Тарафлар ва учинчи шахсларнинг ҳамда улар қонуний вакилларининг ўзларига маълум ва иш учун аҳамиятли бўлган ҳолатлар тўғрисидаги тушунтиришлари иш юзасидан тўпланган бошқа далиллар қатори текширилиши ва баҳоланиши лозим. Тарафлардан бири ўзининг талаблари ёки эътирозларига асос қилиб олган фактларни бошқа тарафнинг тан олиши биринчи тарафни бу фактлар исботини давом эттириш заруриятидан озод қилади. Агар муайян факт хусусида суднинг шубҳаси бўлса, бу факт умумий асосларга кўра исботланиши лозим. Фактни тан олиш суд мажлисининг баённомасига киритилади ва тан олган тараф уни имзолайди. Агар фактни тан олиш ёзма аризада баён этилган бўлса, мазкур ариза ишга қўшиб қўйилади.
1. Амалдаги ФПКнинг янги жиҳатларидан бири шу ҳуқуқий меъёрда тарафлар, учинчи шахслар билан бир қаторда уларнинг қонуний вакилларини ўзларига маълум ва иш учун аҳамиятли ҳолатлар тўғрисида тушунтиришлар беришидир. Бу янги қоида ишда иштирок этувчи шахслар доирасини кенгайганлигини кўрсатувчи ҳол эканлигидан далолат беради.
Тарафлар ва учинчи шахсларнинг тушунтиришлари деганда нафақат даъволи ишлар, шу билан бирга алоҳида тартибда иш юритишда қатнашувчи арз қилувчилар ҳамда органлар ва мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари устидан берилган шикоятлар бўйича ишларда қатнашувчи шахсларнинг берган тушунтиришлари ҳам инобатга олиниши лозим.
Исботлаш воситаларига тарафлар ва учинчи шахсларнинг киритилиши уларга иш юзасидан манфаатдор бўлишлиги туфайли асосий маълумотларни беришлари мўлжалланган.
Бундай баёнотлар тарафлар ва учинчи шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва судда холис ҳақиқатни белгилаш учун муайян аҳамиятга эгадир.
Фуқаролик иши судда тарафларнинг баёнотларини эшитиш билан бошланади ва суд мажлисида аниқланадиган фактлар тўғрисида тушунтиришлар олиш мақсадида тарафларга саволлар берилади.
Фуқаролик ишлари бўйича суд мажлисида тарафларнинг ҳозир бўлишлари умумий қоида бўйича мажбурий эмас. Аммо алиментлар ундириш тўғрисидаги ишлар бўйича-жавобгарнинг судга келиши мажбурий деб топилиши, узрсиз сабаблар бўйича судга келмаганида жаримага тортилиши ва мажбурий тартибда келтирилиши мумкин. Бундай қоида иш учун аҳамиятли бўлган фактлар тўғрисида жавобгарнинг баёнотларини эшитиш зарурлиги учун белгиланган.
Фактлар тўғрисидаги маълумотлар, аввало ишнинг оқибати, қандай ҳал қилинишидан манфаатдор бўлган шахслардан, яъни даъвогар ва жавобгардан олинади. Ишнинг оқибатида бундай манфаатдор бўлишлик тарафларнинг баёнотлари тўғри бўлишлигига таъсир этиши мумкин. Шу сабабли фақат манфаатдор шахсларнинг далилларсиз, ҳеч қандай тарзда асослантирилмаган баёнотларига қараб қарор чиқариш нотўғри бўлади. Қонун фуқаролик ишининг барча ҳолларда объектив ҳал қилинишини таъминлаш мақсадида тарафларнинг ва учинчи шахсларнинг ўзларига маълум бўлган ва иш учун аҳамиятли ҳолатлар тўғрисида берган баёнотлари иш бўйича тўпланган бошқа далиллар қаторида текширилиши ва баҳоланиши лозим, деб кўрсатма беради (ФПКнинг 68-моддаси).
Суд фақат тарафларнинг тушунтиришларинигина эмас, умуман ҳар қандай далилларни ҳам бошқа далиллар билан бирга таққослаб текшириши лозим.
Тарафларнинг ишга оид ҳақиқий ҳолатлар тўғрисида берган маълумотларигина далил сифатида аҳамиятга эга бўлади. Бинобарин, ҳар хил фикрлар, хулосалар, важлар далил бўлиб ҳисобланмайди.
2. Баъзи ҳолларда тарафларнинг баёнотларида бошқа тараф томонидан кўрсатилган ва унинг томонидан исботланиши лозим бўлган фактларга иқрор бўлиш ҳам билдирилади. Бундай иқрор ўз характери бўйича судда ва суддан ташқарида ҳал қилиниши мумкин. Агар иш бўйича тараф бирон-бир фактга суд мажлисига ёки судга ёзилган аризасида иқрор бўлса, бундай иқрор судга оид иқрор бўлиб ҳисобланади. Суд мажлисидан ташқарида қилинган иқрорлик далил бўлиб ҳисобланмасдан, ўз навбатида суд мажлисида аниқланиши лозим бўлган ҳолат бўлиб кўрилади.
Қарши тарафнинг талабларига ёки эътирозларига асос қилиб олинган фактларга иккинчи тарафнинг иқрорлиги суд учун мажбурий эмас.
Агар иқрорлик ишнинг аҳволига мувофиқ келишига ва тарафнинг бундай иқрорлигида алдаш, зўрлик, қўрқитиш, янглишиш таъсири ёки ҳақиқатни яшириш нияти йўқлигига шубҳа қилиш учун судда асос бўлмаса, у ҳолда суд иқрор бўлинган фактни аниқланган деб ҳисоблаши мумкин.
Тарафларнинг қўзғатилган талабларга иқрор бўлиши масаланинг ечимини енгиллашганини ифодалайди, шу боисдан судья иқрорлик қай даражада асосли эканлигини текшириши лозим.
Маълумки, қарз шартномаси энг кам иш ҳақини ўн баробари миқдоридан ортиқ бўлса, оддий ёзма шаклда расмийлаштирилиши лозим. Акс ҳолда, низо бўлганида шартноманинг тузилганлигини ёки унинг ижро этилмаганлигини исботлаш учун гувоҳларнинг кўрсатмаларига асосланиб бўлмайди. Аммо қарздорнинг қарзга суд мажлисида иқрор бўлинганида-бундай иқрор эътиборга олиниши мумкин.