Таъсир механизми: препарат нефрон ичида осмотик босимни оширади, натижада натрий ва сувнинг қайта сўрилиши сусаяди. Маннитни асосан томирга киритилади. Пешоб ҳайдовчи ва сувсизлантириш воситаси сифатида ўпка, мия шишларида баъзан кўзнинг ички босимини пасайтириш учун қўлланилади.
МОЧЕВИНА – маннитга ўхшаб таъсир этади. Лекин препаратнинг 50% қайта сўрилиб, қонда қолдиқ азот миқдорини оширади. ГЭБдан яхши ўтади.
ТРИАМТЕРЕН – птеридин унуми. Дистал ва йиғувчи найчалар эпителийсини натрий ионлари учун ўтказувчанлигини камайтиради ва натрий сўрилмайди, пешоб таркибида сув билан кўплаб чиқарилади. Калий ионларини чиқарилишини оширмайди, чунки калий ионларининг дистал қисмида секрецияси пасаяди. Тиазид унуми бўлган диуретиклар таъсирида ривожланган гипокалиемияни камайтиради. Улар таъсирини кучайтиради, шунинг учун уларни қўшиб ишлатиш яхши натижа беради. Триамтереннинг пешоб ҳайдаш кучи ўртача. Триамтерен спиронолактонга ўхшаб калий ионларини жамғарувчи (тўпловчи) диуретиклар гуруҳига киради. Пешоб кислотасини ажралишини ажралишини бироз оширади. Препарат МИТдан тез сўрилади ва таъсири 15-20 дақиқадан сўнг бошланиб, 8-12 соат давом этади. Алкалоз, ацидозга ва пешоб кислотасини организмда тўпланишига олиб келмайди.
Қўлланилиши: юрак томир етишмовчилигида, жигар циррозида ва нефротик синдромда юзага келадиган шишларда.
Нохуш таъсири: диспепсия, бош оғриғи, қон босимини пасайиши. Баъзан гиперкалиемия, азотемия. Камдан-кам ҳолларда гипергликемия, гиперурикимия.
АМИЛОРИД – триамтеренга ўхшаш, лекин узоқроқ таъсир этади (24 соатгача). Тиазид унумлари бўлган диуретиклардан таъсир кучи паст. Улар билан бирга ишлатилади.
АММОНИЙ ХЛОРИД – кислота хосил қилувчи диуретикларнинг типик вакили. Аммоний хлорид қонда NH3, H+ ва Сl- га парчаланади. Хлор ва водород ионлари бикарбонатлар билан бирикиб H2O, CO2, NaСl ҳосил қилади. Қоннинг ишқорий заҳираси камаяди ва ацидоз ривожланади. Хлор ионларининг ортиқчаси натрий ионлари билан бирикади ва уларга мос равишда сув пешоб таркибида ажралади. Бунда оз миқдорда бўлса ҳам, калий ионларининг ажралиши ортади. Натижада пешоб ҳажми ортади. Лекин аммоний хлориднинг диуретик таъсир кучи сустроқ ва шунинг учун мустақил дори сифатида аҳамиятга эга эмас. Уни алкалоз чақирувчи диуретиклар билан биргаликда қўлланилади (симобли диуретиклар, этакрин кислотаси).
Do'stlaringiz bilan baham: |