183-м о д д а. Гувоҳларни сўроқ қилиш тартиби
Ҳар бир гувоҳ алоҳида сўроқ қилинади.
Сўроқ қилинмаган гувоҳлар ишни кўриш вақтида суд мажлисида бўлишлари мумкин эмас.
Раислик қилувчи гувоҳни сўроқ қилишдан олдин унинг шахсини, ёшини, машғулот турини, шу ишга алоқасини ҳамда тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахслар билан ўзаро муносабатини аниқлайди, шунингдек уни била туриб ёлғон кўрсатув берганлик, кўрсатув беришдан бош тортганлик ёки бўйин товлаганлик учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишинча 238 ва 240-моддаларига мувофиқ жавобгар бўлиши тўғрисида огоҳлантиради. Шундай кейин раислик қилувчи гувоҳга: «Иш юзасидан ўзим билган барча маълумотларни судга айтиб беришга қасам ичаман. Фақат ҳақиқатни, бор ҳақиқатни ва танҳо ҳақиқатни айтаман», деб ошкора қасамёд қилишни таклиф этади.
Гувоҳларга ўз ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги тушунтирилганлиги тўғрисида улардан тилхат олинади. Қасамёд матни ва тилхат суд мажлиси баённомасига қўшиб қўйилади.
Раислик қилувчи гувоҳга иш бўйича шахсан ўзи билган маълумотларни судга айтиб беришни таклиф қилади. Шундан сўнг гувоҳга саволлар берилиши мумкин.
Гувоҳ кимнинг аризаси бўйича чақирилган бўлса, ана шу шахс ва унинг вакиллари биринчи бўлиб, сўнгра эса ишда иштирок этаётган бошқа шахслар гувоҳга саволлар беради. Суднинг ташаббуси билан чақирилган гувоҳга саволларни биринчи бўлиб даъвогар беради.
Судья (судьялар) гувоҳга у сўроқ қилинаётганида исталган вақтда савол беришга ҳақлидир.
Сўроқ қилинган гувоҳлар ишни кўриш тамом бўлгунига қадар суд мажлиси залида қолишлари лозим. Суд сўроқ қилинган гувоҳлар ишни кўриш тамом бўлмасидан олдин суд мажлиси залидан чиқиб кетишларига тарафларнинг розилиги билан рухсат бериши мумкин.
Зарур ҳолларда суд гувоҳни бир мажлиснинг ўзида ёки келгуси мажлисда такроран сўроқ қилиши, шунингдек гувоҳларнинг кўрсатувларида мавжуд бўлган зиддиятларни аниқлаш учун уларни юзлаштириши мумкин.
1. Гувоҳларни сўроқ қилиш тартибига ва уларнинг кўрсатувларига оид қоидалар ФПКнинг 183-186-моддаларида батафсил берилган. Бу қоидаларда кўрсатилишича, ҳар бир гувоҳ алоҳида сўроқ қилинади. Раислик қилувчи гувоҳни сўроқ қилишдан олдин унинг шахсини, ёшини, машғулот турини, шу ишга алоқасини ҳамда тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахслар билан ўзаро муносабатини аниқлайди, шунингдек уни била туриб ёлғон кўрсатув берганлик, кўрсатув беришдан бош тортганлик ёки бўйин товлаганлик учун Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 238-240-моддалари бўйича жавобгарликка тортилиши тўғрисида огоҳлантирилади.
Гувоҳларни сўроқ қилиш ва уларнинг жавобгарлиги ва бошқа муносабатлари ҳақида мусулмон ҳуқуқида ҳам жиддий аҳамият берилган.
«Етимнинг молига то вояга етгунича фақат энг чиройли йўл билан яқинлашингиз! Ўлчов ва тарозини адолат билан тўла тортингиз!... сўзлаганингизда (гувоҳлик берганингизда), гарчи қариндошингиз бўлса ҳам, адолат қилингиз!» дейилган.
Гувоҳлардан уларга ўзларининг бурчлари ва масъулиятлари тушунтирилганлиги тўғрисида тилхат олинади. Тилхат суд мажлиси баёнига қўшилади. Ҳали кўрсатма бермаган гувоҳлар ишни кўриш вақтида суд мажлиси залида бўлишлари мумкин эмас.
Гувоҳ кимнинг аризаси бўйича чақирилган бўлса, ана шу шахс ва унинг вакили гувоҳга биринчи бўлиб, сўнгра эса, ишда иштирок этувчи бошқа шахслар гувоҳга савол берадилар. Суднинг ташаббуси билан чақирилган гувоҳга саволларни биринчи бўлиб, даъвогар беради. Раислик қилувчи ва бошқа судьялар гувоҳ сўроқ қилинаётган вақтда унга ҳар қанча савол беришга ҳақли.
Раислик қилувчи ва бошқа судьялар гувоҳларга савол беришда ишнинг муҳим ҳолатларини аниқлашга қаратилган бўлишига эътибор бериши, шу билан тарафларнинг тортишувчилик принципини таъминлаб бериши лозим.
Сўроқ қилинган гувоҳлар иш кўриш тамом бўлганга қадар суд мажлиси залида қолишлари лозим. Суд сўроқ қилинган гувоҳлар иш кўриш тамом бўлмасидан олдин суд мажлиси залидан чиқиб кетишларига тарафларнинг розилиги билан рухсат бериши мумкин.
Зарур ҳолларда суд гувоҳни ўша ёки келгуси мажлисда такроран сўроқ қилиши, шунингдек гувоҳларнинг кўрсатувларида мавжуд бўлган зиддиятларни аниқлаш учун уларни юзлаштириши мумкин.
Фуқаролик процессуал кодексининг янги жиҳатларидан бири бўлиб, гувоҳларни сўроқ қилиш тартибига гувоҳларни кўрсатув беришда қасамёд қилишидир. Бунга кўра, раислик қилувчи гувоҳга: «Иш юзасидан ўзим билган барча маълумотларни судга айтиб беришга қасам ичаман. Фақат ҳақиқатни, бор ҳақиқатни ва танҳо ҳақиқатни айтаман», деб ошкора қасамёд қилишни таклиф этиши гувоҳни иш бўйича берадиган гувоҳликларига янада жиддий муносабатда бўлишига қаратилган қоидадир.
2. Айрим ҳолларда суд гувоҳларни сўроқ қилишда жиддий эътибор бермаслиги ёки бепарволиги туфайли гувоҳ тўлиқ маълумот ололмаслиги, шунингдек гувоҳ иш учун зарур ҳолатни етарли даражада таҳлил қилмаганлиги туфайли гувоҳдан бир марта сўроқ қилинганда тўлиқ маълумотга эга бўла олмаслиги мумкин. Шунинг учун ушбу қонунда, агар суд гувоҳни бир мажлиснинг ўзида ёки келгуси мажлисда такроран сўроқ қилиши, шунингдек агар суд иш кўриш жараёнида ёки ундан олдинги процессда гувоҳларнинг кўрсатувларида зиддиятлар мавжуд бўлган тақдирда, зиддиятларни аниқлаш мақсадида юзлаштириш ўтказиш мумкинлиги кўрсатилган.
Демак, бундай қоиданинг киритилишига асос бўлиб, гувоҳлар-нинг кўрсатувларидаги бошқа далиллар билан таққослашдаги қарама-қаршиликлар, уларнинг кўрсатувларида вужудга келган гумонсирашликлар ва бошқа ҳолатларни кўрсатиш мумкин.
Гувоҳларни келгусида суд мажлисида сўроқ қилиш, шунингдек гувоҳларнинг кўрсатувларидаги зиддиятларни аниқлаш учун ўтказиладиган юзлаштириш ҳақида суд ажрим қабул қилади.
Юзлаштириш деганда, фуқаролик иши бўйича суд процессида икки ёки ундан ортиқ гувоҳларни сўроқ қилиш тушунилади.
Юзлаштириш нафақат гувоҳлар ўртасида, шунингдек ишда иштирок этувчи бошқа шахслар ўртасида ҳам ўтказилиши мумкин. Бундай ҳолатни суд заруриятга қараб ҳал этиши мумкин.
Раислик қилувчи юзлаштиришни ўтказиш қандай сабабларга ва қандай ҳолатларни аниқлаш зарурияти туғилганлигини манфаатдор шахсларга тушунтириши лозим.
Суд процессида юзлаштирганда гувоҳлар билган, кўрганларини навбатма-навбат баён қилишлари керак. Раислик қилувчи гувоҳларни бир-бирларига савол беришларига йўл қўйиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |