166-м о д д а. Суд мажлисида тартибни бузувчиларга
нисбатан кўриладиган чоралар
Ишни кўриш вақтида тартибни бузган шахсни раислик қилувчи суд номидан огоҳлантиради.
Ишда қатнашаётган шахслар, гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар, таржимонлар тартибни такроран бузган тақдирда суднинг ажримига биноан ишни кўришда ҳозир бўлган фуқаролар эса, раислик қилувчининг фармойиши билан суд мажлиси залидан чиқариб юборилиши мумкин. Шунингдек суд ишни кўришда ҳозир бўлган фуқароларга, агар улар тартибни бузсалар, энг кам иш ҳақининг беш бараваригача миқдорда жарима солишга ҳақли. Фуқаролар оммавий тарзда тартибни бузган тақдирда суд ишни кўришни кейинга қолдириши мумкин.
Прокурор ёки адвокат раислик қилувчининг фармойишларига итоат қилмасалар, улар огоҳлантирилади. Мазкур шахслар раислик қилувчи фармойишларига яна итоат этмасалар, агар уларни ишга зарар етказмаган ҳолда бошқа шахс билан алмаштиришнинг имкони бўлмаса, суднинг ажримига биноан ишни кўриш кейинга қолдирилиши мумкин. Айни вақтда суд бу ҳақда тегишлича, юқори турувчи прокурорга ёки адвокатлар малака комиссиясига маълум қилади.
Суд мажлисида тараф ёки учинчи шахс тартибни бузса, суд тартиббузарни иш кўриладиган ҳамма вақтга ёки унинг бир қисмига мажлис залидан чиқариб юборади. Вақтинча чиқариб юборилган шахс суд мажлиси залига қайтадан қўйилганда раислик қилувчи уни залда бўлмаган вақтида қилинган процессуал ҳаракатлар билан таништиради. Суд мажлисида ҳар икки тараф (учинчи шахслар) тартибни бузса, суд ишни кўришни кейинга қолдириши мумкин.
1. Суд процессини амалдаги процессуал қонунлар асосида ўтказиш ва уни муваффақиятли якунлаб тегишли қарор чиқариш раислик қилувчининг маҳоратига боғлиқ.
Суд мажлисини очиқ ошкора ўтказиш бу ўз навбатида фуқароларнинг судьянинг бу борадаги иши устидан халқ назоратини ўрнатиш демакдир. Шу боисдан судья ҳар бир процессуал ҳаракатларини қонунга амал қилган ҳолда бажариши талаб этилади. Албатта, ҳар қандай суд процесси ҳамиша ҳам силлиқ ўтавермайди, шунинг учун ҳам процессуал қонунчилик қонунларни бузилиш ҳолатларига тегишли чоралар кўришни белгилайди.
Агар ишни кўриш вақтида тартиббузарликлар аниқланса, тегишли шахсларни раислик қилувчи суд номидан огоҳлантириши лозим.
Суд мажлисида тартибни бузиш деганда-раислик қилувчининг қонуний талабларига, кўрсатмаларига эътибор бермасдан ҳурматсизларча муносабатда бўлиш, шунингдек ишни тўғри ҳал этиш учун турли йўллар билан тўсқинлик қилишга ҳаракат қилиш, қонунни менсимаслик ва бошқа принципларга риоя этмаслик асосида иш тутиш тушунилади. Агар суд процессида ўзининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида даъвогар, жавобгар, учинчи шахслар, уларнинг вакиллари ёки бошқа иштирокчилар ўз фикрларни аниқроқ баён қилиш мақсадида бир неча маротаба сўзга чиқиш ёки бошқа талабларни қўйишлари суд мажлисидаги тартибини бузиш деб қаралмаслиги керак. Айрим ҳолларда раислик қилувчи томонидан тарафларнинг, шунингдек ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг илтимос ва талаблари бир неча марта рад этилган бўлса, “асоссиз талаб қўйган шахс” деб уларни қонунда белгиланган чорани қўллашга ҳаракат қиладилар. Бундай талаб ва илтимосларни бошқаларидан фарқига судья эътибор бериши лозим.
Ушбу шарҳланаётган қоидада судья, суд мажлиси залида тартибни бузувчиларга нисбатан турли чоралар татбиқ қилишга ҳақли эканлиги кўрсатилган. Бу чоралар судья (суд) томонидан процесс иштирокчиларининг кимлигидан қатъи назар огоҳлантирилгандан кейингина татбиқ қилиниши лозим. Масалан:
агар, гувоҳ тартибни бузган тақдирда раислик қилувчининг фармойишига асосан суд залидан чиқариб юборилиши;
агар, суд залида ҳозир бўлган фуқаролар тартибни бузган тақдирда энг кам иш ҳақининг беш бараваригача жаримага тортилиши;
агар, прокурор, адвокат раислик қилувчининг фармойишларига итоат қилмасалар, уларни шу процессда алмаштириш имкони бўлмаса, суд иш юритишни бошқа кунга қолдириш ва бу ҳақида уларнинг тегишли ваколатли органларига хабар бериши;
тарафлар (даъвогар, жавобгар) учинчи шахсларни эса бундай ҳолларда иш кўриладиган маълум вақтга суд залидан чиқариб юбориш назарда тутилган.
Раислик қилувчининг огоҳлантириши ва фармойишлари каби процессуал ҳаракатлари суд мажлисининг баённомасида ўз ифодасини топиши, бошқа турдаги таъсир чоралари эса, асослантирилган ажрим билан расмийлаштирилиши лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |