66-м о д д а. Суд топшириғини бажариш тартиби
Суд топшириғини бажариш суд мажлисида ушбу Кодексда белгиланган қоидаларга биноан амалга оширилади. Ишда иштирок этаётган шахсларга мажлис вақти ва жойи тўғрисида маълум қилинади, бироқ уларнинг келмаслиги топшириқни бажаришга тўсқинлик қилмайди.
Суд топшириғи тартибида тарафлар ва учинчи шахслар ёхуд улар қонуний вакилларининг тушунтиришлари, гувоҳларнинг кўрсатувлари, ёзма ва ашёвий далилларни кўздан кечириш ҳамда текшириш орқали аниқланадиган фактик маълумотлар тўпланиши мумкин.
Баённомалар ва топшириқни бажариш вақтида тўпланган материаллар ишни кўриб чиқаётган судга дарҳол юборилади.
Агар топшириқни бажараётган судга тушунтиришлар ёхуд кўрсатувлар берган ишда иштирок этувчи шахслар ёки гувоҳлар ишни кўраётган судга келсалар, улар умумий тартибда тушунтиришлар ёки кўрсатувлар берадилар.
1. Суд топшириғига асосан ажримни бажараётган суд фақат топшириқда кўрсатилган процессуал ҳаракатларга риоя этган ҳолда иш тутиши лозим.
Юқорида баён этганимиздек, суд топшириғини судья тайёрлов ҳаракатларини олиб бориш жараёнида (ФПКнинг 160-моддаси 9-банди) ёки ишни мазмунан кўришда аниқлаб бу ҳақда ажрим чиқаради. Ажрим судья томонидан маслаҳатхонада чиқарилади.
Суд топшириғини бажариш учун суд ишда иштирок этиши лозим бўлган шахсларни мажлис вақти, жойи тўғрисида хабардор қилади ва биринчи инстанция судида фуқаролик ишларини кўриш билан боғлиқ бошқа процессуал ҳаракатларни бажаради.
Топшириқни бажараётган суд айниқса иш кўришда фуқаролик процессуал ҳуқуқининг принципларини амалга оширишга эътибор бериши лозим.
Суд мажлисини белгиланган муддатда бошлаш учун суд ажримида топшириққа тегишли шахсларнинг турар жойлари, иш жойи (манзили) аниқ кўрсатилган бўлиши лозим. Иш кўраётган суд ФПКнинг 162, 163, 164, 165, 167 ва бошқа иш кўриш билан боғлиқ қоидаларга қатъий амал қилган ҳолда иш тутиши лозим.
Демак, суд топшириғи бажариш тартиби деганда ишни судда мазмунан кўриш билан боғлиқ барча процессуал ҳаракатларни назарда тутмоқ лозим. Суд топшириғини судда кўриш жараёнида баённома тузилади. Баённомада суднинг бажарган процессуал ҳаракатлари ўз ифодасини топган бўлиши керак.
2. Суд топшириғини бажариш жараёнида бажарилган процессуал ҳаракатлар: тарафлар, учинчи шахсларнинг баёнотлари, гувоҳларнинг гувоҳликлари, ёзма ва ашёвий далилларни кўздан кечирганлик ва бошқа ажримда кўрсатилган топшириқлар киритилган бўлиши лозим. Лозим ҳолларда суд мажлисининг баённомаси билан манфаатдор шахслар таништирилади ва бу баённомада ўз ифодасини топган бўлиши керак.
Суд топшириғини бажарилгандан сўнг тўпланган материаллар, суд мажлисининг баённомаси дарҳол ишни кўриб чиқаётган судга юборилиши лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |