73-м о д д а. Ёзма далиллар
Ёзма далиллар иш учун аҳамиятли бўлган ҳолатлар тўғрисидаги маълумотлар баён этилган ҳужжатлар, хизматга дахлдор ва шахсий ёзишмалардан иборат бўлади.
1. Бу хилдаги далиллар иш учун аҳамиятли ҳолатлар тўғрисидаги маълумотлар ифодаланган актлар, ҳужжатлар ҳамда ишга оид бўлган ва шахсий характердаги ёзишмалардан иборат бўлади.
Ёзма далиллар фуқаролик ишларини ҳал қилиш учун муайян аҳамиятга эга бўлган фактлар тўғрисидаги маълумотлар ўз мазмунида ёзма равишда ифодаланган ҳужжат ҳисобланади. Бундай ҳужжатлар турли гувоҳномалар, аттестатлар, дипломлар, маълумотномалар, шартномалар, тилхатлар ва бошқа мазмундаги ҳужжатлар, ёзишмалар бўлиши мумкин.
Фуқаролик процессида ёзма далиллар муҳим аҳамиятга эгадир, чунки уларнинг мазмунида ифодаланадиган маълумотлар аниқлаштирилган шаклда берилади.
Юқорида кўрсатилган қонунларнинг мазмунига кўра ёзма далиллар қуйидагича турларга бўлиниши мумкин:
биринчидан, ҳужжатни асли ва нусхага бўлинади. Фуқаролик иши кўрилишида умумий қоида бўйича ҳужжатнинг асли талаб қилинади. Унинг топширилиши мумкин бўлмагандагина нусхаси қабул қилиниши мумкин;
иккинчидан, мазмуни бўйича муайян эркни ифодалайдиган ва маълумотлар билдирадиган ҳужжатларга бўлинади. Эркин ифодалайдиган ёзма далилларда, масалан, шартномада ёки битимда (васиятномани ифодалашда) шахснинг эрки кўрсатилади. Маълумотларга оид ёзма далилларда эса бундай эркнинг ифодаланиши бўлмайди. Буларда информацион характердаги маълумотлар, масалан, фуқаронинг туғилиши, никоҳга кириши, ўлими ҳолатларини рўйхатга олиш органлари томонидан берилган ҳужжатлар бўлади;
учинчидан, ёзма далиллар расмий ва хусусий ҳужжатларга бўлинади. Давлат органлари, кооператив ва жамоат муассасалари, корхоналари ва ташкилотлари томонидан берилган ҳужжатлар расмий ҳужжатлар деб аталади. Булар жумласига суд қарорлари ва ҳукмлари, давлат бошқаруви органларининг актлари ва шу каби ҳужжатлар киради. Фуқаролар қўли билан ёзилган ёки имзоланган ҳужжатлар норасмий ёки хусусий ҳужжатлар ҳисобланади. Бундан ҳужжатлар жумласига турли ёзишмалар, битимлар, шартномалар ва шу кабилар киради;
тўртинчидан, ёзма далиллар ифодаланиши шакли бўйича оддий ёзма ва нотариал гувоҳлантирилган ҳужжатларга бўлинади. Ёзма шаклдаги ҳужжатлар ўз навбатида оддий ёзма ва мураккаб ҳужжатларга бўлинади.
Оддий ёзма далиллар қонун талабига биноан тегишли тартибда, масалан, нотариал тартибда ёки ҳокимиятларда ва ўзини ўзи бошқарадиган идоралар гувоҳлантирилган ҳужжатлар бўлади. Бундай ҳужжатларнинг суммасига қараб далиллар сифатида қабул қилинишига барча ҳолларда йўл қўйилади.
Нотариал тасдиқланиши талаб этиладиган битимлардан ташқари, қуйидаги битимлар оддий ёзма шаклда тузилади:
юридик шахсларнинг ўзаро ва фуқаролар билан битимлари;
фуқаролар ўртасидаги белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг ўн бараваридан ортиқ суммадаги битимлар қонунда белгиланган ҳолларда эса битим суммасидан қатъи назар бошқа битимлар.
Битимнинг оддий ёзма шаклига риоя қилмаслик унинг ҳақиқий эмаслигига олиб келмайди, бироқ низо чиққан тақдирда тарафларни битимнинг тузилганлигини, мазмунини ёки бажарилганлигини гувоҳларнинг кўрсатувлари билан тасдиқлаш ҳуқуқидан маҳрум қилади.
Тарафлар битимларнинг тузилганлигини, мазмуни ёки бажарилганлигини ёзма ёки бошқа далиллар билан тасдиқлашга ҳақлидир.
Қонунда ёки тарафларнинг келишувида тўғридан-тўғри кўрсатилган ҳолларда битимнинг оддий ёзма шаклига риоя қилмаслик унинг ҳақиқий эмаслигига олиб келади.
Баъзи ҳужжатларнинг ҳақиқий саналмаслик хавфи остида нотариал тартибда гувоҳлантирилиши лозимлиги қонун билан талаб қилинади. Масалан, давлат нотариал идораси томонидан гувоҳлантирилган ёзма битимлар, масалан, уй-жойнинг олиниши сотилиши тўғрисидаги шартномалар нотариал тартибда гувоҳлантирилган ёзма далиллар ҳисобланади.
Баъзи ҳолларда битимнинг нотариал шакли ёинки қонун талабига кўра бирон-бир органда гувоҳлантирилган (тасдиқланган) бўлишлиги муҳим ҳолат бўлиб кўрилади, чунки битимнинг шаклига риоя қилинмаган бўлса, бундай битим ҳақиқий ҳисобланмайди. Бошқа ҳолларда қонун ҳужжатнинг ҳақиқий саналиши учун, фақат унинг нотариал тартибда гувоҳлантирилишинигина эмас, балки коммунал бўлимда ёки бошқа бир ташкилотда, масалан, ФҲДЁ органларида рўйхатдан ўтказилишини ҳам талаб қилади. Агар бундай талаблар бажарилмаган бўлса, (битим, ҳужжат), юридик аҳамиятга эга бўлмайди.
Қонун билан талаб қилинадиган битимнинг шакли (формаси)га риоя қилмаслик оқибати, бу тўғрида қонунда тўғридан-тўғри кўрсатилган ҳоллардагина вужудга келади (ФКнинг 115-моддаси).
Муайян фактларни белгилаш учун қонун, далил сифатида қонунда формаси ва мазмуни аниқ назарда тутилган ҳужжатларнигина берилишини талаб қилади, масалан, фуқаронинг туғилиши, фарзанд қилиб олинганлиги, никоҳга кириши, никоҳнинг бекор қилиниши, вафот этиши тўғрисидаги фактлар ФҲДЁ органларидан олинган ҳужжатларнинг кўчирмалари билан тасдиқланиши керак.
Фуқаролик ишида далил сифатида келтирилган ҳужжатнинг қалбаки бўлишлиги тўғрисида арз қилиниши, низо қўзғатилишига асос бўлиши мумкин. Бундай ҳолларда суд ҳужжатининг ҳақиқий бўлишлиги-бўлмаслигини бошқа далиллар билан солиштириш ёки гувоҳлардан сўраш ёхуд хатни солиштириш учун экспертизага бериш йўли билан текширади.
Агар ҳужжатнинг қалбаки бўлишлиги тўғрисидаги низони кўришда, ҳужжатнинг дарҳақиқат қалбакилиги аниқланса, бундай ҳужжат фуқаролик иши бўйича далил сифатида қабул қилинмайди. Қалбаки ҳужжат топширилган шахсга нисбатан қонунда кўрсатилган ҳаракатлар амалга оширилади.
Ёзма далилларнинг тақдим қилиниши ва талаб қилиб олинишига оид қонунлар ФПКнинг 74-76-моддаларида белгиланади.
Мансабдор шахс ёки фуқаро томонидан сўз, рақам, чизма ёки бошқа шаклда ёзилган ва иш учун аҳамиятли бўлиши мумкин бўлган маълумотларни сақлаш, ўзгартириш, бериш учун мўлжалланган ҳужжат ёки бошқа ёзувлар ёзма далил ҳисобланади.
Тергов ҳаракатининг баённомаси, суд мажлисининг баённомаси ва уларнинг иловалари ҳам ёзма далил ҳисобланади.
ЖПКнинг 203-моддасида кўрсатилган аломатлари, белгилари, излари бўлган ҳужжатлар ва бошқа хатлар ҳам далил бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |