69-м о д д а. Гувоҳлар
Ишга доир бирор ҳолатдан хабардор бўлган ҳар қандай шахс гувоҳ бўла олади.
Қуйидагилар гувоҳ сифатида чақирилиши ва сўроқ қилиниши мумкин эмас:
1) вакил ёки ҳимоячи вазифаларини бажаришлари муносабати билан ўзларига маълум бўлган ҳолатлар тўғрисида - фуқаролик ишлари бўйича вакиллар ёки жиноят ишлари бўйича ҳимоячилар;
2) жисмоний ёки руҳий нуқсонлари сабабли фактларни тўғри идрок қилишга ёки улар ҳақида тўғри кўрсатув беришга лаёқатсиз шахслар.
1. Судда кўриладиган фуқаролик ишига оид ҳолатлардан хабардор бўлган ҳар қандай фуқаро гувоҳ бўла олади. Гувоҳ фуқаролик иши учун муайян аҳамиятга эга бўлган фактни бевосита кўрган ёки бошқа шахслардан эшитган маълумотлар тўғрисида кўрсатма бериш учун судга чақириладиган фуқаро ишнинг оқибатига (қандай ҳал бўлишига) ҳуқуқий жиҳатдан манфаатдор шахс бўлмаслиги керак.
Гувоҳ шахсига нисбатан қўйиладиган шартлардан яна бири гувоҳ бўладиган фуқаро рўй берган ҳодисаларни ўзлаштиришга, ёдида (эсида) сақлашга ва сўнгра улар тўғрисида маълумотлар беришга қобилиятли бўлиши керак.
Фактларни тўғри ўзлаштириш (қабул қила билиш) ва улар тўғрисида кўрсатмалар беришга қобилиятли бўлиш-бўлмаслик ҳар сафар, ҳар бир конкрет ҳолатда суд томонидан аниқланади. Чунончи, вояга етмаган болани гувоҳ сифатида таклиф қилиш масаласи, бундай вояга етмаган шахснинг руҳий ҳолатига қараб суд томонидан ҳал қилинади.
Бирон-бир фактни, иш ҳолатини тўғри қабул қилиш, ёдда сақлаш ва бу тўғрисида судда тўғри маълумотлар бериш учун гувоҳнинг сезги органлари нормал бўлиши керак. Аммо бу органлардан бирида нуқсон бўлиши, ҳодисани ўзлаштиришга яроқсиз бўлиши, унинг бошқа сезги органлари билан қабул қилинган фактлар тўғрисида маълумот беришга тўсқинлик қилмайди. Масалан, кўзи ожиз фуқаро қулоғи билан эшитганлари тўғрисида гувоҳлик бериши мумкин.
Қонунда гувоҳ қаторида чақирилиш ва сўроқ қилиниши мумкин бўлмаган шахслар кўрсатилган.
Агар судда қулоғи оғирроқ, кўзи хирароқ ёки руҳий касал бўлган шахснинг тўғри гувоҳлик беришлиги тўғрисида гумон бўлса, бу аҳвол, агар гувоҳни бошқа гувоҳ билан алмаштириш мумкин бўлмаганида, мазкур шахснинг фактларни қанчалик ўзлаштириши ва улар тўғрисида гувоҳлик беришга қобилиятли бўлиш-бўлмаслиги экспертиза орқали аниқланиши мумкин.
Фуқаролик ишда субъект сифатида қатнашувчи гувоҳ иш бўйича моддий-ҳуқуқий манфаатдор бўлмайдилар, шу жиҳатлари билан бошқа шахслар (даъвогар, жавобгар, учинчи шахслар)дан фарқланади. Бироқ қонуннинг бу талабларини бир томонлама тушунмаслик керак. Шу боисдан ҳам судья суд мажлисида гувоҳнинг манфаатдор шахс билан муносабатини аниқлаши бежиз эмас, бу билан таниш-билишлик томонлари аниқланишига ҳаракат қилинади.
Процессуал қонунчиликда гувоҳлик бериш учун ёши чегараланмаган. Қариялар ҳам, балоғатга етмаганлар ҳам, ёш болалар ҳам бўлиши мумкин. Бу шахслар юқорида кўрсатиб ўтилганидек, жисмоний ва руҳан бутун бўлиши талаб этилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |