84-м о д д а. Экспертиза
Ишни кўриш вақтида келиб чиққан, фан, санъат, техника ёки ҳунар соҳасида махсус билим талаб қиладиган масалаларни тушунтириш учун суд ишда иштирок этувчи шахсларнинг илтимосига кўра ёки ўз ташаббуси билан экспертиза тайинлаши мумкин.
Экспертиза судда ўтказилади ёки текширишнинг хусусияти тақозо этса ёхуд текшириладиган буюмни судга келтиришнинг имкони бўлмаса ёки келтириш қийин бўлса, суддан ташқарида ўтказилади.
Экспертиза тайинлаш тўғрисидаги ажримда қандай масалалар бўйича экспертларнинг хулосаси талаб қилинаётганлиги ва экспертиза ўтказиш кимга топширилаётганлиги кўрсатилган бўлиши лозим.
Экспертларни тайинлашда суд ишда иштирок этувчи шахсларнинг фикрини эътиборга олади.
Экспертиза тегишли муассасаларнинг экспертлари ёки суд тайинлайдиган бошқа мутахассислар томонидан ўтказилади.
Хулоса бериш учун зарур билимга эга бўлган шахс эксперт қилиб тайинланиши мумкин.
1. Ҳуқуқшунос-мутахассис низоли масалаларни ҳал этиш учун қонунчиликни қанчалик яхши билмасин ҳаётда шундай жумбоқли масалалар бўладики, уларни чуқур таҳлил қилмасдан суд одилона ҳал қилув қарорини чиқаришга ожизлик қилади. Шу туфайли суд (судья) масаланинг ечимини топиш учун соҳа мутахассисига мурожаат этишга тўғри келади.
Экспертиза-(французча-expertise, лотин тилида эса expertus-опўтнўй) тажрибали маънони англатиб, мутахассиснинг қатор масалаларни текшириши тушунилади.
Экспертлар ҳуқуқ ҳақидаги масалаларни ҳал этмайди, улар фақат тегишли далолатларнинг мавжудлиги ёки йўқлигини аниқлайди.
Иш учун муҳим аҳамиятга эга бўлган ҳолат-исботлаш воситаси бўлиб, экспертнинг хулосаси бўлиб ҳисобланади.
2. Ишни текшириш вақтида келиб чиққан фан, санъат, техника ёки ҳунар соҳасида махсус билим талаб қиладиган масалаларни тушунтириш учун суд тарафларнинг ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг илтимослари бўйича ёки ўз ташаббуси билан экспертиза тайин қилиши мумкин.
Экспертнинг хулосаси исботлаш воситаси ҳисобланади. Экспертиза эса-билимдон ёки ҳунарманд шахсларнинг ёрдамида далилларни текшириш усули бўлиб кўрилади.
Экспертиза судда фактларни текшириш вақтида зарур бўлиб қолади, чунки судьяларда махсус билимлар бўлмаганлиги туфайли баъзи фактлар суд томонидан текширилиши ва тўғри баҳоланиши анча мураккаб бўлиши мумкин.
Экспертиза ҳар турли масалалар бўйича тайинланиши мумкин, чунончи фуқаролик руҳий ҳолати текширилганида психиатрия экспертизаси, ёзувлар, хатлар текширилганида криминалистик экспертиза ва шу каби экспертизалар тайинланиши мумкин.
Экспертиза воситасида фактлар таҳлил қилинади. Фактларни экспертлар фан нуқтаи назаридан ёки ўзларининг махсус тажрибаларига асосланиб тушунтирадилар.
Экспертлар ўз хулосасини бериш учун далилларни текширишлари, материаллар билан танишишлари, гувоҳларга ва тарафларга саволлар беришлари мумкин.
Экспертлар ўз хулосасини беришда далилларни текшириш йўли билан белгиланган фактларга ва ўзларининг махсус билимларига асосланадилар. Экспертизани экспертларнинг фикрларига тенглаштирмаслик керак. Экспертиза далилларни текшириш жараёни бўлса, экспертларнинг фикрлари эса иш учун аҳамиятли бўлган ҳолатларни текшириш натижаси, исботлаш воситаси (далил) бўлиб ҳисобланади.
Модомики, экспертиза далилларни текшириш усули бўлар экан, экспертнинг хулосаси эса исботлаш воситаси бўлар экан, демак экспертиза муайян процессуал тартибда ўтказилган бўлиши лозим.
Экспертиза судда ўтказиладиган ёки текширишнинг характери бўйича зарар бўлса ёхуд текшириладиган предметни судга келтириш мумкин бўлмаса ёки қийин бўлса суддан ташқарида ўтказилади.
3. Экспертиза тайин қилиш тўғрисидаги ажримда қандай масалалар бўйича экспертларнинг фикри талаб қилиниши ва экспертиза ўтказиш кимга топширилганлиги кўрсатилган бўлиши лозим. Экспертларни тайинлашда суд ишида иштирок этаётган шахсларнинг фикрларини эътиборга олади. Экспертиза тегишли муассасаларнинг экспертлари ёки суд тарафидан тайинланадиган бошқа мутахассислар томонидан ўтказилади. Бундай муассасалар, чунончи: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги суд экспертизаси институти, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни Сақлаш вазирлиги қошидаги суд-медицина экспертизаси ва шу каби бошқа экспертиза муассасалари бўлиши мумкин.
Одатда экспертизани суд ўз ташаббуси билан тайинлайди, аммо тарафлар суд тайинлаган экспертларнинг текшириш ўтказишига қарши чиқишлари уларга четлатиш ҳақида (отвод беришлари) мумкин.
Тарафлар экспертларга саволлар беришлари уларнинг хулосалари тўғрисида ўз фикрларини айтишлари, такрор экспертиза ўтказилиши тўғрисида илтимос қилишлари мумкин.
Текшириш ўтказиш учун экспертларни танлаш ҳуқуқи судга берилган. Бу масала юзасидан тарафларнинг ўзаро келишувлари суд учун мажбурий эмас. Шу билан бирга тарафларнинг ҳар қайсилари бир неча экспертлардан қайси бирини эксперт қилиб тайинлаш лозимлиги тўғрисида ўз фикрларини айтишлари мумкин, аммо масалани узил-кесил суд ҳал қилади.
Суд амалиётидан мисолларга эътибор берайлик:
1) Уй-жойнинг қиймати ҳал қилув қарори чиқарилаётган вақтдаги низоли уй жойлашган ҳудудда амалда бўлган нархдан келиб чиққан ҳолда белгиланади.
Эр-хотиннинг бошқа мулклари қийматини, уларнинг ишлатилганлик даражасини ҳисобга олган ҳолда аниқлаш учун, зарур ҳолларда, тегишли экспертиза тайинлаш мумкин1.
2) Жиноят объекти бўлган мулк қийматини аниқлашда унинг эгаси томонидан ҳарид қилиниши ҳолатлардан, жиноят содир этилган вақтидаги давлат улгуржи нархидан, бозор ёки комиссион нархлардан келиб чиқиши лозим. Мулк қийматини аниқлаш имконияти бўлмаганда, у тегишли мутахассислар жалб қилиниб, эксперт хулосасига кўра белгиланади2.
Do'stlaringiz bilan baham: |