357-м о д д а. Ишни назорат тартибида кўриш доираси
Суд ишни назорат тартибида кўрганида биринчи инстанция ва апелляция ёки кассация инстанцияси судларининг моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини ишдаги мавжуд материаллар бўйича протестда келтирилган важлар доирасида қанчалик тўғри қўллаганликларини текширади.
Башарти, суд қарорида бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бузилган бўлса, суд протест доирасидан четга чиқиши мумкин.
1. Ушбу шарҳланаётган қоиданинг мазмунига қараганда назорат инстанцияси суди биринчи инстанция, апелляция ва кассация инстанцияси судларининг ҳал қилув қарори ва ажримларини текшириш билан асосан, шу судлар томонидан моддий ва процессуал ҳуқуқий нормаларни иш кўриш жараёнида қанчалик тўғри қўллаганликларини текширишдан иборатдир.
Фуқаролик ишининг назорат тартибида қайта кўрилиши ҳақида хабардор қилинган тарафларга, суд лозим топган ҳолларда, ишнинг тўла текширилиши ва тўғри ҳал қилиниши мақсадида далиллар келтириш, тушунтиришлар бериш ҳуқуқига эга бўлишларини таъкидлайди.
Суд ишни назорат тартибида кўришда ишда мавжуд бўлган ва қўшимча тақдим этилган материаллар бўйича ҳал қилув қарорлари, ажрим ва қарорларнинг протест қилинган қисмини ҳам, протест қилинмаган қисмини ҳам, шунингдек протестда кўрсатилмаган шахсларга нисбатан қонунийлиги ва асослилигини текширади. Суд протестдаги важлар билан чегараланмай, шуни тўла ҳажмда текширишга мажбур. Протестнинг назорат тартибида кўрилишида ФПКнинг 314, 315, 358-моддаларига ҳамда назорат инстанциясида иш юритишга оид қоидаларга риоя қилинади.
2. Назорат тартибида келтирилган протестни кўришда, суд қуйи судлар томонидан қабул қилган қарорларнинг қонуний, асосли, адолатли эканлиги, ишда тўпланган далилларнинг дахлдорлиги ҳамда; ишдаги мавжуд материаллар протестда келтирилган важлар доирасида қанчалик тўғри қўлланилганлигини текширади.
3. Қонунда, агар биринчи инстанция, апеллятция ҳамда кассация инстанцияси судларнинг ҳал қилув қарори ва ажримида бошқа шахсларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари бузилганлигини аниқлаган тақдирда, назорат инстанцияси суди протест доирасидан четга чиқишга ҳақли.
Назорат инстанцияси суди экспертиза тайинлашга ҳақли бўлмаса-да, зарур ҳолларда мутахассиснинг хизматидан фойдаланиши мумкин.
4. Ишни назорат тартибида келтирилган протест асосида судда кўришда, қуйи судлар томонидан ФПКнинг 313, 314-моддаларида қанчалик эътибор берилганлиги атрофлича текширилиши талаб этилади.
5. Судлар кассация ва назорат инстанцияларида ишларни кўришда берилган шикоят ва келтирилган протестда баён этилган барча важларга муносабат билдиришлари, назорат инстанциясига берилган шикоятларда кўрсатилган важларга батафсил ва асослантирилган жавоб беришлари лозим.
Вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг раёсатлари туманлараро фуқаролик судларида кўрилган фуқаролик ишларини назорат тартибида кўришлари учун, мазкур ишни апелляция ва кассация тартибида кўришда қатнашган судьяларни ҳисобга олмаган ҳолда, қолган Раёсат аъзоларининг кўпчилиги ҳозир бўлганда ваколатли ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |