I.3. Воҳадаги йирик саноат корхоналарининг фаолияти.
Мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ Республика ҳукумати саноат ишлаб чиқариши мамлакат иқтисодиётини мустаҳкамлашда етакчи ўрин тутишини назарда тутиб, илгари иттифоқ ихтиёрида бўлган НКМКини ривожлантиришнинг зарур чора-тадбирларини кўрди. Ишлаб чиқариш имкониятлари кўп йилларга мўлжалланган НКМК давлат корхонасининг минерал-хомашъё ресурсларидан самарали фойдаланиш, талаб юқори бўлган маҳсулот ишлаб чиқариш турларини кўпайтиришни интенсив йўлга қўйиш чора-тадбирлари кўрилди. Республиканинг иқтисодий қудратини ошириш ва ижтимоий барқарорлигини таъминлаш мақсадида НКМКнинг имкониятлари кенгайтирилди. Жумладан, тўртта вилоят (Бухоро, Навоий, Самарқанд, Тошкент)да жойлашган бешта кон НКМК таркибига киритилиб, унинг базасида Навоий, Зафаробод, Нуробод, Зарафшон, Учқудуқ шаҳарлари, шунингдек “Навоий машинасозлик заводи” ишлаб чиқариш бирлашмаси ва “Зарафшон қурилиш бошқармаси” вужудга келди. Бу шаҳарлар комбинат балансига ўтказилди ва ўзаро автомобиль ва темир йўллар, электр узатиш линиялари орқали боғланди84.
1991 йили Навоий кон-металлургия комбинати негизида республикада олтин қазиб олиш саноатининг иккинчи йирик маркази “Қизилқумнодирметаллолтин” концерни ташкил этилди. 1992 йили Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбеколтин” бирлашмаси негизида Қимматбаҳо металлар давлат қўмитаси тузилди.
1993 йили катта захираси бўлган фосфоритни қайта ишлашга эҳтиёж ошди. Бу масалани ҳал этиш учун Вазирлар маҳкамаси тегишли қарорлар қабул қилди. Мазкур қарор асосида Учқудуқдаги учинчи, Зарафшондаги иккинчи гидрометаллургия заводларида иш бошланди. “Фосфоритстрой” Қизилқум қурилиш бошқармаси ташкил этилди. 1994 йили у Ўзбекистон олтин қазиб олиш ва олмосга ишлов бериш корхоналари уюшмаси (“Ўзолмосолтин”) га айлантирилди85.
НКМКнинг Шимолий кон бошқармаси таркибигага кирган Учқудуқ районининг Кўкпатос ва Довғизтов олтин конлари базасида 1995 йилнинг 14 июнь куни № 3 Гидрометаллургия заводи (ГМЗ-3)нинг биринчи навбати ишга туширилди86. Кўкпатос ва Довғизтов конлари рудаларининг етарли даражада оксидланмаганли ҳисобга олиниб, комбинат ва хорижий мутахассислар (INTEGRA GROUP, АҚШ) билан ҳамкорликда аралаш рудаларни саралашнинг оригинал технологияси ишлаб чиқилди. Натижада рудалардан 50 %гача оксидланган маҳсулот ажратиб олиниб, қайта ишлаш учун (биринчи навбатда ГМЗ-Зга) жўнатилди87.
Учқудуқда Шимолий кончилик бошқармаси учун стратегик жиҳатдан зарур бўлган бу корхонанинг ишга туширилиши нисбатан узоқда жойлашган Қизилқум региони учун муҳим аҳамиятга эга бўлди. 1995 йил сентябрда 230 минг тонна руда қайта ишланиб, режа 121,0 % қилиб бажарилди. Кўрилган чора-тадбирлар туфайлли уран ва олтин ишлаб чиқариш цикли бўйича комбинат такомиллашган босқичга кўтарилиб, бу ерда конларни қидирув ишлари, руда қазиб олиш ва уни қайта ишлаш орқали бойитиш ҳамда тоза олтин ишлаб чиқариш тизимли йўлга қўйилди. Комбинат таркибига бешта кончилик бошқармаси, йирик қурилиш бошқармаси, машинасозлик заводи, поливинилхлорид трубалари ишлаб чиқариш заводи, мармар блокларини қайта ишлаш ва силлиқланган плиталарни ишлаб чиқариш заводлари, заргарлик заводи, йигирув-тўқимачилик фабрикаси, сульфат (олтингугурт) кислотаси заводи ва бошқа саноат ва ёрдамчи объектлар кирди88.
Шунингдек, ГМК-3да сульфидли маъданларни бактериал оксидлаш усулида қайта ишлаш технологияси муваффақиятли жорий этилди. Марказий кон бошқармасида Олтинни уюмда ишқорлаш цехи ва Мурунтов конида эмульсион портловчи моддалар заводи, Жанубий кон бошқармасида тўртинчи гидрометаллургия заводи, Мурунтов конида қуввати бўйича жаҳонда ягона бўлган Тик-қоя конвейери ишга туширилди89. Натижада заводнинг ишлаб чиқариш имконияти кенгайди, қўшимча ишчи ўринлари яратилди, кўплаб ёш мутахассислар ишга жалб қилинди, уларнинг ўртача ёши 32 ёшни ташкил этади ГМЗ-3 мустақиллик йилларида олтин қазиб олувчи биринчи завод бўлиб, бу ерда 1500 та янги ишчи ўринлари яратилди90..
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳқамасининг 2002 йил 26 апрелдаги “Республика олтин қазиб олиш саноатини бошқариш тузилмасини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори билан қимматбаҳо металлар қазиб олиш ва уларни қайта ишлаб, мукаммаллашган тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш циклини шакллантириш, тармоқ корхоналарини реконструкция қилиш учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида “Ўзолмосолтин” уюшмаси тугатилди. Илгари мазкур уюшма таркибида бўлган Зармитан ва Маржонбулоқ олтин конлари 2002 йил май ойида Навоий кон-металлургия комбинати таркибига киритилди91.
Зармитан олтин конига карашли бўлган йирик Чормитан конидан руда ер остидан ёпиқ усулда, Маржонбулоқ олтин конидан эса оксидланган руда очиқ усулда қазиб олинади. 2001 йили Маржонбулоқ ва Зармитан конларининг қазиб олиш қуввати 33,6 ва 34,6 %га, Маржонбулоқдаги конлардан қазиб олинган рудалар қайта ишланиб, олтин чиқариш фабрикасининг қуввати 44,3 %га етказилди92. Маржонбулоқ ва Зармитан олтин конлари НКМК таркибига киритилганидан кейин, бу конларни лойиҳада белгиланган қувватига етказиш учун зарур чора-тадбирлар қўлланилди. Бу вақтга келиб, 13 та кон олтин қазиб олинадиган конларнинг асосий хом ашё базаси бўлиб қолди. Бу республикада қидириб топилган олтин захираларининг 85 % га яқинини ташкил этар эди93.
Навоий кон-металлургия комбинатида ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳқамасининг 2004 йил 19 майдаги қарори билан “Қизилқумнодирметаллолтин” давлат концерни тугатилиб, унинг таркибида бўлган корхоналар НКМК ихтиёрига ўтказилди. Натижада НКМК Марказий Қизилқумда жойлашган қазилма бойликларни ўзлаштиришга ихтисослаштирилган кўп қамровли қудратли саноат комплексига айланди. Унинг бўлимлари Навоий, Бухоро, Самарқанд, Жиззах ва Тошкент вилоятлари ҳудудларида жойлашган. соҳани ривожлантириш комбинатнинг долзарб масаласи бўлиб қолди. 2011 йили ишлаб чиқарилган барча олтиннинг 15 % ГМЗ-3 зиммасига тўғри келди94.
2009 йили Зармитан олтин кони базасида олтин қазиб олиш комплексининг қурилиши бошланди. Бу зарбдор объектнинг қурилишида НКМК нинг барча корхоналаридан юборилган қурувчилар иштирок этди. Кенг жамоатчилик ташаббуси билан бошланган қурилиш ишларининг самараси сифатида 11 ойда № 4 Гидрометаллургия заводи (ГМЗ-4) нинг бир млн. тонна рудани қайта ишлашга қодир бўлган биринчи навбати, 2012 йили эса иккинчи навбати ишга туширилди. ГМЗ-4 мустақиллик йилларида республикада қурилган иккинчи гидрометаллургия заводи бўлиб, 2013 йили у тўла қувват билан ишга туширилди ва йилига 1,8 млн. тонна рудани қайта ишлай бошлади95.
ГМЗ-4 Чормитан ва Ғужумсой конларидан қазиб олинган рудаларни қайта ишлашга мўлжалланган. У ҳар йили 250-300 млн. долларлик маҳсулот ишлаб чиқаради. Бу ерда 4500 киши ишлайди, уларнинг 60 % ни республикамизнинг ўрта-махсус ва олий ўқув юртларини битирган ёшлар ташкил қилади96. Завод ривожланаётган корхона сифатида мунтазам суратда ишлаб чиқариш қувватини ошириш имкониятига эга бўлди.
Мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ Ўзбекистонда қурилиш материаллари, жумладан цементга бўлган эҳтиёж ошиб борди. СССР парчаланиб кетгач собиқ иттифоқдош республикалар, хусусан Россия ва Украина билан алоқалар тўхтаб қолгач, Навоий цемент заводнинг иш тартибида узилишлар бошланди. Оқибатда, корхона фаолиятида қатор муаммолар юзага келиб, ишлаб чиқариш пасая борди. Бошқа корхоналарда бўлгани каби, Навоий цемент заводи жамоаси учун ҳам бозор муносабатларига ўтиш осон кечмади. Завод раҳбарияти ишлаб чиқаришни жонлантириш мақсадида тажриба алмашиш, янги технологияларни жалб қилиш ва тажриба алмашиш учун ҳамкорлик алоқаларини кучайтиришга эътиборини қаратди.
1993 йилда Цемент заводида йилига 500 минг тонна туфит маҳсулоти тайёрлаш мақсадида заводнинг (дроб) линияси қайта таъмирланди. Бу бошқа жойдан ташиб келтириладиган гипс ўрнида ишлатиладиган бир қанча мақсадларда фойдаланиладиган маҳаллий альтернатив хом ашёдан ишлаб чиқарила бошлади.97 Шу йилнинг октябрь ойида Тошкентда Ўрта Осиё давлатларининг цемент тайёрлашга ихтисослашган корхоналарининг 3- халқаро конференцияси бўлиб, унда 22 давлатдан вакиллар қатнашди. Конференцияда асосан чанг ушлаш, цемент юклаш ускуналари, клинкер совутгичларини модернизация қилиш ва ишнинг самарадорлигини оширишга эътибор қаратилди98.
1994 йили “Навоийцемремонт” заводи тугатилиб, у Республика давлат мулк қўмитасининг 1994 йил 23 декабридаги махсус буйруғи билан “Навоийцемент” очиқ турдаги акциядорлик жамияти (ОАЖ)га айлантирилди99. Жамият томонидан дастлаб корхонада таъмирлаш ишлари олиб борилиб, мураккаб таъмирлаш жараёнларида қўшни давлатлардан малакали мутахассислар жалб этилди. Бундан ташқари, цемент ишлаб чиқариш саноати ривожланган Чехия, Словакия, Испания, Италия, Жанубий Африка Республикаси давлатларига сафарлар зарур материаллар, жумладан куйдириш печлари учун чидамли пишиқ ғиштлар келтириш режалаштирилди. Қисқа муддат ичида айрим омборхоналардаги қўшимча маҳсулотларни қуритадиган бўлинмалар кенгайтирилди, йилига 180 минг дона шифер ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган корхона қурилди.100
Кўрилган чора тадбирлар натижасида йилдан йилга маҳсулот тайёрлаш ҳажми ошиб, ишчи ва хизматчиларнинг моддий аҳволи яхшиланиб борди. Жумладан, 1997 йил 1 миллион 435 минг тонна цемент ишлаб чиқариш билан якунланди. Бу 1996 йилга нисбатан 81 минг тонна кўп эди. 1998 йил корхона учун янада самарали якунланди, ишлаб чиқариш ҳажми 148 фоизга ўсди. Шу йили корхонада 4 миллиард 565,5 миллион сўмлик товар ишлаб чиқарилди, шундан 426,1 миллион сўми соф фойда эди101. Қиёслаш учун таъкидлаш жоизки, 1974 йили Ўзбекистоннинг барча заводлари 3,4 миллион тонна цемент ишлаб чиқарган. Кўп йиллар давомида республикадаги қурилиш объектларини катта қийинчиликлар эвазига цемент билан таъминланди102.
“Навоийцемент” ОАЖси 1997 йил 24 мартда “Қизилқумцемент” ОАЖга айлантирилди. “Қизилқумцемент” ОАЖ жа қисқа вақт ичида ўз фаолиятини жонлантириш чора-тадбирларини ишлаб чиқди, дунёнинг цемент ишлаб чиқарувчи йирик корхоналари билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйди. Жумладан, 2000 йилга келиб Москва, Тольятти, Ярославль шаҳарлари билан алоқалар тикланди, Хитой ва Словакия давлатлари билан иқтисодий алоқалар ўрнатилиб, қатор шартномалар имзоланди. Натижада корхонада технологик жиҳатдан таъмирлаш ва янгилаш амалга оширилиб, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ва сифати ошди. Деярли барча ишлаб чиқариш тармоқлари тўлиқ комьпютерлаштирилди. Атроф муҳитни муҳофаза қилиш масаласида ҳам бир қатор зарурий эҳтиёт чоралари кўрилди103.
1998 йили “Қизилқумцемент” ОАЖ хорижий фирмалар билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш бўйича кенг қамровли ишлар олиб борилди. Жумладан, Германиянинг “Мюллерс” фирмаси билан ҳамкорликда йилига 500 минг тонна цементни қадоқлайдиган технологик линия ишга туширилди. Бу “Қизилқумцемент” корхонаси маҳсулотларини қўшни мамлакатларга экспорт қилиш кенг имкониятларини кенгайтирди. Корхона қошида “Қизилқум-Тепалик” савдо уйи ва “Қизилқум-Рус-Нур” ўзбек-қозоқ-рус қўшма корхоналари бу борада катта роль ўйнади104.
Бозор иқтисодиёти шароитида мунтазам ошиб борган талаблардан бири, бу ишлаб чиқариш технологиясини мунтазам такомиллаштириб боришдир. Шу мақсадда Швециянинг дунёда таниқли “Сведола” фирмаси билан “Қизилқумцемент” корхонаси ўртасида жаҳон стандартлари талабларига жавоб берадиган маҳсулот ишлаб чиқариш учун корхонани замонавий технологиялар билан жиҳозлаш ҳақида шартнома тузилди. “Сведола” корхонаси мутахассислари билан “Қизилқумцемент” ОАЖ ўртасида ҳамкорликнинг йўлга қўйилиши самарали натижалар бера бошлади105.
“Қизилқумцемент” ОАЖ ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, хорижий мамлакатлар билан ҳамкорлик алоқаларини кучайтириши натижасида республикадаги йирик корхоналаридан бирига ва қуруқ усулда цемент ишлаб чиқарадиган ягона заводга айланди. Корхонада республика бўйича ишлаб чиқариладиган цементнинг 45 % тайёрланади. Завод Навоий вилоятидан ташқари Самарқанд, Сурхондарё, Қашқадарё, Хоразм вилоятларига, Қорақалпоғистонга, шунингдек, қўшни давлатлар Туркманистон, Тожикистон, Афғонистонга цемент етказиб беради. Корхона маҳсулотлари 2000 йил Мадрид шаҳрида бўлиб ўтган халқаро жаҳон стандартлаш қўмитаси йиғилишида маҳсулот сифати учун “Олтин юлдуз” медали ва кубоги билан тақдирланди106. Бундан ташқари, 2001 йили “Қизилқумцемент” ОАЖ маҳсулотлари Буюк Британияда, 2002 йили Хитойда халқаро мукофотлар билан тақдирланди107. 2005 йилдан корхонада атроф-муҳитни муҳофаза этиш ва табиатга етказиладиган зарарни камайтириш мақсадида ISO 9001:2000 экологик сифат тизими устида ишлар йўлга қўйилди108.
2014 йилда корхонада янги линия ишга туширилди. Ушбу линиянинг ишга туширилиши натижасида “Қизилқумцемент” ОАЖда йилига қўшимча 350 минг тонна цемент ишлаб чиқариш имконияти яратилиб, ўнга яқин янги иш ўрни очилди. Янги линия соатига 80 тонна М 400 маркали цемент ишлаб чиқариш қувватига эга. 2015 йилда унинг иккинчи босқичи ишга туширилиб, М 500 маркали цемент ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилди Корхонада халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқаришни кенгайтириш билан бирга, ишлаб чиқаришни модернизация қилишга эътибор қилишга берилиб ҳукуматимизнинг маҳаллийлаштириш дастури асосида ўтга чидамли шамот ғиштларни тайёрлаш йўлга қўйилди109..
Do'stlaringiz bilan baham: |