Суднинг ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори билан боғлиқ ишга оид ажрими устидан хусусий шикоят берилиши ёки хусусий протест келтирилиши мумкин.
1. Шарҳланаётган моддага асосан ҳакамлик судининг қарори билан боғлиқ бўлган суд ажрими устидан ишда иштирок этаётган шахслар томонидан шикоят бериш йўли билан ҳам прокурор томонидан хусусий протест келтириш йўли билан ҳам шикоят бериш мумкин.
Хусусий шикоятлар ва протестлар Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 37-бобида белгиланган тартибда берилади ва кўрилади. Мазкур ажримлар устидан суд томонидан ажрим топширилган кундан эътиборан ўн кун ичида тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахслар апелляция инстанцияси судига суднинг ҳал қилув қароридан алоҳида шикоят беришлари, прокурор эса, протест келтириши мумкин.
352-боб. ҲАКАМЛИК СУДИНИНГ ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИНИ БЕКОР ҚИЛИШ ТЎҒРИСИДАГИ ИШЛАРНИ ЮРИТИШ
3094-м о д д а. Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори юзасидан низолашиш
Ҳакамлик муҳокамаси тарафи ҳакамлик судининг судга тааллуқли низога доир ҳал қилув қарори юзасидан ушбу қарорни олган кундан эътиборан ўттиз кун ичида судга ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисида ариза бериш йўли билан низолашиши мумкин. Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги ариза ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори қабул қилинган жойдаги судга берилади. Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисида ариза берилганлиги низо бўйича иш юритиш суд томонидан тугаллангунига қадар ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг ижроси бўйича иш юритишни тўхтатиб туради.
1. Ҳакамлик муҳокамасининг тарафи, у даъвогар ёки жавобгар бўлишидан қатъи назар, ҳакамлик судининг қарорини бекор қилиш мақсадида ваколатли судга мурожаат қилиши мумкин. Бунда шуни билиш муҳимки, низо айни шу фуқаролик ишлари бўйича судга тааллуқли бўлиши керак. Маълумки, ҳакамлик суди ҳам фуқаролик ҳам хўжалик низоларини кўриб чиқиши мумкин. Судга тааллуқлиликни аниқлашда низонинг бир томони жисмоний шахс эканлиги тўғрисидаги асосий мезонни қўллаш лозим.
Ҳакамлик судининг қарорини бекор қилишни истаган тараф, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини олган кундан бошлаб ўттиз кун ичида судга мурожаат қилиши зарур. Ҳакамлик судининг қарори дарҳол кучга киради, ҳакамлик суди судьяси унинг қарор қисмини суд мажлиси залида эълон қилишга ҳақли, лекин қарорнинг асослантирувчи қисми у эълон қилинган пайтдан эътиборан ўн кун ичида томонларга юборилиши шарт. Ҳакамлик муҳокамаси томонининг қарорни амалда олган кунидан бошлаб қарор олинган деб ҳисобланади.
2. Мазкур модданинг иккинчи қисмида ҳакамлик судининг қарорини бекор қилиш тўғрисидаги ариза бериладиган жой белгиланган. Умумий қоидаларга кўра, мазкур ариза қарор қабул қилинган туманда фаолият кўрсатадиган судга берилади. Бунда гап ҳакамлик судининг жойлашган жойи ҳақида эмас, балки ҳакамлик муҳокамаси ўтказиладиган жой хусусида бормоқда. Масалан, агар иш Тошкент шаҳар Сирғали туманида жойлашган ҳакамлик суди томонидан, Юнусобод туманида жойлашган жавобгарнинг идорасидаги сайёр мажлисда кўриб чиқилган бўлса, унда ариза фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судига берилиши даркор. Ҳакамлик суди ҳал қилув қарорлари юзасидан низолашилганда тарафлар биринчи инстанция фуқаролик ишлари бўйича судига мурожаат қиладилар. Фуқаролик ишлари бўйича суд қарорлари устидан низолашилганда эса тарафлар юқори судларга апелляция, кассация шикояти бериш (протести келтириш) билан мурожаат қиладилар.
3. Модданинг учинчи қисми ҳакамлик суди қарорининг ихтиёрий ижросини ҳам унинг мажбурий ижросини ҳам тўхтатиб турилиши мумкинлигини назарда тутади. Ҳакамлик судининг қарорини бекор қилиш тўғрисидаги ариза кўриб чиқилгунига қадар қарорнинг ижроси тўхтатиб турилади. Ҳакамлик судининг қарорини бекор қилиш тўғрисидаги ариза кўриб чиқилгунига қадар қарорнинг ижросини тўхтатиб туришдан мақсад тарафларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, қарорнинг ижро этилиши натижасида келиб чиқиши мумкин бўлган ҳуқуқий оқибатларнинг олдини олишдан иборат.