168-м о д д а. Таржимонга унинг вазифаларини
тушунтириш
Раислик қилувчи таржимонга унинг вазифаси суд иш юритаётган тилни билмайдиган шахсларнинг тушунтиришларини, кўрсатувларини, арзларини, бу шахсларга эса тушунтиришларнинг, кўрсатувларнинг, арзларнинг, ўқиб эшиттириладиган ҳужжатларнинг мазмунини, шунингдек раислик қилувчининг фармойишларини, иш бўйича суднинг ҳал қилув қарори ва ажримини таржима қилиб беришдан иборат эканлигини тушунтиради.
Раислик қилувчи таржимонни била туриб ёлғон таржима қилганлик учун, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 238-моддаси бўйича жавобгар бўлиши тўғрисида огоҳлантиради.
1. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида (115-моддаси) «Судлар тўғрисида»ги Қонунда (8-модда), шунингдек ФПКнинг 9-моддасида суд ишларини юритиладиган тил тўғрисидаги қоидалар ифодаланган. Бу қоидаларда қуйидагилар, жумладан:
Ўзбекистон Республикасида фуқаролик суд ишлари ўзбек тилида, қорақалпоқ тилида ёки муайян жойдаги кўпчилик аҳоли сўзлашадиган тилда юритилади.
Суд ишлари юритиладиган тилни билмайдиган шахсларга ишга тааллуқли материаллар билан ўз она тилида тўлиқ танишиб чиқиш, она тилида кўрсатув ва тушунтиришлар бериш, судда сўзлаш, арз билан мурожаат этиш ва илтимосномалар тақдим этиш, шунингдек ушбу Кодексда белгиланган тартибда таржимоннинг хизматидан фойдаланиш ҳуқуқи таъминланади.
Суд ҳужжатлари ишда иштирок этувчи шахсларга уларнинг она тилларига ёки улар биладиган бошқа тилга таржима қилиб топширилади.
Таржимоннинг процессуал ҳаракатлари судда иш кўришни бошлаши биланоқ бошланади, чунки тилни билмайдиган тарафлар ва бошқа шахслар амалга оширилаётган барча процессуал ҳаракатлардан хабардор бўлиши лозим.
Раислик қилувчи таржимонга унинг процессуал ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтиради. Таржимон ҳар бир масалани аниқ ва тиниқ таржима қилиши, тилни билмайдиган шахсни кўрсатувларини, арзларини иш билан раислик қилувчининг фармойишларини тил билмаган шахсга тўлиқ таржима қилиб бериш мажбурияти юкланади. Таржимада кўрсатувлар арзларни қисқартириб берилишига йўл қўйиш тақиқланади. Шунинг учун ҳам таржимон нотўғри таржима қилганлиги учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 238-моддасига кўра, жиноий жавобгарликка тортиш масаласи ўз ифодасини топган.
2. Фуқаролик ишларини судда кўришда таржимоннинг таржимасига эътибор бермаслик ишларни бекор бўлишига ҳам сабаб бўлади, масалан, қонуний кучга кирган ҳал қилув қарорлари, ажримлари ва қарорлари янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш учун суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланган ва ноқонуний, асоссиз ёки адолатсиз қарор чиқарилишига сабаб бўлган ҳолатлар, яъни гувоҳнинг била туриб берган ёлғон кўрсатуви, экспертнинг била туриб ёлғон хулосаси, атайин нотўғри қилинган таржима, қалбаки ҳужжатлар ёки ашёвий далиллар шулар жумласидандир.
Судда раислик қилувчи таржимоннинг мажбурияти билан бир қаторда унинг ҳуқуқи тўғрисида ҳам тушунтириш беради, масалан, ФПКнинг 112-моддасига кўра, таржимонлар хизматлари учун қонунда белгиланган ҳақларини улар ўз вазифаларининг бажариб бўлганларидан сўнг, харажатлар тарафлардан ундириб олинган-олинмаганлигидан қатъи назар суд томонидан тўланиши, ишга бормаган вақтлари учун ўртача иш ҳақи иш жойида сақланиши кўрсатилган. Бундай ҳуқуқларга таржимоннинг хизмат вазифасига кирмаган тақдирдагина ҳақли бўлиши ҳақидаги тушунтиришлар ва ҳоказо.
Do'stlaringiz bilan baham: |