361-м о д д а. Ишни назоpат таpтибида кўpаётган суднинг
ваколатлаpи
Суд ишни назоpат таpтибида кўриб, ўзининг ажpими ёки қаpоpи билан:
1) ҳал қилув қаpоpини, ажpим ёки қаpоpни ўзгаpишсиз, пpотестни эса қаноатлантиpмай қолдиpишга;
2) ҳал қилув қаpорини, ажpим ёки қаpоpни бутунлай ёхуд қисман бекоp қилишга ва ишни янгидан кўpиш учун биpинчи инстанция суди ёки апелляция ёхуд кассация инстанцияси судига юбоpишга;
3) ҳал қилув қаpоpини, ажpим ёхуд қаpоpни бутунлай ёки қисман бекоp қилишга ва иш юpитишни тугатишга ёхуд аpизани кўрмасдан қолдиришга;
4) иш бўйича илгаpи чиқаpилган ҳал қилув қаpоpи, ажpим ёки қаpоpдан биpини ўз кучида қолдиpишга;
5) ҳал қилув қарори, ажрим ёки қарорни ўзгартиришга ёхуд бекор қилишга ва ишни янгидан кўриб чиқиш учун юбормасдан, янги ҳал қилув қарори чиқаришга ҳақли.
1. Юқорида келтирилган қоиданинг мазмунидан кассация инстанцияси суди ваколатидан суд назорати органларининг ваколати кенг эканлиги кўриниб турибди. Назорат тартибида иш кўрувчи суд ҳал қилув қарори, ажрим ёки қарорни, аниқроғи апелляция, кассация инстанцияси суди ажрими ва қуйи суд органларининг ажрими ва ҳал қилув қарорларини бекор қилиб, янги қарор чиқариши мумкин. Назорат инстанцияси суди келтирилган протестни суд мажлисида кўриб, уни рад қилса, ўз қарорида (ажримида) протест важларининг нотўғрилигини батафсил кўрсатиб, протест келтирилган суд қарорини ўзгаришсиз қолдиради.
Иш янгидан кўришга юборилгандан кейин биринчи инстанция суди, олдинги ҳал қилув қарори қайси асослар билан протест келтирилганлиги ва бекор қилинганлигидан қатъи назар, ишни умумий тартибда кўради.
Суд назорат тартибида протест келтириш ваколатига эга бўлган мансабдор шахсларнинг келтирган протестни қаноатлантириб, ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдириб, кейинги шу иш бўйича ажрим ва қарорларни бекор қилиши ёки назорат тартибида чиқарилган қарорни бекор қилиб, кассация инстанцияси судининг ажримини ўз кучида қолдириши мумкин.
Агар иш бўйича бир неча ҳал қилув қарори, ажрим ва қарорлар чиқарилган бўлса, назорат инстанцияси суди уларнинг биттасини тўғри ва қонуний деб топиб, уни ўзгаришсиз қолдириб, қолган ҳал қилув қарорлари, ажрим ёки қарорларни бекор қилиш ҳуқуқига эга.
Назорат инстанцияси суди кўрилаётган ишни тўлиқ текшириш билан бирга ишни протестга асосан қайта кўрсада, протестда келтирилган асослар ва протестда бекор қилиниши сўралган қарорларнигина бекор қилиши шарт эмас. Масалан, протестда ҳал қилув қарорини асоссиз ёки қонуний эмас, деган хулосага келса, иш бўйича чиқарилган ҳал қилув қарорини бекор қилиши, агар бундай қарор қонуний деб топилса, ўзгаришсиз қолдириши мумкин.
Назорат тартибида ишни қайта кўрувчи судларнинг ваколати фақат суд назорати органларига протест келтирилган ишга ва шу ишлар бўйича чиқарилган қарор ёки ажримга тегишлидир. Бинобарин, назорат инстанцияси суди шикоят иши юзасидан чиқарилган ҳукмга келтирилган протестни кўришни, шу ишдан келиб чиққан фуқаролик иши бўйича чиқарилган ҳал қилув қарорининг асослантирилганлиги ва қонуний эканлигини муҳокама қилишга ҳақли эмас.
Назорат тартибида суднинг ҳал қилув қарори ёки бошқа қарорларнинг тўғри ва қонунийлиги масалаларини ҳал қилишда назорат инстанцияси суди ишдаги ҳар бир далилга алоҳида эътибор бериб, барча далилларни бирга текшириб, ўзининг ички ишончи асосида янги қарор чиқаришга ҳақли.
Назорат тартибида фуқаролик ишини қайта кўрувчи суд протестга берилган қўшимча далилларни эътиборга олади. Далиллар деганда протестга илова қилинган ҳужжатлар, гувоҳларнинг ёзма кўрсатувлари, маълумотномалар ва ёзма фикрлар тушунилади. Бу далилар иш бўйича аниқланган фактларни тасдиқлагани ёки рад қилгани туфайли, ишни назорат тартибида кўриш ва ҳал қилишда аҳамиятлидир.
Аммо протестда янгидан келтирилган далиллар, илова қилинган ҳужжатлар назорат инстанцияси суди учун янги қарор қабул қилишга асос бўла олмайди, чунки бундай далиллар ҳақида тарафлардан бири хабарсиз бўлиши, эътироз билдириш имкониятидан маҳрум бўлиб қолиши мумкин. Назорат тартибида ишни кўришга келтирилган далиллар, албатта, биринчи инстанция суди муҳокамасининг предмети бўлиши керак. Баъзи ҳолларда тарафлардан бирининг назорат тартибида берган шикоятига қўшилган ёзма далиллар қалбаки бўлиши, бу эса ўз навбатида назорат инстанцияси судининг нотўғри қарор қабул қилишига олиб келиши мумкин.
Юқори суд - назорат тартибида ҳал қилув қарори ва ажримини текширишда ишдаги далилларга баҳо бермай туриб, суд қарорларининг қонунийлигини аниқлай олмайди. Шунинг учун назорат тартибида ишни қайта кўрувчи суд далилларнинг асослантирилганлигини текширади, уларни таққослаб, баҳолайди. Бусиз суд одил судлов ҳужжати бўлган қарор ёки ажримни чиқаришда холисона ички тушунча ҳосил қила олмайди.
Назорат инстанцияси суди биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори бўйича тўпланган далилларга мувофиқ бўлишини, низони мазмунан кўрган суд томонидан далилларга тўғри баҳо берилганлигини текширади.
Тегишли суд Раёсатлари ва Республика Олий суди судлов ҳайъатида кўрилган туркум иш юзасидан ўзлари чиқарган қарор ва ажримларда ишни кўриши лозим бўлган қуйи судларга кўрсатмалар беради. Дастлабки ҳал қилув қарори бекор қилингандан кейин, ишни мазмунан кўрувчи судлар учун бу кўрсатмаларнинг мажбурийлиги шу маънодаки, янгидан ишни кўрганда суд барча масалаларни муҳокама қилиши, ишни назорат тартибида кўриб, чиқарилган қарор (ажрим)да кўрсатилган барча процессуал ҳаракатларни амалга ошириши лозим. Масалан, гувоҳларни чақириш, ҳужжатлар талаб қилиб олиш, далилларни текшириш, процессуал бузилишларга йўл қўймаслик, жавобгар, даъвогар ва учинчи шахсларни ишга жалб қилиш каби қарор (ажрим)да кўрсатилган ҳаракатларни бажаради.
Суднинг ҳал қилув қарорлари, ажримлари ёки қарорларини назорат тартибида бекор қилиш асослари ФПКнинг 97, 100, 312, 314-моддаларида кўрсатилган.
Назорат тартибида иш кўриш жараёнида, агар асослар бўлганда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Пленуми, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, фуқаролик ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди, фуқаролик ишлари бўйича вилоят судлари ва Тошкент шаҳар судининг раёсатлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати иш бўйича айрим масалалар юзасидан хусусий ажрим чиқаришлари мумкин.
Республика Олий судининг Пленуми одил судлов тизимида махсус ўринни эгаллайди. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми Ўзбекистон Республикасида энг юқори суд инстанциясидир. У Республика ҳудудида барча суд органлари устидан назорат олиб боради ва у ёки бу қуйи судларнинг ҳал қилув қарори ва ажримларининг қонунийлиги ва асослантирилганлиги ҳақида берган кўрсатмалар ҳамда судларга айрим туркумдаги ишларни умумлаштириш бўйича тушунтиришлар беради.
2. Агар биринчи инстанция суди томонидан тегишли далилларга баҳо берилмаган ёки тақдим қилинган далиллар кўрмасдан қолдирилган бўлса ишларни назорат тартибида кўрувчи суд, иш бўйича янги суд қарорини чиқаришга ёки ҳал қилув қарорини ўзгартиришга ҳақли бўлмайди, чунки бу материаллар қуйи судларда муқаддам муҳокама қилинмаганлиги асос бўлади.
3. Ҳал қилув қарори, ажрим ёки қарорни ўзгартириш деганда, қарорнинг қарор қилиш қисмига киритилган айрим ўзгартиришлар, масалан, давлат божини тақсимлашга оид ундирилган суммани ундирувчилар ўртасида тақсимлаш ва ҳоказоларни тушуниш лозим1.
Суд амалиётидан назорат тартибида кўрилган ишлардан мисоллар келтирамиз:
1) Ер давлат мулки бўлиб, қонунда белгиланган ҳоллардан ташқари олди-сотди, айирбошлаш, ҳадя ва гаров шартномаларининг объекти бўла олмайди.
Ш. Э.га нисбатан судга даъво билан мурожаат этиб, “Дўстлик” жамоа хўжалигида жойлашган 0,06 га ер участкасини хўжалик бинолари билан тегишли тартибда расмийлаштирмасдан сотиб олганлигини кўрсатиб, ушбу олди-сотди шартномасини ҳақиқий деб топишни сўраган.
Суд Ш.нинг даъвосини рад этган.
Апелляция инстанцияси суди ҳал қилув қарорини бекор қилиб, иш бўйича янги қарор чиқарган. Ш. ва Э.лар ўртасида тузилган олди-сотди шартномаси ҳақиқий деб топилган.
Олий суднинг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати 2002 йил 3 май куни қуйидаги асосларга кўра апелляция инстанцияси судининг ажримини бекор қилиб, ҳал қилув қарорини кучида қолдирган.
Ер кодексининг 16-моддасига мувофиқ, ер давлат мулки бўлиб, қонунда белгиланган ҳоллардан ташқари олди-сотди, айирбошлаш, ҳадя ва гаров шартномасининг объекти бўла олмайди.
Иш ҳужжатларидан кўринишича, Ш. 0,06 га ер участкасини Э.дан 200.000 сўмга сотиб олган бўлиб, унга қонунда белгиланган тартибда қурилиб рўйхатдан ўтказилган иморатлар мавжуд эмас, бу ҳолда ер участкаси қонунга мувофиқ олди-сотди шартномасининг предмети бўла олмайди2.
Шу ўринда қуйидаги мисолни келтирамиз.
Do'stlaringiz bilan baham: |