363-м о д д а. Ҳал қилув қарори, ажрим ва қарорни янги
очилган ҳолатлар бўйича қайта кўрадиган
судлар
Қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори янги очилган ҳолатлар бўйича шу ҳал қилув қарорини чиқарган суд томонидан қайта кўрилади. Биринчи инстанция суди чиқарган ҳал қилув қарорини ўзгартирган ёки янги ҳал қилув қарори чиқарган апелляция, кассация ёки назорат инстанцияси судларининг ажрим ва қарорини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш ҳал қилув қарорини ўзгартирган ёки янги ҳал қилув қарори чиқарган суд томонидан амалга оширилади.
1. Янги очилган ҳолатлар бўйича ишларни қайта кўришга оид ишлар даъво тартибида, алоҳида тартибда, шунингдек давлат органлари, мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари ва қарорлари устидан бериладиган шикоят ва аризалар бўйича кўрилган ишлар судга тааллуқлидир. Бу турдаги иш юритишнинг ўзига хос хусусиятларидан бири қонуний кучга кирган суднинг ҳал қилув қарори ажрим ва қарорларини қайси суд ишни кўриб якунлаган бўлса, шу суд ишни қайта кўриб чиқишга ҳақли эканлиги билан фарқланади.
Қонуний кучга кирган суднинг ҳал қилув қарорлари, ажрим ва қарорларини назорат тартибида қайта кўришда эса, бундай тартиб фақат қонунда белгиланган юқори судлар томонидан кўриб ҳал этилади (ФПКнинг 350-моддаси). Бу қоидага кўра, назорат тартибида протест келтириш тўғрисидаги ариза тегишли юқори суднинг раисига ёки протест келтириш ҳуқуқига эга бўлган прокурорга берилади.
Янги очилган ҳолатлар бўйича суд қарорини қайта кўришда, ушбу қоида мазмун-моҳияти билан фуқаролик ишларини қайси суднинг судловига тегишли эканлигини билдириш билан унга риоя этиш лозимлигини ҳам назарда тутади.
2. Юқоридаги қоидаларни шарҳлашда суд ўзи қабул қилган қарорларини фақат қонунда кўрсатилган ҳоллардагина қайта кўриши қайд қилинган эди. Қонунда иш бўйича ҳал қилув қарори ўқиб эшиттирилганидан кейин шу қарорни чиқарган суднинг ўзи уни бекор қилишга ёки ўзгартиришга ҳақли эмаслиги, сиртдан чиқарилган ҳал қилув қарорлари бундан мустасно эканлиги белгиланган (ФПКнинг 212-моддаси). Бироқ, қонунда кўрсатилган ҳолларда қарордаги айрим арифметик хатоликларни тузатиш (ФПКнинг 213-моддаси), янги очилган ҳолатлар бўйича (ФПКнинг 363-моддаси) қарор чиқарган судда қайта кўриш ҳуқуқини беради. Шунинг учун ҳам (ФПКнинг 363-моддаси) қонуний кучга кирган биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўрилиши, илгари ишни кўрган судда иш кўрилиши лозимлигини кўрсатиб ўтади.
Агар юқори (апелляция, кассация, назорат инстанциялари) судлар биринчи инстанция судининг қарорини ўзгартирган, бекор қилган ёки янги қарор, ажрим қабул қилган бўлса, янги очилган ҳолатлар бўйича манфаатдор шахс ана шу юқори судларга мурожаат этиши лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |