50-м о д д а. Судда вакиллик қилиш
Фуқаролар ўз ишларини судда шахсан ва ўз вакиллари орқали юритишлари мумкин. Фуқаронинг ишда шахсан қатнашуви уни шу иш бўйича вакилга эга бўлиш ҳуқуқидан маҳрум этмайди.
Ташкилотлар ишларни ўз раҳбарлари ёки ўз вакиллари орқали юритадилар.
Фуқаролар ва юридик шахслар фуқаролик ишларини судларда, аксарият ҳолларда ўзлари бевосита юритадилар. Аммо баъзи сабабларга кўра, чунончи: касаллик, командировкада бўлиш, ҳуқуқ нормаларидан етарли даражада хабардор бўлмаслик, муомала лаёқатига эга бўлмаслик ва бошқа сабаблар билан даъвогар ва жавобгар шахслар суд ишини юритишни бошқа шахсга (вакилга) топширишлари мумкин.
Қонунда фуқаролар ва юридик шахсларнинг ўз ишларини судда вакиллар орқали юритиш ҳуқуқи тўғрисида гапирилганда, бундай ҳуқуқдан тарафлар (даъвогар ва жавобгарлар) билан бир қаторда учинчи шахсларнинг ҳам фойдаланиши мумкинлиги назарда тутилади.
Қонун даъвогар ва жавобгарга, шерик даъвогарлар ва шерик жавобгарларга, шунингдек учинчи шахсларга фуқаролик процессининг иштирокчилари бўла туриб, ўзларига тегишли процессуал ҳуқуқларни вакиллари орқали амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлишларини ва ўзларига тегишли процессуал бурчларни вакиллари орқали бажаришлари мумкинлигини белгилайди.
Судда вакиллик қилиш институтининг аҳамияти фуқаролар ва ташкилотларнинг ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, холисона ҳақиқатни белгилаш, низонинг мазмуни юзасидан тўғри қарор қабул қилишда судга кўмаклашишдан иборатдир.
Қонун ҳамма суд инстанцияларида кўриладиган фуқаролик ишларида вакилларнинг қатнашишига йўл қўяди.
Баъзан фуқаролик ишларининг судда кўрилишида тарафларнинг шахсан баёнот беришлари лозим деб топилган ҳолларда, масалан, ФПКнинг 261-моддасида кўрсатилганидек, алимент ундириш тўғрисидаги ишлар бўйича суд жавобгарнинг судга келишини мажбурий деб топганида вакилнинг бўлишидан қатъи назар, фуқаролик ишида тараф бўлиб ҳисобланган жавобгар шахс ҳам судга чақирилиши мумкин.
Судда фуқаролик ишларини вакиллар орқали юритиш фуқаролик процессуал ҳуқуқ назариясида суд ҳимоясида бўлган ҳуқуқни таъминлаш усулларидан бири бўлиб кўрилади.
Кимларнинг қандай асослар ва мақсадларда судда вакиллик қилишлари мумкинлигини қуйидагилардан аниқлаш мумкин:
корхона, муассаса, ташкилотлар, жамоа хўжаликлари ва бошқа кооператив ҳамда жамоат ташкилотларининг ўз раҳбарлари, ходимлари шу корхона, муассаса ва ташкилотларнинг ишлари бўйича;
касаба уюшмаларининг вакиллари-ходимларнинг, шунингдек, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш касаба уюшмалари томонидан амалга ошириладиган бошқа шахсларнинг ишлари бўйича;
қонун, устав ёки низомда ўз аъзоларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳуқуқи берилган ташкилотларнинг вакиллари;
қонун, устав ёки низомда бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳуқуқи берилган ташкилотларнинг вакиллари;
адвокатлар;
иштирокчилар (шерик даъвогарларга ёки шерик жавобгарлар) дан бири ФПКнинг 41-моддага кўра, бошқа иштирокчиларнинг топшириғи бўйича вакил бўла оладилар.
Ваколат берувчи билан вакиллик қилувчи ўртасидаги муносабатлар фуқаролик, оила, меҳнат ва маъмурий ҳуқуқий меъёрлари билан тартибга солинади (масалан, ФКнинг 129-141-моддалари, Оила кодексининг 173-193-моддалари, Маъмурий жавобгарлик кодексининг 295-297-моддаларидир).
Судда вакиллик турлари тубандагича: қонуний вакиллик; ихтиёрий (шартномали) вакиллик; касаба уюшмалари ва бошқа жамоат ташкилотларининг вакиллари; юридик шахсларнинг вакиллиги ва уставли вакиллик бўлиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |