358-м о д д а. Пpотестни кўpиш таpтиби
Назоpат таpтибида келтирилган протестни кўpишда ушбу Кодекснинг 333, 335 ва 336-моддаларида баён этилган қоидалар шу бобда баён этилган истиснолаpни ҳисобга олган ҳолда қўлланилади.
Судлов ҳайъатида, суд Раёсати ва Пленумида раис ёки унинг топшиpиғига биноан илгаpи ишни кўpишда қатнашмаган судья, Раёсат ёки Пленум аъзоси иш юзасидан маъpуза қилади.
Маъpузада: ишнинг ҳолатлаpи, иш бўйича чиқаpилган ҳал қилув қаpоpи, ажpим ёки қаpоp, шунингдек пpотестнинг мазмуни баён этилади.
Ишда иштиpок этувчи шахслаp иш кўpиладиган вақт ва жой ҳақида хабардор қилинмаган бўлишларига қарамай, судга келган ҳолларда ҳам суд мажлисига киpитиладилаp. Бу шахслаp судга иш бўйича маъpуза қилинганидан кейин тушунтиришлар беpадилаp.
1. Назорат инстанцияси судида иш кўриш тартиби апелляция, кассация инстанцияси судларида шикоят ва протестларни кўриш қоидаларига бир мунча ўхшаш бўлса-да, айрим хусусиятлари инобатга олинган ҳолда кўрилади.
Назорат инстанцияси судида ишлар асосан суд ва прокуратура органларининг ваколатли мансабдор шахслари томонидан келтирган протестларга асосан ёки ишда иштирок этувчи шахсларнинг берган аризалари асосида протест келтириш ҳуқуқига эга бўлган шахслар томонидан берилган протестлар бўйича кўрилади. Назорат тартибида кўриладиган фуқаролик ишлари вилоят ва унга тенглаштирган судларнинг Раёсатларида, Ўзбекистон Республикаси Олий судида эса: Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида, Олий суд Раёсатида ҳамда Олий суднинг Пленумида кўрилади. Булардан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг раёсати мазкур суднинг округ ва ҳудудий ҳарбий судлари томонидан кўрилган ишлар устидан чиқарган апелляция ва кассация ажримлари устидан келтирилган протестлар бўйича ишларни, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Ҳарбий ҳайъати Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди раёсатининг қарорлари устидан шунингдек, шу суднинг биринчи инстанция, апелляция, кассация тартибида кўрилган ишларни кўради.
Юқоридаги судларда назорат тартибида кўриладиган фуқаролик ишлари ФПКнинг 333-336-моддаларида баён этилган қоидалар ва шу бобда кўрсатилган айрим истисноларни ҳисобга олган ҳолда кўрилиши белгиланган.
Юқорида баён қилинган судлов ҳайъатида, суд Раёсати ва Пленумида раис ёки унинг топшириғига кўра илгари ишни кўришда қатнашмаган судья, Раёсат ёки Пленум аъзоси иш юзасидан маъруза қилиши, маърузада: ишнинг ҳолатлари, иш бўйича чиқарилган ҳал қилув қарори, шунингдек протестнинг мазмуни баён этилади.
2. Суд мажлисига ишда иштирок этувчи шахслар ишни кўриш вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилинадилар. Агар ишда иштирок этувчи шахслар иш кўриладиган вақт, жой ҳақида хабардор қилинмаган бўлишларига қарамай, суд мажлисига келган ҳолларда ҳам суд мажлисига киритиладилар, бу шахсларнинг иш бўйича маъруза қилинганидан кейин тушунтиришлар беришлари ушбу қоидада ўз ифодасини топган.
Суд мажлисида иш юзасидан протест келтирган прокурор ҳам иштирок этиши лозим.
Суд мажлисида маърузачи ишнинг ҳолати, қуйи судларнинг қарорлари ва уларнинг мазмуни иш юзасидан берилган протест келтириш тўғрисидаги ариза, келтирилган протестнинг мазмуни ва назорат инстанцияси судида иш юритиш учун асос бўлган ҳолатлар баён қилинади. Маърузачига айрим масалалар бўйича суд таркибидаги судьялар савол беришлари мумкин.
Ишда иштирок этувчи шахслар суд мажлисида қатнашсалар, ўзларининг тушунтиришларини беришлари, бунда биринчи бўлиб ариза берган шахс ёки протест келтирган прокурор сўзлаши лозим.
Агар иш ҳайъат таркибида кўрилса назорат инстанцияси суди ажрим чиқаради, суд раёсатларида, Пленумда кўрилган тақдирда суд қарори чиқарилади.
Назорат босқичида иш кўриш ва иш юзасидан келтирилган протест бўйича чиқариладиган суд ҳужжатларининг фарқига эътибор бериш лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |