4-§. Умрбод таъминлаш шарти билан уй-жой (квартира)ни бошқа шахсга бериш шартномасини ўзгартириш ёки бекор қилиш
Умумий қоидага кўра, умрбод таъминлаш шарти билан уй-жой (уйнинг бир қисми), квартирани бошқа шахсга бериш шартномасини ўзгартириш ва бекор қилиш тарафлар келишувига мувофиқ амалга оширилади. Тарафлар бундай келишувга эриша олмасалар, шартнома тарафлардан бирининг талабига кўра суд тартибида ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин. Бунда қонун тарафларга шартномани ўзгартириш ёки бекор қилишни талаб қилиш билан боғлиқ имкониятларни беради. Ушбу ҳолат умрбод таъминлаш шарти билан уй-жой (уйнинг бир қисми), квартирани бошқа шахсга бериш шартномасининг моҳиятидан келиб чиқади ва унинг асосий мақсади меҳнатга лаёқатсиз шахсни умрбод таъминлаш ҳисобланади.
Уй-жой (уйнинг бир қисми), квартирани олувчи томонидан шартнома бўйича ўз мажбуриятларини бажармаслик ёки лозим даражада бажармаслик ҳолларида уй-жойни бошқа шахсга берувчида иккита имконият пайдо бўлади ва улардан бирини у ўз хоҳишига кўра танлайди. Жумладан, у натура ҳолида бериладиган таъминотни пул билан ҳақ тўлашга алмаштиришни талаб қилиши мумкин. Қонун шартнома бўйича бериладиган моддий таъминотнинг бир ойлик миқдорини кўрсатишни белгиласада, даврий тўловларни тўлаш билан боғлиқ аниқ муддатларни белгиламайди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам даврий тўловлар умрбод тўланиши лозим бўлади. Уй-жойни бошқа шахсга берувчининг яна бир имконияти бу таъминотни вақти-вақти билан ҳақ тўлаш тарзида тўлаб туришга алмаштириш ўрнига шартномани бекор қилишни талаб қилишидир.
Қонун умрбод таъминлаш шарти билан уй-жой (уйнинг бир қисми), квартирани бошқа шахсга бериш шартномасини бекор қилишни нафақат уй-жойни олувчининг шартнома бўйича мажбуриятларни бажармаслиги ёки лозим даражада бажармаганлик учун уй-жойни бошқа шахсга берувчининг талабига кўра балки, бошқа ҳолатларда ҳам шартнома бекор қилишни назарда тутади.
Уй-жойни бошқа шахсга берувчидан фарқли равишда уй-жойни олувчи умрбод таъминлаш шарти билан уй-жой (уйнинг бир қисми), квартирани бошқа шахсга бериш шартномасини ўзгартиришни талаб қила олмайди. У фақат шартномани бекор қилишни талаб қилиши мумкин. Бунда қонун суд томонидан уй-жойни олувчининг талабига кўра шартнома бекор қилиниши учун иккита асосни белгилайди. Биринчи асос уй-жойни олувчининг моддий аҳволининг ёмонлашуви, иккинчи асос эса, уй-жойни берувчининг меҳнат қобилиятини тиклаши ҳисобланади.
Уй-жойни олувчининг моддий аҳволини ёмонлашуви натижасида у шартнома бўйича уй-жойни берувчига етарлича моддий таъминот бера олмай қолади. Бундай тарзда уй-жойни олувчининг моддий аҳволининг ёмонлашуви унга боғлиқ бўлмаган сабаблар натижасида вужудга келади. Шу сабабли агар кўрсатилган ҳолатларни уй-жойни олувчи ушбу ҳолатлар вужудга келгандан сўнг оқилоналик ва эҳтиёткорлик билан бартараф эта олиши мумкин эди деб ҳисобланса суд томонидан шартномани бекор қилиш рад этилиши мумкин ва у шартнома бўйича зиммасига олган мажбуриятлардан озод бўлмайди.
Умрбод таъминлаш шарти билан уй-жой (уйнинг бир қисми), квартирани бошқа шахсга бериш шартномаси бўйича уй-жойни берувчи сифатида ёши ёки соғлиғи туфайли меҳнатга лаёқатсиз фуқаро бўлганлиги боис, унинг кейинчалик соғлиғини тиклаши уй-жойни олувчига шартномани бекор қилишни талаб қилиш ҳуқуқини беради. Ушбу ҳолатда уй-жойни берувчининг соғлиғини тиклаши натижасида унинг ўзгаларнинг ёрдамига муҳтож бўлмаслигини англатади.
Умрбод таъминлаш шарти билан уй-жой (уйнинг бир қисми), квартирани бошқа шахсга бериш шартномаси бекор қилишини оқибати шартномани бекор қилиш асосларига боғлиқ бўлади.
Агар шартномани бекор қилишга уй-жойни олувчининг шартнома бажармаслиги ёки лозим даражада бажармаслиги асос бўлса, ёки олувчининг моддий аҳволи ўзига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра бошқа шахсга берувчига шартлашилган таъминотни бера олмайдиган даражада ўзгариши натижасида шартнома бекор қилинса, у ҳолда уй-жойни берувчига уй-жой қайтарилиши лозим. Бунда уй-жойни олувчи таъминот олувчини таъминлаш учун қилган ҳаражатларни қопланишини талаб қилишга ҳақли бўлмайди.
Уй-жойни берувчининг талабига кўра, уй-жойни олувчи томонидан мажбуриятларни бажармаслик ёки лозим даражада бажармаслик билан боғлиқ бўлмаган ҳолларда бекор қилиниши натижасида муайян ҳуқуқий оқибатлар вужудга келади. Ушбу ҳолат ФК 9, 14 ва 385–моддалари қоидаларидан ҳамда умрбод таъминлаш шарти билан уй-жой (уйнинг бир қисми), квартирани бошқа шахсга бериш шартномаси моҳиятидан келиб чиқади. Ушбу ҳолатда олувчи шартнома амал қилган даврда уй-жойни берувчининг таъминоти ва уй-жой учун қилган ҳаражатларини қоплашни талаб қилишга ҳақли.
Do'stlaringiz bilan baham: |