10-модда. Стандартлаштириш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик
Ушбу Қонун қоидалари бузилишида айбдор бўлган юридик ва жисмоний шахслар, шунингдек давлат бошқарув органларининг мансабдор шахслари амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортиладилар.
IV бўлим. ДАВЛАТ ЙЎЛИ БИЛАН СТАНДАРТЛАШТИРИШ ВА НАЗОРАТ ҚИЛИШГА ДОИР ИШЛАРНИНГ МОЛИЯВИЙ ТАЪМИНОТИ. СТАНДАРТЛАРНИ ҚЎЛЛАШНИ РАҲБАТЛАНТИРИШ
11-модда. Давлат йўли билан стандартлаштириш ва назорат қилишга доир ишларнинг молиявий таъминоти
Cтандартлаштириш ва назорат қилишга доир ишлар, хусусан:
халқаро (давлатлараро, минтақавий) стандартларни, стандартлаштириш қоидалари, нормалари ва тавсияларини ишлаб чиқиш ёки ишлаб чиқишда иштирок этиш;
аниқ стандартлаштириш объектлари бўйича қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш, шунингдек стандартларнинг таркибий ташкилий-техник ва умумтехник мажмуиларини ишлаб чиқиш ва уларнинг амал қилишини таъминлаш;
техник-иқтисодий ахборот классификаторларини ишлаб чиқиш, улар тўғрисида расмий ахборот тайёрлаш ва нашр этиш, шунингдек уларни барча манфаатдор фойдаланувчиларга юбориш;
стандартлаштириш бўйича умумдавлат, аҳамиятига молик илмий-тадқиқот ва ўзга ишларни олиб бориш;
стандартларнинг мажбурий талабларига риоя этилиши устидан давлат назоратини олиб бориш;
стандартлар фондини, техник-иқтисодий ахборотлар классификаторларини, халқаро (давлатлараро, минтақавий) стандартларни, стандартлаштириш қоидалари, нормалари ва тавсияларини, хорижий мамлакатларнинг миллий стандартларини, шунингдек стандартларга мувофиқлик белгиси билан тамғаланган маҳсулот ва хизматлар Давлат реестрини шакллантириш ҳамда юритиш;
стандартлаштириш соҳасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аниқлайдиган ўзга ишлар давлат йўли билан молиявий таъминланиши шарт.
Нашр қилинган (қайта нашр этилган) стандартларни, техник-иқтисодий ахборот классификаторларини, маҳсулот ва хизматлар Давлат реестрига киритилган, стандартларга мувофиқлик белгиси билан тамғаланган маҳсулот ва хизматларнинг нашр қилинган (қайта нашр этилган) каталогини сотишдан белгиланган тартибда олинадиган маблағлар, шунингдек ушбу Қонун қоидаларини бузганлик учун ундириладиган жарима маблағларининг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилайдиган тартибда давлат назорати органларига йўлланадиган қисми ҳам стандартлаштириш, стандартларнинг мажбурий талабларига риоя этилиши устидан давлат назоратига доир ишларни молиявий таъминлаш манбалари бўлиши мумкин.
Республика бюджети маблағларидан тўлиқ ёки қисман таъминланадиган давлат дастурларини ишлаб чиқишда маҳсулот сифатини норматив жиҳатдан таъминлаш бўлимлари назарда тутилиши лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |