3-§. Ижарага олувчига мол-мулкни топшириш, ундаги камчиликлар ва учинчи шахслар ҳуқуқларининг мавжуд бўлиши оқибатлари
Топширилаётган мол-мулкнинг ҳолати шартнома шартларига ва мол-мулкнинг вазифасига мувофиқ бўлиши лозим. Масалан, ижарага берувчи ижарага олувчига мулк ижараси шартномасида назарда тутилгандан камроқ қувватга эга бўлган ускунани беришга ҳақли эмас. Ёки бўлмаса, ишлаб чиқариш мақсади учун уй жой берилиши мумкин эмас.
Мулкни ижарага беришда қоида тариқасида мол-мулк билан биргаликда унга мансуб ашёлар ва унга тегишли ҳужжатлар ҳам қўшиб берилади. Масалан, автотранспорт воситаси ижараси шартномаси бўйича автомобилга техник хизмат кўрсатишга мўлжалланган асбоб-ускуналар (домкрат, калит ва ҳ.к.) ҳам тақдим қилинади. Кир ювиш машинаси ижарага берилганда, ундан фойдаланиш бўйича йўриқнома ҳам тақдим қилинади. Шу билан бирга тарафлар шартномада мол-мулкни унга мансуб ашёлар ва унга тегишли ҳужжатларни бермасликни ҳам назарда тутишлари мумкин.
Ижарага берувчи томонидан ижарага берилаётган мол-мулкка тегишли ашёлар ва ҳужжатларни бериш тўғрисидаги талабларни бузиши ва бунинг натижасида ижарага олувчи ушбу мол-мулкдан фойдалана олмаслиги ижарага олувчи учун ноқулай оқибатлар келтириб чиқаради. Масалан, ижарага берувчи автомобилни фойдаланиш учун ижарага бериб, автомобилни рўйхатдан ўтказилганлик ҳақидаги гувоҳномани бермади. Кўриниб турибдики, ушбу ҳужжатсиз ижарачи автомобилдан фойдалана олмайди ва тегишлича ижара шартномасини тузишда умид қилган фойдани ҳам кўра олмайди. Бундай ҳолларда ижарага олувчи хоҳишига кўра, шу жумладан суд тартибида ҳам ижарага олинган мол-мулк учун керакли бўлган ашёлар ҳамда ҳужжатларни ўзига беришни ёки шартномани бекор қилишни талаб қилиш ҳуқуқини беради.
Ижарага берувчи учун ноқулай оқибатлар шунингдек, мол-мулкни шартномада кўрсатилган муддатда ижарачига тақдим қилмаган ҳолларда ҳам келиб чиқади. Мол-мулк ижарага олувчига шартномада кўрсатилган муддатда, агар шартномада бундай муддат кўрсатилган бўлмаса, оқилона муддатда, яъни амалга оширишнинг аниқ имконини берадиган муддатдатақдим қилиниши лозим.
Агар мол-мулк кўрсатилган муддатда тақдим қилинмаса, у ҳолда ижарага олувчи ўз хоҳишига асосан, ФК 331–моддасида белгиланган қоидага мувофиқ, ижарага берувчидан ушбу мол-мулкни беришни талаб қилиши ёки шартномани бекор қилишни сўраб мурожаат қилиши мумкин. Ҳар қандай ҳолатда ҳам ижарага олувчи ўзига етказилган зарарни қопланишини суд тартибида талаб қилиши мумкин.
Юқорида кўрсатилганидек, ижарага берувчи ижарага олувчига мол-мулкни шартнома шартларига ва вазифасига мувофиқ ҳолда топшириши лозим. Шу муносабат билан қонун ижарага берилган мол-мулкдаги камчиликлар учун агар бу ҳолат мол-мулкдан шартнома шартларига мос равишда фойдаланишни қийинлаштираётган бўлса ёки тўсқинлик қилаётган бўлса, жавобгарликни асосан ижарага берувчи зиммасига юклайди. Бунда ижарага берувчи ҳатто ижарага бераётган вақтда булар ҳақида билмаган бўлса ҳам жавобгар саналади.
Бундай камчиликлар аниқланган тақдирда ижарага берувчи ўз манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган чоралардан бирини танлаш ҳуқуқига эга. Чунончи, у ижарага берувчидан:
а) мол-мулкдаги камчиликларни текинга бартараф этишни;
б) ижара ҳақини мутаносиб равишда камайтиришни;
в) мол-мулкдаги камчиликларни бартараф этиш учун қилган ўз харажатларини қоплашни талаб қилиши мумкин. Бунда ижарачи ушбу ҳаражатларни мол-мулкдан фойдаланган учун тўланадиган ҳақ миқдоридан чегириб қолиши ҳам мумкин, бироқ мазкур ҳолатда бу ҳақда олдинда ижарага берувчини огоҳлантириши лозим;
г) шартномани муддатидан олдин бекор қилишни талаб қилишга ҳақли.
Қонунда ижарага берувчи ижарага олувчи томонидан огоҳлантирилганидан сўнг қўйилган ёки ушбу камчиликларни ижарага берувчи ҳисобидан бартараф этиш нияти ҳақидаги талабларни олгандан кейин ўз хоҳишига кўра камчиликларни бартараф этиш бўйича муайян ҳаракатларни амалга ошириш ҳуқуқини танлаш имконини беради. Чунончи, ижарага берувчи:
а) ижарага берувчи ижарага топширилган мол-мулкни тегишли ҳолатда бўлган бошқа шундай мол-мулк билан дарҳол алмаштириб бериши;
б) мол-мулкдаги камчиликни текинга бартараф этиши мумкин.
Ижарага олувчи талабларини қаноатлантириш ёки унинг камчиликларни бартараф этишга сарфлаган харажатлари суммасини мол-мулкдан фойдаланганлик учун тўланадиган ҳақдан бевосита чегириб қолиши унга етказилган зарарни тўлиқ қопламаслиги мумкин. Бундай ҳолларда шартнома мажбуриятларини бузилишига йўл қўйган ижарага берувчи ижарага олувчининг талабига кўра қопланмаган зарар қисмини тўлаши лозим.
Фақат қуйида кўрсатилган ҳоларда ижарага берувчи ижарага берилган мол-мулкдаги камчиликлар учун жавобгарликдан озод қилинади:
а) камчиликлар шартнома тузиш вақтида ижарага берувчи олдиндан айтиб қўйилган бўлса;
б) камчиликлар ижарага олувчига олдиндан маълум бўлган бўлса;
в) агар камчиликлар шартномани тузишда ёки мол-мулкни ижарага топшириш пайтида уни кўздан кечирганда ёхуд унинг созлигини текширганда ижарага олувчи аниқлаши керак бўлган бўлса. Бу ўринда одатдагидек эътибор қилган ҳолда ёки ижарага олинаётган ашёни кўздан кечирганда яққол кўриниб турадиган, яширин бўлмаган камчилик хусусида сўз боради.
Демак, қонунда белгиланган қоида бир тарафдан ижарага олувчини шартнома тузишда ва шартномани амалга оширишда инсофли ва эътиборли бўлишга ундаса, иккинчи тарафдан ижарага берувчини инсофсиз ижарачи томонидан қўйилиши мумкин бўлган асоссиз эътирозлардан ҳимоя қилади.
Қонун ёки шартномага асосан мол-мулкка нисбатан бошқа шахсларнинг ҳуқуқларининг мавжуд бўлиши чунончи, гаров, сервитут ҳуқуқининг мавжудлиги мол-мулкнинг мулкдорига уни тасарруф қилиш, шу жумладан уни ижарага бериш ҳуқуқидан маҳрум қилмайди. Шу билан бирга мулкни ижарага бериш кўрсатиб ўтилган учинчи шахсларнинг ҳуқуқларини бузмаслиги лозим (ФК 9–моддаси). Шу муносабат билан мулк ижарага берилганда учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари тўлиқ сақланиб қолинади. Масалан, гаровга олувчи хатто гаров шартномаси тузилгандан сўнг ушбу мол-мулк ижарага берилган тақдирда ҳам белгиланган тартибда ундирувни гаровга олинган мол-мулкка қаратиши мумкин.
Ижарага берилаётган мол-мулкка нисбатан учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари мавжудлиги ижарага олувчи манфаатларига мос келмаслиги мумкин. Шу муносабат билан қонун ижарага олувчи томонидан шартнома тузаётганда ижарага олувчини ушбу мол-мулкка нисбатан учинчи шахсларнинг барча ҳуқуқлари ҳақида огоҳлантириб қўйиш мажбуриятини юклайди. Бундай огоҳлантиришга оид маълумотларни шартнома матнига киритиш мақсадга мувофиқ. Агар ижарага олувчи учинчи шахслар ҳуқуқлари ҳақида огоҳлантирилган бўлмаса, у ижарага берувчидан ижарага олинган мол-мулк учун тўланадиган ҳақ миқдорини камайтиришниёки шартномани бекор қилиш ва ўзига етказилган зарарларни қоплашни талаб қилиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |