ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ
Вилоят 1938 йилда Ўзбекистон таркибида ташкил топган. Ҳозирги кунда у 10 қишлоқ туманларидан иборат: Боғот, Гурлан, Урганч, Хива, Хонқа, Шовот, Янгиариқ, Янгибозор, қўшкўпир ва Ҳазорасп.
Хоразм вилоятининг майдони 6,05 минг км2 ва бу жиҳатдан у республикада Андижон ва Сирдарё вилоятларидан каттароқ, холос. Вилоят аҳолиси, 1.01.2002 йил маълумотларига кўра, 1370 минг киши. Маъмурий маркази-Урганч шаҳри.
Хоразм вилояти ҳудуди жиҳатидан унча катта бўлмасада, унинг иқтисодий салоҳияти анча юқори. Жумладан, бу ерда яратилган ялпи ички маҳсулот ва саноат маҳсулотининг ҳажми қР га қараганда 1,6 марта зиёд, қишлоқ хўжалиги маҳсулотининг қиймати эса 2,4 марта ортиқ.
Географик ўрни ва табиий бойликлари. Вилоят Амударёнинг қуйи қисмида, Ўзбекистон Республикасининг шимолиғарбида жойлашган, қР ва қисман жанубда Бухоро вилояти билан, ғарбда ва жанубиғарбда Туркманистон давлати билан чегарадош.
Вилоят ҳудудининг асосий қисми Амударёнинг сўл соҳилида жойлашган. Амударё бой тарих ва маданиятга эга бўлган Хоразм тақдирида катта рол ўйнаган; Нил дарёси қадимги Миср учун қанчалик аҳамиятли бўлган бўлса, Амударё (Окс) ҳам Хоразм ўлкаси учун шунчалик муҳим бўлган. Бинобарин, бу дарё Хоразм вилояти ва қўшни ҳудудлар ижтимоийиқтисодий ривожланишининг асосий тарихий географик омили ҳисобланади.
Хоразм ҳудудини Чоржўй-Тошҳовуз-Бейнау темир йўли кесиб ўтади. Бу унинг ривожланишига, Туркманистон, қозоғистон, РФ ва бошқа давлатлар билан алоқа қилишида анча қулайликлар туғдиради. Бироқ, вилоятнинг Орол денгизига яқинлиги, ушбу минтақада вужудга келган экологик вазият унинг ривожланишига салбий таъсир кўрсатади.
Вилоят ер усти тузилиши мураккаб эмас, унинг ҳудуди Турон пасттекислигига киради. Ер сатҳининг нисбатан баландлиги дарёдан узоқлашган сари жанубга томон бироз кўтарилиб боради. Бундай геоморфологик ҳолат ва у билан боғлиқ ер ости сувларининг жойланиши аҳоли манзилгоҳлари ва хўжалик тармоқларини ҳудудий ташкил қилишга ўз таъсирини кўрсатади.
Хоразм ҳудудининг тузилиши айни вақтда унинг қазилма ресурсларига бой эмаслигидан ҳам дарак беради. Дарҳақиқат, бу ерда кўзга кўринарли қазилма бойликлар топилмаган (эҳтимол, унинг жанубий ва ўнг қирғоқ қисмида келажакда ёқилғи ресурслари, жумладан табиий газ конлари аниқланиши мумкин). Вилоятда минерал хом ашё ва ёқилғи ресурсларининг ўта танқислиги оғир саноат тармоқларини ривожлантиришга тўсқинлик қилади.
Иқлими континентал, намгарчилик кам. Шу сабабли қадимдан бу ҳудудда деҳқончиликнинг ривожланиши асосан сув, суғориш иншоотлари билан боғлиқ бўлган. Хатто ҳозирги кунда ҳам иқлимнинг қуруқ келиши, Амударёда сувнинг камайиши бу ерда нафақат суғорма деҳқончиликдан ташқари электр энергиясини ишлаб чиқаришга, дарё транспорти фаолиятига ҳам салбий таъсир кўрсатади.
Шундай қилиб, Хоразм вилоятининг ижтимоийиқтисодий ривожланиши кўп жиҳатдан агроиқлимий ресурсларга, сув захиралари, Орол бўйи экологик муаммоларини ҳал қилишга ҳамда қўшни ҳудудлар билан иқтисодий интеграция қилишига боғлиқ.
Do'stlaringiz bilan baham: |