74-м о д д а. Ёзма далиллар тақдим этиш ва талаб қилиб
олиш
Ёзма далил тақдим этувчи шахс далил билан иш учун аҳамиятли бўлган қандай ҳолатларни аниқлаш мумкин эканлигини кўрсатиши, талаб қилиб олиш ҳақида илтимоснома тақдим этилганда эса, бу қандай далил эканлигини кўрсатиши ва ёзма далил муайян шахсда деб ҳисоблаши учун қандай асоси борлигини ҳам баён этиши шарт.
Суд давлат органлари, ташкилотлар ёки фуқаролардан талаб қилган ёзма далиллар бевосита судга юборилади.
Суд ёзма далилни талаб қилиб олиш ҳақида илтимоснома тақдим этган шахсга шу далилни судга тақдим этиш учун олиш ҳуқуқини берадиган сўров хати ҳам топшириши мумкин.
1. Фуқаролик ишини кўраётган суд ёзма далилларни, ишни судда кўришга тайёрлаш босқичида, шунингдек ишни мазмунан ҳал этиш жараёнида ўзининг ташаббуси билан ҳамда ишда иштирок этувчи тарафлар ва бошқа шахслар томонидан тақдим этишлари мумкин. Агар ишда иштирок этувчи шахслар тақдим этсалар судья ёзма далилни қандай масалани ҳал этиш учун аҳамиятли эканлигини аниқлайди.
Судья ёзма далилни талаб қилишни суд топшириғи асосида ажрим чиқариш ёки тегишли сўров талабномасини бериш билан ҳал этади. Бундай сўров хатлари манфаатдор шахсларнинг ўзларига берилиши ва уни бажарилиши ҳақида судьяни хабардор қилиб туришлари лозим.
Бу қонунларда айтилишича, ёзма далилни тақдим этувчи шахс шу далил билан иш учун аҳамиятли бўлган қандай ҳолатларни аниқлаш мумкин эканини кўрсатишга мажбур, талаб қилиб олишни илтимос қилган ҳолда эса шу ҳужжатни тавсифлаб беришга ва ёзма далил мазкур шахсдан деб ҳисоблаши учун қандай асоси борлигини ҳам маълум қилишга мажбур.
Суд топшириғини бажариш суд мажлисида шарҳланаётган Кодексда белгиланган қоидаларга биноан амалга оширилади. Ишда иштирок этаётган шахсларга мажлис вақти ва жойи тўғрисида маълум қилинади, бироқ уларнинг келмаслиги топшириқни бажаришга тўсқинлик қилмайди.
Суд топшириғи тартибида тарафлар ва учинчи шахслар ёхуд улар қонуний вакилларининг тушунтиришлари, гувоҳларнинг кўрсатувлари, ёзма ва ашёвий далилларни кўздан кечириш ҳамда текшириш орқали аниқланадиган фактик маълумотлар тўпланиши мумкин.
Баённомалар ва топшириқни бажариш вақтида тўпланган материаллар ишни кўрадиган судга дарҳол юборилади.
Агар топшириқни бажараётган судга тушунтиришлар ёхуд кўрсатувлар берган ишда иштирок этувчи шахслар ёки гувоҳлар ишни кўраётган судга келмасалар, улар умумий тартибда тушунтиришлар ёки кўрсатувлар берадилар.
2. Давлат муассасалари, корхоналари, жамоа хўжаликлари ва бошқа кооператив ва жамоат ташкилотларидан ёки фуқаролардан суд талаб қиладиган ёзма далиллар бевосита судга юборилади.
Суд, шунингдек, ёзма далилларни талаб қилиб олиш тўғрисида илтимос қилган шахсга шу далилни судга кейин яна тақдим этиш шарти билан олишга ҳуқуқ берадиган гувоҳнома бериши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |