319-м о д д а. Тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга суднинг ажрим ва қарорларидан нусхалар юбориш
Тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг илтимосига кўра уларга ажрим ва қарорларнинг нусхаси берилади.
Апелляция, кассация инстанциясининг суд мажлисига келмаган ва ишни назорат инстанциясида кўришда қатнашмаган тарафлар ва бошқа шахсларга ажрим ва қарорларнинг нусхаси улар чиқарилган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай юборилади.
Иш бўйича чиқарилган суд қарори дарҳол қонуний кучга киргандан кейин, тарафлар ва ишда иштирок этувчи шахслар суд қароридан нусха олиб, у билан танишиш ҳуқуқига эга.
Суд процессига келмаган тарафлар ва бошқа шахсларга 10 кун ичида суд қарорининг нусхаси юборилиши шарт. Мазкур ҳолат бевосита суд қарори билан танишишга, қонунда кўрсатилган асосларга кўра шикоят (протест) келтиришга имконият туғдиради.
37-боб. БИРИНЧИ ИНСТАНЦИЯ СУДИНИНГ ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРЛАРИ ВА АЖРИМЛАРИ УСТИДАН АПЕЛЛЯЦИЯ ШИКОЯТИ БЕРИШ (ПРОТЕСТИ КЕЛТИРИШ)
320-м о д д а. Апелляция шикояти бериш (протести
келтириш) ҳуқуқи ва муддати
Суднинг ҳал қилув қарори чиққан кундан эътиборан йигирма кун ичида тарафлар ва ишда иштирок этишга жалб қилинган шахслар ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти беришлари, прокурор протест келтириши мумкин. Кўрсатилган муддат ўтганидан кейин берилган шикоят (протест) кўрилмайди ва шикоят (протест) берган шахсга қайтарилади. Ўтказиб юборилган муддатни тиклаш масаласи ушбу Кодекснинг 130-моддаси қоидалари асосида ҳал этилади.
1. Суд тизимини ислоҳ қилиш билан боғлиқ бўлган саъй-ҳаракатлар қисқа давр ичида ўзининг ижобий ҳосилини бермоқда. Мустақиллик туфайли республикамизда илғор хорижий давлатларнинг ҳуқуқшунослик соҳасидаги ютуқларини ўрганиш ва уларни таҳлил қилиш орқали халқаро андозаларга тўғри келадиган, бизнинг урф-одатларимизга, шароитимизга, анъаналаримизга хос ва мос бўлган бир қатор қонун ва ҳуқуқий меъёрлар ҳаётимизга татбиқ этилди ва этилмоқда. Шулар жумласига фуқаролик процессуал қонунчилигига апелляция институтининг киритилганлигини келтириш мумкин. Апелляция институти Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 2-чақириқ тўртинчи сессиясида (2000 йил 14 декабрда) қабул қилинган қонунга кўра, ФПКга махсус боб сифатида киритилди.
Фуқаролик процессуал кодексига апелляция тартибида иш юритиш институтининг киритилиши процессуал қонунчиликда катта бурилиш бўлди десак муболаға бўлмайди, чунки апелляция тартибида иш юритишнинг мақсад ва вазифалари инсон манфаатларини, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳар тарафлама ҳимоя қилишга қаратилганлигидадир.
Иккинчи инстанция тариқасида иш кўрувчи апелляция инстанцияси судлари биринчи инстанция судининг кўрган ишларини қайта, мазмунан, тўлиқ кўради ва иш юзасидан янги қарор (ажрим) чиқаради.
Апелляция инстанцияси судида ишларни қайта ва мазмунан кўриш деганда ФПКга кўра, фуқаролик ишларини биринчи инстанция тартибида туманлараро судларида якка судьянинг ўзи кўриши туфайли моддий ва процессуал ҳуқуқий меъёрларни татбиқ этишда йўл қўйилган хато ва камчиликларни ҳайъат таркибида юқори судда тузатиш имконини берадиган, ҳуқуқий ҳимоя қилувчи суд босқичи тушунилади.
Фуқаролик ишларини апелляция тартибида кўришнинг кассация тартибида иш юритиш билан ўхшаш жиҳатлари бўлса-да, бу институтларнинг ўзига хос хусусиятлари мавжуд бўлганлиги туфайли бир-биридан фарқланади. Ушбу бобда, ундан кейингиларида ҳам, ана шу фарқлар ва хусусиятлар ҳақида фикр юритилади.
Прокурор апелляция ёки кассация инстанциясига муайян ишда иштирок этганлигидан қатъи назар, назорат тартибида эса суднинг ҳал қилув қарори, ажрими, қарори устидан ўз ваколати доирасида протест келтиради. Бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиб, судда иштирок этган давлат бошқаруви органлари, муассасалар, корхоналар, жамоат ташкилотлари, шунингдек айрим фуқаролар ҳам шикоят қилиш ҳуқуқига эгадирлар.
2. Шикоят бериш (протест келтириш) ҳуқуқи суднинг ҳал қилув қарори чиқарилганидан кейин пайдо бўлади. Бу ҳуқуқ апелляция шикояти берилиши билан амалга оширилади.
Апелляция шикояти юқори суд инстанцияси номига ёзилиб, фуқаролик ишига қўшилган ҳолда қарор чиқарган судга тақдим этилади.
Биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирмаган ҳал қилув қарорлари ва ажримлари апелляция шикояти (протести) бериш ҳуқуқининг объекти бўлиб ҳисобланади. Апелляция шикояти ёки протести суд томонидан ҳал қилув қарори чиқарилган кундан бошлаб йигирма кун ичида берилиши мумкин. Кўрсатилган муддат ўтгандан сўнг берилган шикоят (протест) кўрилмасдан қолдирилади ва шикоят (протест) берган шахсга қайтарилади. Қонун билан белгиланган бу муддат ўзгартирилмайди. Агар бу муддатнинг ўтказилишини суд узрли деб топса, уни тиклаш тўғрисидаги масалани кўриб, ҳал этади.
Қонунда апелляция муддатини белгилашдан мақсад, иккинчи инстанция судида ишнинг тез кўрилишини таъминлайди ва ишда иштирок этувчи шахсларга кўрилган иш материаллари билан танишиш ҳамда иш юзасидан чиқарилган қарорга рози бўлмаганида, шикоят (протест) билдиришга имконият беришдан иборат. Ишда иштирок этувчи шахслар шикоят бериш ҳуқуқидан эркин фойдаланишлари, жумладан, берган шикоятларидан воз кечишлари ҳам мумкин. Аммо уни қабул қилиш-қилмаслик ваколати судга тегишлидир.
Судлар апелляция шикояти (протести) берган шахс апелляция шикояти беришнинг (протести келтиришнинг) ФПКнинг 320-моддасида белгиланган йигирма кунлик муддатига риоя қилган-қилмаганлигини текшираётганда бу муддат ФПКнинг 127-моддасига мувофиқ ҳал қилув қарори чиқарилган куннинг эртасидан бошланишини инобатга олишлари лозим.
Апелляция тартибидаги шикоят (протест) белгиланган муддат ўтганидан кейин берилган бўлса, суд ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти (протести) бераётган шахсга унинг ушбу муддатни тиклаш ҳақида ариза билан мурожаат қилиш ҳуқуқини тушунтириши лозим.1
Судларга шу нарса тушунтириб ўтилсинки, апелляция шикояти (протести) бундай шикоят (протест) бериш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан берилган ёки ариза берувчи апелляция тартибида шикоят бериш муддатини ўтказиб юборган ва бу муддатни тиклашни сўрамаган ҳолларда суд апелляция шикоятини (протестини) қабул қилишни рад қилади ҳамда бу ҳақда ажрим чиқариб, рад қилишнинг сабабларини баён этади (Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2004 йил 21 майдаги “Фуқаролик ишларини апелляция тартибида кўриш амалиёти ҳақида”ги Пленум қароридан)2.
Do'stlaringiz bilan baham: |