165-м о д д а. Суд мажлиси залидаги тартиб
Судья (судьялар) мажлис залига кириб келганида ва ундан чиқиб кетаётганида суд мажлиси залида ҳозир бўлганларнинг ҳаммаси ўрнидан туради.
Ўн олти ёшга тўлмаган фуқаролар, агар улар ишда иштирок этувчи шахс ёки гувоҳлар бўлмаса, суд мажлиси залига қўйилмайди.
Ишда иштирок этувчи шахслар, гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар, таржимонлар судга мурожаат қилишда, ўзларининг кўрсатув ва тушунтиришларини баён қилишда тик туриб гапирадилар. Бу қоидадан узрли сабабга кўра четга чиқишга фақат раислик қилувчининг рухсати билангина йўл қўйилиши мумкин.
Ишда иштирок этувчи шахслар, гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар, таржимонлар, шунингдек суд мажлиси залида ҳозир бўлган ҳамма фуқаролар суд мажлисида белгиланган тартибда риоя қилишлари ва раислик қилувчининг фармойишларига сўзсиз итоат этишлари шарт.
Суднинг алоҳида хонада (маслаҳатхонада) чиқарган қарорларини суд мажлиси залида ҳозир бўлганларнинг ҳаммаси тик туриб эшитади.
Фуқаролик ишларини судда кўриш ва одил судлов талабларига амал қилган ҳолда процессни олиб боришда раислик этувчининг моҳирлигига, шунингдек ишда иштирок этувчи шахсларнинг ҳамда суд залида қатнашувчиларнинг процессуал қонунчиликка қанчалик риоя этишларига ҳам боғлиқдир.
Суд мажлисини олиб бориш тартиби қонун билан тартибга солинган, шу жиҳатлари билан бошқа турли хилдаги мажлислардан ўзининг расмийлиги билан фарқланади.
Суд мажлисининг мақсад ва вазифаларидан бири бўлиб, иш бўйича обьектив ҳақиқатни аниқлаш учун келтирилган далилларни таҳлил қилиш ва уларга баҳо бериш билан кифояланмасдан шу билан фуқаролик ишлари бўйича қонунчиликни бузишга асос бўлган ҳолатларни аниқлашда, суд залида иштирок этаётган фуқароларни қонунларни бузмаслик, унга риоя этиш руҳида тарбиялашга қаратилган бўлади. Шунинг учун ҳам суд залига балоғатга етган шахсларнинг киритилиши, ишда иштирок этувчи шахсларнинг ким бўлишидан қатъи назар суд билан бўладиган савол жавобларда ўринларидан туриб мулоқотда бўлишлари судга нисбатан ҳурмат уйғотиш билан унинг тарбиявий аҳамиятга эга бўлиб ҳисобланишидан далолат беради.
Суд мажлисини олиб боришда раислик қилувчи ишга оид бўлмаган турли ҳолатларни суд текширувидан чиқариб ташлаши, ортиқча ҳаракатларга йўл қўйилмаслиги, ишни ишчанлик вазиятда, жиддий ўтказиш талаб этилади.
Раислик этувчи ишда иштирок этувчиларга нисбатан ҳушмуомалали бўлиши билан суд залида тартибни сақлашни қатъийлик асосида судга нисбатан ҳурмат қилиш вазиятида ўтказиш мажлисни маданий ўтишига асос бўлади. Шу билан бир қаторда судья, суд залида иштирок этувчиларга ҳам қўполлик қилмаслиги лозим.
Суд ишларни кўришда қабул қиладиган қарорлари давлат номидан бўлишлиги туфайли унга нисбатан ҳурмат, суд қарорларини эшиттиришда мажлис залида иштирок этувчилар тик туриб эшитишлари ҳам шундан далолат беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |