192-м о д д а. Далилларни жойда кўздан кечириш
Судга келтириш мумкин бўлмаган ёзма ва ашёвий далиллар уларнинг турган жойида кўздан кечирилади ва текширилади. Жойида кўздан кечиришни ўтказиш тўғрисида суд ажрим чиқаради.
Далилларни жойида кўздан кечириш суднинг бутун таркиби томонидан ишда иштирок этувчи шахсларни хабардор қилган, зарур ҳолларда эса, экспертлар, мутахассислар ва гувоҳлар чақирган ҳолда ўтказилади.
Кўздан кечириш жойига борганда, раислик қилувчи суд иш кўришни давом эттириши тўғрисида эълон қилади, ишни кўриш ушбу Кодексда белгиланган қоидаларга биноан олиб борилади. Кўздан кечириш натижалари суд мажлисининг баённомасига киритилади. Баённомага кўздан кечириш пайтида тузилган ёки текширилган барча режалар, чизмалар, суратлар илова қилиниши мумкин.
1. Фуқаролик ишлари бўйича далиллар етарли бўлмаса ёки мавжуд ашёвий, ёзма далилларнинг ҳажмли бўлиши, уни жойидан қўзғатадиган бўлса, ўз шаклини йўқотиши мумкин бўладиган: ашёлар, қоғоз ҳужжатлари ва ҳоказолар ашёвий далиллар жойлашган жойнинг ўзида кўздан кечирилади ҳамда ҳар томонлама текширилади. Далилларни жойда кўздан кечириш ҳақидаги масала ишда иштирок этувчи шахсларнинг илтимоси ёки суднинг ташаббуси билан қўзғатилиши мумкин. Бундай ҳаракатларни амалга ошириш лозим бўлган ҳолларда суд тарафлар ва ишда иштирок этувчи шахсларни хабардор қилган ҳолда ажрим чиқаради. Ажримда суд мажлисини ашёвий далил жойлашган жойда давом эттириш ва бунинг асослари батафсил кўрсатилган бўлиши керак.
Ажримда ишда мавжуд фуқаролик иши бўйича тўпланган далилларга кўра уни ҳал этиш имконияти йўқлиги ҳақида кўрсатилади. Далилларни кўздан кечириш учун суд, албатта ишда иштирок этувчи шахсларнинг фикрини эшитилиши керак.
Суд далилларни кўздан кечириш ҳақидаги ажримида навбатдаги суд мажлисининг вақтини белгилайди ва бу ҳақда ҳозир бўлган шахсларга эълон қилади (ФПКнинг 177-моддаси).
2. Далилларни жойга бориб кўздан кечиришни амалга ошириш билан боғлиқ ҳаракатлар фақат суд таркиби билан чегараланмасдан балки, бошқа шахсларнинг, жумладан, суд зарур ҳолларда эксперт, мутахассис ва гувоҳларни чақириши ва уларни кўздан кечиришда иштироки лозим деб тан олиши мумкин. Бунинг учун кўздан кечириши талаб қилинадиган ашёларни текширганда фан, санъат, ҳунар, техника ва бошқа соҳалар бўйича маълум соҳада билим бўлиши талаб этилади.
Далилларни жойда кўздан кечириш жараёнида суд мажлисида иштирок этувчи тарафлар ва бошқа шахсларга иш юзасидан бир-бирларига саволлар беришлари, айрим ноаниқ бўлган ҳолатларга аниқлик киритишга йўл қўйилади. Жойда ишни кўриш, тартиби бўйича муқаддам бошланган процесс тўхтаган жойидан давом эттирилиши тушунилади. Ишни кўриш тартиби процессуал кодексда кўрсатилган қоидаларга биноан давом эттирилади.
Далилларни жойда текширишда манфаатдор шахслар ишга оид ашёларнинг суратини олиши, ашёвий, ёзма ва бошқа далилларнинг чизиқларини, уларнинг турган жойдаги шаклини қоғозга тушуришга ҳақли.
Далилларни кўздан кечириш натижалари суд мажлисининг баённомасида ўз ифодасини топиши керак. Баённомада кўздан кечирилган барча ҳаракатлар кўрсатилиши талаб этилади. Юқорида кўрсатилган режалар, чизмалар, суратлар баённомага илова қилиниши лозим.
Фуқаролик иши юзасидан ашёвий, ёзма ва бошқа далилларни кўздан кечириб, ҳар томонлама текширгандан сўнг раислик қилувчи судья суд музокараларини эшитгач, иш кўриш мазмунан тамом бўлган деб ҳисоблаб, шу жойда алоҳида хонага кириб ҳал қилув қарорини чиқариш масаласини ҳал этади ёки кўздан кечириш тамомланган деб ҳисобланиб, иш юзасидан бошқа ҳолатларни аниқлаш мақсадида иш кўрган ҳудудда яна процессни иш бошлаган жойда давом эттириш ҳақида ажрим чиқаради.
Do'stlaringiz bilan baham: |