Рад қилиш учун асослар, рад қилиш ҳақидаги арзни ҳал қилиш тартиби ва бундай арзларни қаноатлантириш оқибатлари ушбу Кодекснинг 3-бобига мувофиқ белгиланади.
1. Иш кўришда қатнашувчи шахслар, шунингдек суд залида ҳозир бўлганлар суд таркибини билишлари лозим. Шу боисдан ҳам ушбу қонунда раислик қилувчи суднинг таркибини эълон қилади ва кимлар прокурор, эксперт, мутахассис, таржимон, суд мажлиси котиби сифатида иштирок этишини маълум қилади. Судья ва процесснинг бошқа иштирокчиларини рад қилиш тартиби, уларнинг судья, прокурор ва процесснинг бошқа иштирокчиларини рад этишга доир ҳуқуқлари, яъни улардан бири ёки бир нечасини ишда иштирок этишдан четлатиш тўғрисида арз қилишлари мумкинлигини тушунтиради. Агар рад этиш ҳақида арз қилинган бўлса, унинг сабаблари аниқланади, ишда иштирок этувчи шахсларнинг фикрлари ва кимга нисбатан четлатиш билдирилган бўлса, унинг баёноти эшитилади ва суд (судья) четлатиш тўғрисидаги масалани ҳал қилиш учун алоҳида хонага киради.
Фуқаролик ишини кўришда иштирок этишдан рад этиш асослари ва бу масалага оид бошқа қоидалар ФПКнинг 25-30-моддаларида белгиланган. Жумладан, судья, прокурор, ишнинг оқибатидан манфаатдор бўлсалар ёки уларнинг беғаразликларига шубҳа туғдирадиган бошқа ҳолатлар мавжуд бўлса, улар ишни кўришда иштирок эта олмайдилар ва ишдан четлатилишлари лозим.
Четлатиш тўғрисидаги арз асослантирилган бўлиши ва ишни мазмуни бўйича кўришдан олдин билдирилиши керак. Четлатиш тўғрисида кейинчалик арз қилишга, фақат бунинг учун асосларнинг бўлиши судга ёки кимга нисбатан арз қилинадиган бўлса-шу шахсга ишнинг кўрилиши бошланганидан сўнг маълум бўлган бўлсагина йўл қўйилади.
Четлатиш учун асослар деганимизда, кимга нисбатан четлатиш тўғрисида арз қилинган бўлса, бу шахснинг ишда иштирок этувчи шахслар билан дўстлик, қариндошлик муносабатларида бўлиши, хизмат жиҳатидан ёки бошқача манфаатдор бўлишлиги тушунилади.
ФПКнинг 25-26-моддаларида кўрсатилган ҳолатлар мавжуд бўлса, судья, прокурор, эксперт, мутахассис, таржимон, суд мажлисининг котиби бу ҳақда судга арз қилишга мажбур, яъни ўзини ўзи четлатиш тўғрисида масала қўйишлари керак. Шу асослар бўйича ишни кўришда иштирок этувчи шахсларга ҳам четлатиш ҳақида арз бериши мумкин.
Четлатиш бериш тўғрисида арз қилинган тақдирда суд ишда иштирок этувчи шахсларнинг фикрларини, шунингдек ишни кўришдан четлатилиши талаб қилинган шахснинг сўзини, агар у изоҳ беришни хоҳласа, эшитиши керак.
Юқори судларда ишни кўришдан четлатиш масаласи четлатиш берилган судьянинг иштирокисиз қолган судьялар томонидан ҳал қилинади. Четлатишни ёқлаб берилган овозлар сони тенг бўлса, судья ишни кўришдан четлатилган ҳисобланади.
Икки судьяни ёки суднинг бутун таркибини рад қилиш талаб қилинганида рад қилиш масаласи шу суднинг тўлиқ таркибида оддий кўпчилик овоз билан ҳал қилинади.
Прокурор, эксперт, таржимон ва суд мажлисининг котибини рад қилиш масаласини ишни кўриб чиқаётган суд ҳал қилади.
Судья ёки суднинг бутун таркиби рад қилинган тақдирда, иш шу туманлараро, туман (шаҳар) судида, лекин судьяларнинг бошқа таркибида кўрилади ёки кўриш учун бошқа туманлараро, туман (шаҳар) судига ўтказилади.
Иш Ўзбекистон Республикаси Олий судида, Қорақалпоғистон Республикаси Олий судида, вилоят суди ва Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари бўйича судларида кўрилаётганида судьялар ёки суднинг бутун таркиби рад қилинса, иш шу судда, лекин судьяларнинг бошқа таркибида кўрилади.
Агар фуқаролик ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Олий судида, фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди ёки Тошкент шаҳар судида ФПКнинг 25-моддасида кўрсатилган сабабларга кўра рад қилиш тўғрисидаги арз қаноатлантирилганидан сўнг шу ишни кўриш учун суднинг янги таркибини ташкил қилишга имкон бўлмаса, иш Ўзбекистон Республикаси Олий судига ўтказилиши лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |