиши керак. Болалар ҳам ўз овозларини ўзгартириб ёки қушлар ва ҳайвонларнинг товушларига тақлид қилиб ўз фикрларини баён қиладилар. Ўйин машғулотларида тарбиячи болалар товушларни қандай талаффуз қилаётганликларига эътибор қаратиши лозим. Ўйин (миллий ўйинларга аҳамият бериш) жараёнида болалар маънавий-ахлоқий жиҳатдан шаклланиб ўзларини шахс сифатида намоён қила бошлайдилар. Атрофдагилар билан мулоқот машғулотларига тайёрланиш жараёнида болалар турли хил руҳий ҳолатларни кечирадилар. Мактабгача таълим муассасаларида тарбияланаётган аксарият болалар оддий ўйинлар билан шуғулланишга мойил бўладилар. Бунинг асосий сабаби ўйин машғулотларининг дидактик жиҳатдан етарлича такомиллаштирилмаганлиги, мактабгача таълим жараёнида қўлланиладиган ўйинлар болаларнинг кундалик ҳаётлари билан боғланмаганлигидадир. Болалар машғулотларнинг дастлабки босқичида ўйинларнинг мазмуни ва бориши билан таништирилишлари, иккинчи босқичида эса асосий ролларни бажарувчилар саралаб, танлаб олиниши лозим. Ўйин машғулотларининг бундай тарзда ташкил этилиши болаларнинг жадал ривожланишига кўмаклашади.
Ўйин машғулотлари ва ўйинчоқлар қанчалик ҳаётий бўлса, болаларнинг уларга бўлган қизиқиши шу қадар ортади. Машғулотлар жараёнида тарбиячи ўйинчоқ шаклида намоён бўладиган ҳар бир образнинг номи ва кундалик ҳаётда бажарадиган вазифасини болаларга батафсил тушунтириши лозим. Шу билан бир қаторда, ўйинчоқларни ўйнаш усуллари билан ҳам болалар яқиндан таништирилишлари талаб этилади. Ҳар бир ўйин машғулотида ҳосил қилинган кўникма ва малакалар мунтазам мустаҳкамланиши ҳамда болалар нутқидаги ўзгаришлар тарбиячи томонидан назорат қилиниши мақсадга мувофиқдир. Ролли ўйинлар ўйнаш, диалогга киришиш, ўйинчоқлар билан мулоқот ўрнатиш, ўз яқинларининг исмларини айтиб, буюмларнинг нима учун ишлатилишини айтиб бериш асосида болаларнинг нутқи изчил ривожланади. Болалар аксарият ҳолларда ўзаро мос келадиган сўзлар тузишга ҳаракат қиладилар. Бунинг натижасида уларнинг фикрлари, ҳиссиётлари, идроклари уйғун тарзда ривожланади.
Тарбиячи болаларни расмларга қараб сўз бирикмалари ва гап тузишга ўргатиши муҳим аҳамиятга эга. Тарбиячилар олдинги нутқ ўстириш машғулотида берилган материалларни янгиси билан уйғунлаштирган ҳолда такрорлаб мустаҳкамлаб боришлари керак. Бунинг натижасида болаларда ҳосил бўлган нутқий кўникмалар такомиллашади.
Мактабгача кичик ёшдаги болалар нутқини сенсор тарбия воситасида ўстиришда сўзларни тўғри талаффуз қилишга ўргатиш, янги сўзларнинг маъносини тушунтиришга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Болаларни босқичма-босқич сўз бирикмалари ва гаплар тузишга ўргатиш муҳим аҳамиятга эга. Чунки болалар у ёки бу нарса, воқеа-ҳодисалар ҳақидаги ўз фикрларини гаплар ёрдамида баён қиладилар. Машғулотлар давомида тарбиячилар болаларнинг ҳар бир саволига аниқ ва самимий жавоб қайтаришлари лозим. Шу тариқа уларнинг нутқи самарали ривожланади ва учрайдиган нуқсонлар бартараф этилади.
Болалар кундалик ҳаётларида турли воқеа ва ҳодисалар, буюмларга дуч келадилар. Тарбиячилар ва ота-оналар улар ҳақида болаларда аниқ тасаввур ҳосил қилишлари керак. Нарсаларнинг номлари, ҳаётий вазифаси ҳақида болаларга тўлиқ маълумот бериш талаб қилинади. Бу боланинг оғзаки нутқидаги камчиликларни бартараф этиш, йўл қўядиган хатоларини тузатишга имкон беради. Шунингдек, болаларда янги билим ва тасаввурлар ҳосил бўлади, ҳодисалар ва буюмларнинг номлари, сифат ва хусусиятларини ўрганадилар.
Мактабгача кичик ёшдаги болалар луғатини бойитиш, нутқининг равон, силлиқ ва таъсирчанлигини таъминлашда уларга шеърлар ёдлатиш, эртаклар ўқиб бериш алоҳида аҳамиятга эга. Тарбиячи болаларга ўқиб бериш учун шеърлар ва эртаклар танлаш давомида мазмун ва услуб жиҳатдан уларнинг ёши, тушуниш даражасига мос келишига алоҳида эътибор қаратиши керак. Бунда ўқилаётган эртакдаги айрим сўз ва иборалар устида болалар билан биргаликда ишлаш, бир томондан, эртакнинг мазмунини осон ҳамда тўлиқ ўзлаштиришга ёрдам берса, иккинчи томондан, уларнинг сўз заҳирасини бойитиш, ўқилаётган эртакдаги воқеаларни тушуниш имкониятларини кенгайтиради.
Нутқ фаолиятининг ривожланиши боланинг интеллектуал тараққиёти давомида амалга ошади. Шу нуқтаи назардан бола нутқ фаолиятининг такомилашиши қуйидаги икки йўналишда амалга ошади:
Боланинг нутқ фаолияти атрофдагилар билан кундалик мулоқот жараёнида такомиллашади.
Боланинг нутқ фаолияти махсус машғулотлар жараёнида бойиб, ривожланиб боради.
Машғулотларда тарбияланувчилар томонидан амалга ошириладиган ҳар қандай фаолият тарбиячининг режаси бўйича ўтказиладиган таълимий ўйинлар, машғулотлар билан чекланган бир ёқлама фаолиятдир. Шу сабабли нутқ фаолияти учун зарур бўлган барча руҳий кечинмалар тарбиячи томонидан турли таълимий усул ва воситалар ёрдамида сунъий равишда юзага келтирилади. Бундай таълимий усул ва воситалар болалар онгига ташқаридан таъсир этишга мўлжалланганлиги учун улар ҳар доим ҳам керакли руҳий кечинмани юзага келтира олмайдилар. Бунинг натижасида бола нутқини ривожлантиришда бир қатор қийинчиликлар вужудга келади. Тарбиячилар буни ўз вақтида англаб, зарур педагогик чора-тадбирларни қўллашлари керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |