85-м о д д а. Экспертларнинг хулосаси талаб қилинадиган масалалар доирасини белгилаш
Ишда иштирок этувчи шахслар экспертлар томонидан тушунтирилиши лозим бўлган масалаларни судга тақдим этишга ҳақли. Экспертларнинг хулосаси талаб қилинадиган масалалар доирасини суд узил-кесил белгилайди. Суд таклиф қилинган масалаларни рад қилса, буни асослаб бериши шарт.
1. Ҳар қандай фуқаролик иши бўйича экспертиза тайинлаш бу эксперт учун тадқиқот, таҳлил билан боғлиқ ишдир. Экспертиза тайинлаш икки усулда: 1) тарафлар ёки ишда иштирок этувчи шахсларнинг талаблари ва 2) суд (судья)нинг ташаббуси билан. амалга оширилади.
Судья ишда иштирок этувчи шахсларнинг қандай саволлар эксперт томонидан тушунтирилиши лозим бўладиган масалаларни аниқлайди ва агар экспертни жалб этиш лозим бўлса, ажримда аниқланиши лозим бўладиган қатор саволлар аниқ-тиниқ қўйилиши лозим.
Агар ишда иштирок этувчи шахслар томонидан қўйилган саволларда ортиқча аҳамиятсиз саволлар учраса, уларни тадқиқот ишидан чиқарилади.
Эксперт олдига қўйиладиган ечимини топиш лозим бўладиган масалалар саволлар тариқасида лўнда, тушунарли бўлиши судьяга боғлиқ бўлади.
Фуқаролик ишини ҳал қилиш ва экспертиза ўтказиш учун қўйилган масалалар доираси кенг бўлса, уни аниқлаш доирасини суд белгилаши лозим.
Суд экспертиза ўтказиш ҳақида ажрим чиқарилиши билан экспертнинг иши унумли бўлиши учун ишга оид қандай ҳужжатлар бўлса улар билан таништириш ва бошқа лозим турли хилдаги ҳужжатларни унга тақдим этиши керак.
86-м о д д а. Экспертнинг мажбуриятлари ва жавобгарлиги
Эксперт қилиб тайинланган шахс суднинг чақируви бўйича келиши ва ўз олдига қўйилган масалалар юзасидан холис хулоса бериши шарт. Агар эксперт суд узрсиз деб топган сабабларга кўра суднинг чақируви бўйича келмаса, унга энг кам иш ҳақининг беш бараваригача миқдорда жарима солинади. Била туриб ёлғон хулоса берганлик, суд узрсиз деб топган сабабга кўра хулоса беришдан бош тортганлик учун эксперт Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишинча 238 ва 240-моддалари бўйича жавобгар бўлади.
1. Ушбу қоидада экспертнинг иш кўриш билан боғлиқ процессдаги барча ҳуқуқлари билан бир қаторда унинг мажбуриятлари ҳам кўрсатилган, шунинг учун ҳам ҳар қандай эксперт ўзининг берган хулосаси учун шахсан масъул ҳисобланади. Экспертлар бажарадиган вазифалари билан одил судловни амалга оширишга кўмаклашувчи шахслар қаторига киради. Эксперт бошқа шахслар билан бир қаторда одил судловни амалга оширишга кўмаклашувчи шахслар ўз тушунтиришларини оғзаки ёки ёзма равишда баён қилишга, ёзувлардан фойдаланишга, шунингдек ушбу Кодексда ўзларига берилган бошқа процессуал ҳуқуқлардан фойдаланишга ҳақлидирлар.
Одил судловни амалга оширишга кўмаклашувчи шахслар ўз зиммаларига юклатилган процессуал мажбуриятларни бажаришлари лозим (ФПКнинг 36-моддаси).
2. Раислик қилувчи эксперт ва мутахассисга уларнинг ҳуқуқлари ҳамда мажбуриятларини тушунтиради, экспертни била туриб ёлғон хулоса берганлик, хулоса беришдан бош тортганлик учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишинча 238 ва 240-моддаларига мувофиқ жавобгар бўлиши тўғрисида огоҳлантиради (ФПКнинг 172-моддаси).
3. Гувоҳ, эксперт ёки мутахассис суд мажлисига келмаган тақдирда, суд ишда иштирок этувчи шахсларнинг ишни гувоҳ, эксперт ёки мутахассис келмаса ҳам кўриш мумкинлиги ҳақидаги фикрини эшитиб, ишни судда кўришни давом эттириш ёки ишни кўришни кейинга қолдириш тўғрисида ажрим чиқаради. Агар чақирилган гувоҳ узрсиз деб топган сабабларга кўра суд мажлисига келмаса, у судга ҳурматсизлик қилганлиги учун Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 180-моддасига асосан жавобгарликка тортилиши мумкин.
Агар чақирилган гувоҳ иккинчи чақирув бўйича ҳам суд мажлисига келмаса, у суднинг ажримига биноан мажбурий тартибда келтириши мумкин.
Эксперт ёки мутахассиснинг суд мажлисига келмаганлиги ушбу Кодекснинг 86 ва 91-моддаларида назарда тутилган оқибатларга сабаб бўлади (ФПКнинг 176-моддаси).
4. Экспертнинг асосий мажбуриятларидан бири бўлиб фуқаролик иши юзасидан аниқ ва холисона хулоса беришдан иборат. Шунинг учун ҳам қонунда унинг масъулиятини ошириш мақсадида маъмурий, жиноий жавобгарлиги назарда тутилган.
Фуқаролик қонунчилиги экспертга бажарилиши лозим бўлган мажбуриятлари билан бир қаторда, агар суд томонидан ажримда кўрсатилган ва экспертнинг жавоб бериши лозим бўлган масалалар бўйича тегишли маълумотга эга бўлмаса ёки бу соҳадаги ихтисоси бўлмаса хулоса беришдан бош тортишга ҳақлидир.
Суд экспертизаси жиноят процессуал қонунчилигида айбдорнинг тақдири билан боғлиқ бўлса, фуқаролик процессуал қонунчилигида эса ҳимоя қилишга қаратилганлигини эътиборга олган ҳолда иш юзасидан бериладиган хулосага ниҳоят маъсулият билан қараш лозим.