2-кичик бўлим. ДАЪВО ИШЛАРИНИ ЮРИТИШ
21-боб. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
239-м о д д а. Судда даъво ишларини юритиш тартибида
кўриладиган ишлар
Судда даъво ишларини юритиш тартибида кўриладиган ишларга фуқаролик муносабатларидан, меҳнатга, оилага, уй-жойга доир ва бошқа ҳуқуқий муносабатларидан келиб чиқадиган даъволар бўйича ишлар киради, башарти, қонун ҳужжатларида уларни кўришнинг ўзга тартиби белгиланган бўлмаса.
1. Фуқаролик процессуал қонунларида (ФПКнинг 2-моддаси) фуқаролик суд ишларини юритиш турларидан бири сифатида даъво тартибида юритиладиган ишларнинг судларга тааллуқли эканлиги белгиланган.
Даъво ишларини судда кўрилиши учун албатта тарафлардан ҳар иккиси ёки ҳеч бўлмаганда биттаси фуқаро бўлиши, улар ўртасида низо вужудга келиши талаб этилади. Шулар билан бир қаторда, юқоридаги талабларни ривожлантириб, даъво тартибида фуқаролик, меҳнат, оила, уй-жой муносабатларидан келиб чиқадиган ишлар даъво тартибида юритиладиган ишлар жумласига киритилган.
Амалдаги фуқаролик процессуал қонунимизда судда даъво ишларини юритиш тартибида кўриладиган ишларнинг рўйхати кам берилганлиги кўринади. Ваҳоланки, амалиётда судда даъво тартибида кўриладиган ишларнинг тури ниҳоятда кўплиги ҳеч кимда шубҳа туғдирмайди. Шу боисдан ҳам судда даъво тартибида кўриладиган фуқаролик ишларининг, масалан, ер ҳуқуқи, солиқ, сайлов ва референдум ўтказиш, экология, муаллифлик ҳуқуқи ва бошқалар ҳисобига тааллуқли ишларни рўйхатини кенгайтириш мақсадга мувофиқдир.
Булардан ташқари, судда даъво ишларини юритиш тартибида кўриладиган ишларнинг қайси суд бўғинларида кўрилишини аниқлаш ҳам мақсадга мувофиқдир.
240-м о д д а. Даъво ишларини кўриш тартиби
Даъво ишлари ушбу Кодекснинг 21-25-бобларида кўрсатилган истисно ва қўшимчалар билан бирга фуқаролик суд ишларини юритишнинг умумий қоидаларига мувофиқ кўрилади.
Суд амалиётида фуқаролик суд ишларини юритиш турларидан бири бўлган даъво тартибида иш кўриш низоли бўлганлиги туфайли бошқа турдаги иш юритиш тартибига нисбатан кўпчиликни ташкил этади. Шунинг учун ҳам судлардан бундай ишларни ҳал этишда процессуал қоидаларга амал қилган ҳолда низоли масалаларни ҳал этишлари талаб этилади.
Даъво ишлари қонунда кўрсатилган истисно ва қўшимчаларга амал қилган ҳолда фуқаролик ишларини кўришга оид фуқаролик суд ишларини юритишнинг умумий қоидалари асосида кўриб ҳал этилади. Бу дегани, даъво ишларини кўриш тартибининг умумий қоидалари асосида алоҳида тартибда кўриладиган ишлар, органлар ва мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан берилган шикоятлар бўйича ишларга ҳам тегишли бўлиб, фақат бундай ишларнинг айрим хусусиятлари ҳисобга олинади. Шунинг учун ҳам масаланинг ечимини топишга қаратилган процессуал ҳаракатлар ишда иштирок этувчи шахслар ва алоҳида субъект ҳисобланмиш суд томонидан амалга оширилади.
Масалан, никоҳдан суд тартибида ажратиш низоли (даъволи) бўлиши билан бир қаторда, бундай туркумдаги ишларни кўриб ҳал этишда суд иш қўзғатишдан тортиб, уни тайёрлашда, мазмунан кўришда, ҳал қилув қарорини чиқариш, уни ижро қилиш билан боғлиқ хусусиятлари мавжудки, уларга суд амал қилишга мажбур, акс ҳолда ҳал қилув қарори асослантирилмаган, ғайриқонуний ва адолатсиз ҳисобланади.
Юқорида келтирилган даъво ишларини юритиш тартибидаги айрим хусусиятларни инобатга олган ҳолда уни бошқа турдаги иш юритишдан фарқлаш лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |