333-м о д д а. Суд мажлисидаги тартиб
Апелляция инстанцияси судининг мажлисида раислик қилувчи ушбу Кодекснинг 164, 165 ва 166-моддаларига амал қилган ҳолда, суд мажлисида тегишли тартибни таъминлаш чораларини кўради.
1. Юқорида баён қилганимиздек, апелляция тартибида иш юритишнинг кўп жиҳатларини биринчи инстанция суди мажлисида белгиланган процессуал тартиб қоидаларида учратиш мумкин.
Биринчи инстанция судида иш кўришда апелляция инстанцияси судида ҳам процесснинг қонун доирасида олиб борилиши раислик қилувчининг маҳоратига ва тажрибасига боғлиқ. Ишни кўришда судда иштирок этаётган тарафлар ва бошқа шахсларнинг ҳаракатлари қатъий ўрнатилган процессуал тартиб асосида олиб борилиши талаб қилинади. Раислик қилувчи суд мажлисига раҳбарлик қилиб, ишдаги барча ҳолатларни, тарафларнинг ҳуқуқ ва вазифаларини тўлиқ, ҳар томонлама ва холисона равишда аниқлашни таъминлайди, кўрилаётган ишга алоқаси бўлмаган ҳамма нарсани суд текширувидан чиқариб ташлайди.
Ишда иштирок этувчи шахслардан, вакиллар, экспертлар, мутахассислар, таржимонлар, гувоҳлардан бирортаси раислик қилувчининг ҳаракатига қарши эътироз билдирган тақдирда, бу эътирозлар суд мажлисининг баённомасига киритилади ва ушбу масала суднинг тўла таркибида ҳал қилинади. Раислик қилувчи суд мажлисида тегишли тартибни таъминлаш учун зарур бўлган чораларни кўради (ФПКнинг 164-моддаси).
Ишни текшириш вақтида тартибни бузган шахсни раислик қилувчи суд номидан огоҳлантиради. Ишда қатнашувчи шахслар, вакиллар, гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар, таржимонлар тартибни такроран бузсалар суднинг ажрими билан, бошқа фуқаролар эса раислик қилувчининг фармойиши билан суд мажлиси залидан чиқариб юборилиши мумкин. Шунингдек, суд ишни кўришда ҳозир бўлган фуқароларга бу ҳолда энг кам белгиланган иш ҳақининг беш баравари миқдорида жарима солишга ҳақли.
Прокурор ёки адвокат раислик қилувчининг фармойишларига итоат қилмасалар, улар огоҳлантириладилар. Мазкур шахслар раислик қилувчининг фармойишларига яна итоат этмасалар, агар уларни ишга зарар етказмай туриб бошқа шахс билан алмаштириш мумкин бўлмаса, суднинг ажрими билан ишни кўришни кейинга қолдириш мумкин. Айни вақтда суд бу ҳақда тегишлича юқори турган прокурорга ёки адвокатлар малака комиссиясига маълум қилади.
Суд мажлисида тараф ёки учинчи шахс тартибни бузса, суд тартиббузарни иш кўриладиган ҳамма вақтга ёки унинг бир қисмига мажлис залидан чиқариб юборади. Вақтинча чиқариб юборилган шахсни суд раиси унинг йўқлигида қилинган процессуал ҳаракатлар билан таништиради. Суд мажлисида ҳар икки тараф (учинчи шахслар) тартибни бузса, суд ишни кўришни кейинга қолдириши мумкин (ФПКнинг 166-моддаси). Суд мажлиси жараёнида фуқаролар томонидан оммавий тартибсизликларга йўл қўйган бўлсалар, суд бундай ҳолларда ҳам ишни кўришни кейинга қолдиришга ҳақли.
Ишда иштирок этувчи шахсларнинг ўзаро ва суд билан тўғри муносабатда бўлишлари ҳамда айрим процессуал масалаларни шошилмай, ҳар тарафлама ўйлаб, ҳал этилиши, суд томонидан қилинадиган турли процессуал ҳаракатлар оқибатларининг аниқ тушунтириб борилиши суд обрўсини кўтаради, судда иш кўришнинг тарбиявий таъсирини кучайтиради.
Фуқаролик ишларини судда кўришда биринчи инстанция тартибида ишни судьянинг якка ўзи олиб боради, агар иш суд таркибида кўрилса, ишни кўриш ва ҳал қилув қарорини чиқариш билан боғлиқ барча масалаларни ҳал қилишда судьялар, суд мажлисида раислик қилувчи билан тенг ҳуқуқлардан фойдаланадилар.
Фуқаролик ишлари умумий қоидага кўра ошкора кўрилади, бу эса, ўз навбатида одил судловни амалга оширишда халқнинг назоратини таъминлайди. Қонунда назарда тутилган ҳолларда, иш ёпиқ суд мажлисида кўрилади, чунончи, давлат сирларини сақлаш, шунингдек фуқароларнинг шахсий, қонуний манфаатларини талаб қилган ҳолларда иш ёпиқ суд мажлисида кўрилади. Ишда иштирок этувчи шахсларнинг ҳаётига тааллуқли маълумотлар ошкор бўлишига йўл қўймаслик мақсадида ҳам иш ёпиқ мажлисда кўрилиши мумкин. Фуқаролик ишининг ёпиқ суд мажлисида кўрилишида кимларнинг қатнашишлари мумкинлиги ФПКнинг 10-моддасида кўрсатилган. Иш кўриш судьяларнинг ўзгармас таркибида олиб борилади. Агар процесс давомида судьялардан бири алмаштирилса, бу иш яна қайтадан бошлаб кўрилиши керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |