76-м о д д а. Ёзма далилларнинг аслини тақдим қилиш
Қоида тариқасида, ёзма далилларнинг асли тақдим қилинади. Агар ҳужжатнинг нусхаси тақдим этилган бўлса, суд зарурат туғилса, ҳужжатнинг аслини тақдим этишни талаб қилишга ҳақли.
Ушбу моддага мувофиқ ёзма далилларнинг асл нусхаси ва тегишли тартибда тасдиқланган нусхаси тақдим этилиши мумкин. Бунда биринчидан, агарда ишга доир айрим ҳолатлар қонунга асосан, фақатгина ҳужжатнинг асли билан тасдиқланиши мумкин бўлган ҳолатда, иккинчидан, ҳужжатларнинг аслисиз ишни ҳал қилиб бўлмайдиган тақдирда ва учинчидан, судга ҳужжатларнинг мазмунан турли хил бўлган нусхалари тақдим қилинган ҳолларда ҳужжатнинг фақатгина асли тақдим этилмоғи лозим. Қолган барча ҳолатларда эса ҳужжатларнинг тегишли тартибда тасдиқланган нусхаси тақдим этилишига йўл қўйилади.
Суд ёзма далилни аслини тақдим этиш тўғрисида ажрим чиқаради.
77-м о д д а. Ёзма далилларни улар сақланаётган жойда
кўздан кечириш ва текшириш
Ёзма далилларни судга тақдим этиш қийин бўлса, масалан, улар ниҳоятда кўп бўлса ёки улардан фақат бир қисми иш учун аҳамиятли бўлса, суд уларнинг тегишли равишда тасдиқланган кўчирмасини талаб қилиши ёки далилларни улар сақланаётган жойда кўздан кечириши ва текшириши мумкин.
1. Амалиётда ҳар қандай ёзма далиллар ихчам, бир-икки бетли ҳужжатлар бўлавермайди. Шу боисдан ҳам уларни иш кўраётган судга келтиришда қийинчилик туғилса, судья улардан нусхаларини талаб қилиши, агар имконияти бўлса шу ҳужжатларни жойда кўздан кечириши ва таҳлил этишлари мумкин.
Демак, ёзма далилга нисбатан бундай қоиданинг киритилишига асос бўлиб шу ҳужжат ишни холисона ҳал этиши учун муҳим аҳамиятга эга эканлигидан далолат беради. Судья, агар ёзма далилларнинг нусхасини кўриб иш учун аҳамиятлилигини аниқлашни лозим топган ҳолларда бу ҳужжатни нотариал тасдиқланганлигига ёки ёзма далилни берган ташкилотнинг раҳбари томонидан тасдиқланганлигига ва муҳрланганлигига аҳамият бериши лозим (нусхада кўпайтирилгани бундан мустасно).
2. Фуқаролик, жиноий ишларни судда кўриш жараёнида бир неча йилларга тегишли ёзма далиллар билан танишишга тўғри келадиган низоли ишлар учраб туради. Бундай ҳолларда ҳужжатларни келтириш имкониятига эга бўлмайди ёки уларни келтириш жуда кўп вақт талаб этади. Судья ишни чўзмаслик ва тезда ҳал этиш мақсадида ҳужжатни жойда кўчириш ва текшириш масаласини кўриб чиқади ва бу ҳақда ажрим чиқариши лозим.
“Судья ишни тайёрлов босқичида кўришда ва ишни ҳал этиш учун зарур бўлган далиллар доирасини аниқлаш ва уларни ўз вақтида суд мажлисига тақдим этилишини таъминлаш чораларини кўради” (ФПКнинг 158-моддаси).
Ишни судда кўришга тайёрлашда судья бир қатор процессуал ҳаракатлар билан бирга «... ташкилотлар ёки фуқаролардан ёзма ва ашёвий далилларни талаб қилиб олади ёки бу далилларни олиб, судга тақдим этиши учун ишда иштирок этувчи шахсларга талабнома юборади» (ФПКнинг 160-моддаси 6-банди).
Do'stlaringiz bilan baham: |