325-м о д д а. Апелляция шикояти ёки протестини олгандан сўнг биринчи инстанция судининг ҳаракатлари
Судья ёки суд раиси апелляция шикояти ёки протестини олгандан сўнг: 1) ишда иштирок этувчи шахсларга шикоят ёки протестнинг нусхаларини юбориши; 2) ишда иштирок этувчи шахсларга апелляция инстанцияда ишни кўриш вақти ва жойи тўғрисида маълум қилиши; 3) ҳал қилув қарори устидан шикоят бериш ёки протест келтириш учун белгиланган муддат ўтган вақтдан эътиборан ўн кун ичида ишни тушган шикоят ёки протест билан бирга апелляция инстанцияси судига юбориши шарт. Ҳал қилув қарори устидан шикоят бериш ва протест келтириш учун белгиланган муддат ичида ҳеч ким ишни суддан талаб қилиб олиши мумкин эмас. Ишда иштирок этувчи шахслар судда иш материаллари ва тушган шикоятлар ёки протест билан танишишга ҳақлидирлар.
1. Биринчи инстанция суди ҳал қилув қарорига нисбатан апелляция шикояти ёки протестини олгандан сўнг, уни юқори судга тайёрлаш орқали апелляция инстанцияси судида ишни тез ва сифатли кўриб ҳал этилишига боғлиқ масалага замин тайёрлаган бўлади.
Қонун (ФПКнинг 325-моддаси)да судья апелляция шикояти ёки протестини олганидан сўнг, ишнинг апелляция инстанциясида ҳар томонлама, объектив равишда ва тезлик билан кўрилишини таъминлашга қаратилган баъзи ҳаракатларни қилишга мажбур эканлигини кўрсатади. Судья ёки суд раиси ишда иштирок этувчи шахсларга шикоят ёки протестнинг нусхаларини юборади, уларни ишни кўриш вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилади, ҳал қилув қарори устидан шикоят бериш ёки протест келтириш учун белгиланган муддат ўтган вақтдан бошлаб ўн кун ичида ишни шикоят ёки протест билан бирга апелляция инстанцияси судига юборади.
Ҳал қилув қарори устидан шикоят бериш ва протест келтириш учун белгиланган муддат ичида ҳеч ким ишни суддан талаб қилиб олиши мумкин эмас ва иш судда сақланиб туради. Бу ўз навбатида, ишда иштирок этувчи шахсларнинг суддаги иш материаллари ва тушган шикоятлар ёки протест билан танишишларига имкон беради.
Фуқаролик процессуал қонунчилигида ишда иштирок этувчи шахсларга шикоят ва протестнинг нусхаларини юбориш ҳақида қатъий муддат белгиланмаган бўлса-да, бизнинг фикримизча, биринчи инстанция суди шикоятни (протестни) олгандан сўнг 3-4 кун ичида ишда иштирок этувчи шахсларга шикоят (протест)ларнинг нусхаларини юбориши мақсадга мувофиқ бўлади.
Ушбу қоидада биринчи инстанция судининг ишда иштирок этувчи шахсларга апелляция инстанциясида ишни кўриш вақти ва жойи тўғрисида маълум қилиши ҳақида фикр юритилади. Апелляция инстанциясида судларнинг иш услубларини ҳамда иш ҳажмларини эътиборга олган ҳолда апелляция шикоятини (протестини) кўриш вақтлари ва жойи ҳақида биринчи инстанция суди раиси ёки судья эмас, балки апелляция инстанцияси суди томонидан амалга оширилиши биринчи инстанция судларининг иш ҳолатларини енгиллаштирган бўлар эди.
2. Агар шикоят ёки протест почта орқали судга тушган ҳолларда манфаатдор ва бошқа шахслар умумий тартибда (ФПКнинг 132-140-моддалари асосида) хабардор қилинадилар.
Агар биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорига нисбатан берилган шикоят (протест)ларнинг процессуал муддати ўтказилиб берилган бўлса ҳам у ишга қўшилиши ва апелляция судига юборилиши лозим.
Апелляция инстанцияси судлари томонидан апелляция шикояти (протести) бўйича ишлар ўз вақтида кўрилишини таъминлаш мақсадида, процессуал қонун ҳужжатларини апелляция шикояти (протести) олинганидан кейин бажариш лозим бўлган ҳаракатлар тўғрисидаги нормаларига биринчи инстанция судлари қатъий риоя этиши лозим.
Судья ёки суд раиси апелляция шикояти ёки протестини олганидан сўнг, ФПКнинг 325-моддасига мувофиқ, ишда иштирок этувчи шахсларга шикоят ёки протестнинг нусхаларини юбориши, ишда иштирок этувчи шахсларни апелляция инстанциясида ишни кўриш вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилиши, ҳал қилув қарори устидан шикоят беришнинг (протест келтиришнинг) ФПКнинг 320-моддасида белгиланган муддати ўтган вақтдан эътиборан ўн кун ичида ишни тушган шикоят ёки протест билан бирга апелляция инстанцияси судига юбориши шарт1.
Апелляция инстанцияси судларига шу нарса кўрсатиб ўтилсинки, ишлар апелляция шикояти (протести) билан бирга тушганда ФПК 325-моддасининг 3-бандида белгиланган муддатларга риоя қилинганлигини аниқлаш ва бу муддат бузилганлиги билан боғлиқ ҳар бир ҳолатга хусусий ажрим чиқариш йўли билан муносабат билдириш зарур.