322-м о д д а. Апелляция шикояти бериш (протести
келтириш) тартиби
Апелляция шикоятлари ва протестлари апелляция инстанцияси номига ёзилади, лекин ҳал қилув қарори чиқарган судга берилади.
Вакил томонидан берилган апелляция шикоятига ишончнома ёки вакил ҳуқуқларини тасдиқлайдиган бошқа ҳужжат илова қилиниши лозим.
Апелляция шикояти ёки протести судга ишда иштирок этувчи шахсларнинг сонига мутаносиб миқдорда нусхалари билан берилади.
Зарур ҳолларда судья, апелляция шикояти берган шахс ёки апелляция протести келтирган прокурор зиммасига апелляция шикояти ёки протестига илова қилинган ёзма ҳужжатларнинг нусхаларини ҳам ишда иштирок этувчи шахслар сонига мутаносиб миқдорда топшириш мажбуриятини юклаши мумкин.
1. Апелляция шикоятини (протестини) қайси суд номига ёзиш ва бериш масаласи фуқаролик процессуал қонунчилигида айрим мунозараларга сабаб бўлган. Аксарият процессуалист олимлар апелляция шикоятини апелляция инстанцияси суди номига ёзиб тўғридан-тўғри юқори судларга юборишни таклиф қилсалар, бошқалари эса юқори судлар номига ёзилсада, бироқ иш кўрган суд орқали юбориш кераклиги ҳақида фикр билдирганлар.
Бизнинг қонунчилигимизда апелляция шикояти (протести) апелляция инстанцияси суди номига ёзилса-да, лекин ҳал қилув қарорини чиқарган суд орқали юқори судга юбориш тартиби белгиланган бўлиб, биринчи инстанция суди ўзи чиқарган ҳал қилув қарорининг қанчалик қонуний, асосли, адолатли эканлигини билиши ва лозим ҳолларда ўзининг эътирозини ҳам тайёрлаши учун имкон берилиши назарда тутилган. Бундан ташқари, биринчи инстанция судига бериладиган апелляция шикоят (протест)ларини зарур ҳолларда тарафлар учун нусхаларда тайёрлаш лозимлиги ва унга илова қилинадиган ҳужжатларни ишда иштирок этувчи шахсларнинг сонига қараб талаб қилиб олиш тўғрисида топшириқлар бериш учун ҳам имконият беради.
Агар апелляция шикояти, прокурорнинг протести судга почта орқали юборилса, бундай ҳолларда уларни почтага топширган вақти ва судга келиб тушган вақтларига аҳамият бериш лозим, чунки бу ҳолатлар апелляция шикояти (протести) бериш муддатларини ўтган-ўтмаганлигини аниқлаш учун асос бўлади.
2. Апелляция шикояти ёки протестини судга ишда иштирок этувчи шахсларнинг сонига қараб тегишли миқдорда берилишидан мақсад, процессда иштирок этувчи ҳар бир шахс шикоят, протест мазмуни билан хабардор бўлиши ва ўз манфаатларини ҳимоя қилиш учун тортишувчилик принципларига амал қилган ҳолда тайёргарлик кўришига ҳам шароит яратишни назарда тутади.
3. Апелляция шикояти ва протести ФПКнинг 322-моддасига мувофиқ апелляция инстанцияси суди номига ёзилади, лекин ҳал қилув қарори чиқарган судга берилади.
Бевосита апелляция инстанцияси судига берилган шикоят (протест) ФПКнинг 325-моддасига мувофиқ расмийлаштириш учун ҳал қилув қарори чиқарган судга юборилиши лозим.
Апелляция шикоятининг (протестининг) нусхаларини, шунингдек уларга илова қилинган ёзма далилларнинг нусхаларини ишда иштирок этувчи шахсларнинг сонига мутаносиб миқдорда тақдим қилиш қонун билан юклатилган мажбурият эканлигига судларнинг эътибори қаратилиши юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг ўз қарорларида тушунтириш берилади1.
4. Судлар шуни назарда тутиши керакки, биринчи инстанция судида иштирок этувчи вакил, шу жумладан, адвокат суднинг ҳал қилув қарори устидан апелляция тартибида шикоят беришга, башарти ваколат берувчи томонидан берилган ишончномада бундай процессуал ҳаракатни амалга ошириш тўғрисида кўрсатиб ўтилган бўлса, ҳақлидир.2
Do'stlaringiz bilan baham: |