Аҳолиси ва меҳнат ресурслари. Хоразм вилоятининг энг катта бойлиги унинг халқидир. Вилоят аҳолиси 1989-2002 йилларда 135,5 фоизга ёки ҳар йили 1,55 фоиздан кўпайиб борган. Аммо бу рақам мамлакат ўртача кўрсаткичлардан пастроқ (1,95 фоиз).
Аҳоли жойлашувида, қўшни қорақалпоғистонга ўхшаш, катта ҳудудий туфовутлар йўқ. Ўртача зичлик 1 км2 га 228 кишини ташкил этган ҳолда у 180 кишидан (Янгибозор тумани), 350 кишигача (Хива тумани) фарқ қилади. Шунингдек, Урганч, Ҳазорасп туманларида ҳам аҳоли анча зич жойлашган.
Вилоятда урбанизация даражаси паст-24 фоизга яқин аҳоли мавжуд 3 шаҳар (Урганч, Хива ва Питнак) ҳамда 7 шаҳарчада (Гурлан, қошкўпир, Чалиш, Ҳазорасп, Хонқа, Шовот, Янгибозор) яшайди. Урбанизация кўрсаткичи Республикамизда фақат Сурхондарё вилоятидан юқорироқ, холос, шаҳарлар сони бўйича эса у энг охирги ўринда. Вилоятнинг маъмурий маркази Урганчда 140 минг, «иккинчи» шаҳар Хивада 50 минг киши истиқомат қилади.
Аҳоли сонининг ўсишида унинг табиий ҳаракатини роли катта. Туғилиш ҳар минг киши ҳисобига 2001 йилда вилоят бўйича 22,5, ўлим 4,9 кишига, табиий ўсиш эса 17,6 промиллега тенг бўлган. Туғилиш коэффициенти Ҳазорасп, Гурлан ва Боғот туманларида юқорироқ (26-27 промилле), ўлим кўрсаткичлари эса Урганч шаҳрида бироз катта (6,5-7,0 промилле). Болалар ўлими вилоят бўйича ҳар 1000 туғилган чақалоққа 24,7 га тенг бўлиб, у Урганч шаҳри ва Гурлан шаҳарчасида бирмунча юқорироқ.
Вилоятда аҳоли миграцияси Республика бошқа ҳудудларига қараганда анча суст ривожланган. Масалан, 1997 йилда вилоят шаҳар жойларига атиги 1980 киши келган ва бу ердан 360 киши кетган (миграция қолдиғи минус 1621); 1998 йилда бу кўрсаткичлар юқоридагиларга мос ҳолда 1890; 3680 ва минус 1790 кишини ташкил қилган.
Алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонда фақат Хоразм вилояти қишлоқ жойларида аҳолининг миграция алоқалари ижобий, холос. Чунончи 1997 йилда вилоят қишлоқларига ҳаммаси бўлиб 2968 киши келган (1998 йилда 3997), кетганлар 3301 (3372) ва миграция қолдиғи 786 (625) кишига тенг бўлган.
Хоразм вилояти демографиясининг яна бир хусусияти шундаки, унинг аҳолиси асосан бир миллатли ҳисобланади. Масалан, 1989 йилдаги аҳоли рўйхати маълумотларига қараганда, вилоят аҳолисининг 94,6 фоизини ўзбеклар ташкил этган. Албатта, юқорида келтирилган аҳолининг ўсиши, жойланиши, табиий ва миграция ҳаракти, миллий таркиби, вилоят ижтимоийиқтисодий ривожланишида эътиборга олиниши керак.
Жами аҳолидан 650 минг киши меҳнатга лаёқатли ёшдагилар ҳисобланади; иш билан банд бўлганлар сони 450-460 минг киши, расман ишсиз сифатида меҳнат биржасида қайд этилганлар 2500-2540 киши атрофида.
2000 йил маълумотларига биноан, жами банд аҳолининг 8,8 фоизи саноатга, 40,6 фоизи қишлоқ хўжалигига ва 8,4 фоизи қурилишга тўғри келади. Шунингдек, таълим, маданият, фан соҳаларида ҳам меҳнат ресурсларининг каттагина қисми ишлайди (13,5 фоиз). Республика ўртача кўрсаткичларига қиёсласак, бу ерда қишлоқ хўжалигида аҳоли бандлигининг юқорироқ ва саноатда эса пастлигининг гувоҳи бўламиз (ЎзР да бу кўрсаткичлар 36,2 ва 12,6 фоизга баробар).
2000 йилда Хоразм вилояти қишлоқ хўжалигида 7,2 минг киши ортиқча ишчи кучи сифатида бўшаган ва шу йили қишлоқ жойларида 14,1 минг янги иш ўринлари яратилган. Бу асосан саноат ва ижтимоий соҳалар, кичик тадбиркорлик ҳисобидан амалга оширилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |