Парҳез (даволовчи) овқатланиш
Парҳез (даволовчи) овқатланиш ўткир ёки сурункали касалликлари бор (тузалиш, шунингдек, зўрайган даврдаги) инсонлар учун ташкил этилади. Парҳез овқатланиши (синоними – “диетотерапия”) шифокор назорати остида стационарларда, санаторийларда, профилакторийларда, шунингдек, парҳез ошхоналарида амалга оширилади.
Парҳез овқатланиши қуйидаги белгилар ва ўзига хосликларга ажратилади:
бемор одам овқатланишининг мақсади нафақат умумий овқат статусини қўллаб-қувватлаб туришгина эмас, балки парҳез муолажаси (диетотерапия)ни ҳам амалга оширишди;
парҳез овқатланиши касалликнинг клиник манзараси, патологик жараёнларнинг характери ва ривожланиш турига таъсир қилиши мумкин;
парҳез овқатланиши нафақат бошқа терапевтик усулларнинг самарасини оширибгина қолмай, балки сурункали касалликларнинг қўзиши (рецидив) ва зўрайиши сонини, шунингдек, ўткир патологиядан сурункали тусга ўтишини камайтиради (профилактика вазифасини бажаради);
баъзи касалликлар (темиртанқис анемия, фенилкетонурия, целиакия)да парҳез овқатланиши ягона (ёки етакчи) терапевтик омил бўлиши мумкин.
Замонавий парҳез овқатланиши – бу касалликнинг патогенези, клиник манзараси ва ривожланиш динамикасини ҳисобга олувчи табақаланган парҳез муолажаси (диетотерапия)дир.
Даволовчи овқатланиш учта асосий бўғинлардан ташкил топади:
симптоматик парҳез муолажаси (диетотерапия) алоҳида касаллик белгилари бартараф этилишига ёрдам беради;
органоспецифик парҳез муолажаси (диетотерапия) муайян аъзо ёки тизимнинг шикастланиш характерини ҳисобга олади;
метаболик парҳез муолажаси (диетотерапия) парҳез кимёвий таркибининг у ёки бу касаллик турига хос бўлган алмашинув ва морфофункционал бузилишларнинг даражаси ва характерига мослашишини таъминлайди.
Рационал парҳез муолажаси (диетотерапия) барча йўналишлардан фойдаланишни тақозо этади. Масалан, ошқозон яраси касаллигида парҳез муолажаси (диетотерапия) тез-тез, бўлиб-бўлиб овқатланиш ҳисобига ошқозонга тушадиган функционал юкламанинг умумий пасайишини унда узоқ ушланиб қолмайдиган таом ва маҳсулотлардан фойдаланиш, шу билан бирга, яра тез битишига кўмаклашувчи оқсиллар, витаминлар, минерал моддалар организмга етарлича миқдордаги тушишини таъминлашни назарда тутади. Шу билан бирга оғриқ белгиларини йўқотиш учун даволовчи овқатланишнинг барча парҳез турларидан фойдаланилади.
Парҳез муолажаси (диетотерапия) ўзининг услубий асосларига эга ва бир қатор ҳолатларда рационал овқатланиш талабларидан четга чиқиши ҳам мумкин. Парҳез овқатланишидан фойдаланиш кўп йиллик тажрибалар асосида ва замонавий илмий нуқтаи назарлар доирасида ишлаб чиқилган асосий қонун-қоидаларга мувофиқ амалга оширилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |