195-м о д д а. Мутахассисни сўроқ қилиш
Мутахассис билдирган фикрни ойдинлаштириш ва тўлдириш мақсадида суд мажлисида унга саволлар берилади.
Мутахассис кимнинг аризаси бўйича чақирилган бўлса, ўша шахс ва унинг вакили биринчи бўлиб, сўнгра эса, ишда иштирок этувчи бошқа шахслар саволлар беради.
Суднинг ташаббуси билан чақирилган мутахассисга биринчи бўлиб даъвогар саволлар беради.
Мутахассис сўроқ қилинаётганида судья (судьялар) унга исталган вақтда саволлар беришга ҳақлидир.
1. Амалдаги фуқаролик процессуал қонунчилигидаги, аниқроғи, ФПКга киритилган янги ҳуқуқий меъёрлардан бири бўлиб, фуқаролик ишлари бўйича одил судловни амалга оширишда кўмаклашувчи шахслардан бири қаторида мутахассиснинг фикридан фойдаланиш масаласидир. Бу ҳуқуқий меъёр аксарият ҳолларда суд амалиётида экспертиза муассасаларини жойларда бўлмаслиги ёки суд мажлисида иш бўйича айрим масалаларни тезда ҳал этишда ва уларга аниқлик киритиш мақсадида мутахассис фикридан фойдаланиш мумкинлиги қонунда белгиланган.
Суд муҳокамасини ўтказишда далилларни топиш, уларни мустаҳкамлашда судга ёрдам бериш учун мутахассис чақирилади.
Қонунда кўрсатилишича, ишни кўришда судьяга ёки суд мажлисининг иштирокчиларига далилларни текширишда фан, техника, санъат ёки ҳунар соҳасида махсус билим ва малака талаб қилинган ҳолларда иш бўйича фикр (маслаҳат-консультация) бериш мақсадида мутахассис таклиф қилиниши мумкин.
Судда иш кўриш илмий-техника воситаларини (магнитафон, видеомагнитафон, кинога олиш аппаратлари, аудио-видео ёзувлари ва бошқа аппаратларни) қўллашда мутахассис хизматидан фойдаланилади.
Мутахассисларни судга жалб этиш учун ишда иштирок этувчи шахсларнинг талаби ёки суднинг ташаббуси асос бўлади.
Суд ажрими асосида тайинланган мутахассис, агар у зиммасига юклатилган вазифани бажариш учун зарур билим ва малакага эга бўлмаса иш юзасидан фикр беришдан бош тортиш ҳуқуқига эга (ФПКнинг 91-моддаси).
Суд мутахассисни иш юритишни тайёрлов босқичида, шунингдек мазмунан кўриш жараёнида ҳамда ижро босқичида тайинлаши мумкин.
Эксперт билан мутахассиснинг фарқига эътибор бериш лозим. Эксперт бўлиш учун у, экспертиза ўтказиш учун мўлжалланган махсус муассасаларда ишлаб турган бўлиши, мутахассисга эса, бундай талаб қўйилмайди. Бундан ташқари, эксперт иш бўйича хулоса берса, мутахассис ўзининг маслаҳатини, фикрини беради.
Мутахассисга ишни мазмунан кўриш жараёнида эксперт каби судга билдирган фикрини ойдинлаштириш ва тўлдириш мақсадида ишда иштирок этувчи шахслар саволлар беришлари мумкин.
Ишда мутахассис сифатида иштирок этувчи шахс қонунда белгиланган тартибда процессда иштирок этувчи шахсларнинг саволларига жавоб бериши лозим, масалан, агар мутахассис кимнинг аризаси бўйича чақирилган бўлса, ўша шахс ва унинг вакили биринчи бўлиб, сўнгра эса, ишда иштирок этувчи бошқа шахслар саволлар беришлари керак ёки мутахассис суднинг ташаббуси бўйича чақирилган бўлса биринчи бўлиб саволларни даъвогар бериши лозим.
Мутахассис сифатида тайинланган шахс қонун талабларига риоя қилишга мажбур, жумладан, қонунда агар мутахассис суднинг чақируви бўйича келмаса ва суд келмаслик сабабларини узрсиз деб топган тақдирда унга энг кам иш ҳақининг беш бараваригача миқдорда жаримага тортилиши назарда тутилган. Бундай қоиданинг киритилиши аввало қонунга нисбатан ҳурмат, унинг бажарилиши учун ҳар бир шахс масъул эканлигидан далолат бериш билан инсон манфаатларини ҳимоя қилишда давлат идораларини мажбурлаш ҳуқуқига эга эканлигини ҳам кўрсатувчи ҳолатлардир.
Do'stlaringiz bilan baham: |