Назорат учун саволлар:
1. Ижарага берувчи ижарага олинган мол-мулкни ёки унга нисбатан бўлган хуқуқларни гаровга қўйишга хақлими?
2. Ижарага олувчи ижарага олинган мол-мулкни ёки унга нисбатан бўлган хуқуқларни хўжалик жамиятлари устав фондига улуш сифатида киритишга хақлими?
3. Юлдуз фирмаси “Астра” акциядорлик жамияти билан “Астра” акциядорлик жамиятига қарашли ошхонани ижарага олиш хақида ижара шартномаси тузади. Шартномани амалқилиш даврида ижарачи ошхонани капитал таъмирдан чиқариб, ресторан сифатида қайта жихозлайди. Ичида барлар, сахна, рангли мусиқа жихозларини ўрнатади. Агар ошхона ижарага берилган вақтда баланс қиймати юз миллион сўм бўлса қайта таъмирлангандан сўнг эллик миллиард сўм қийматга эга бўлган. Беш йиллик ижара муддати тугаганидан сўнг ижарага берувчи янги муддатга шартнома тузмаслигини билдирган. Ижарачи ошхонани яхшилаш харажатларини тўлиқ қопланишини талаб қилган ва бунга асос қилиб Фуқаролик кодексининг корхона ижараси тўғрисидаги нормаларини кўрсатиб, ижарага олинган объект юридик шахс сифатида, корхона сифатида фаолият юритганини кўрсатган. “Астра” АЖ ижарага берилган ошхона мустақил корхона эканлигини инкор қилмаган, бироқ ижарага берувчини розилигисиз оддий ошхона ресторанга айлантирилганлиги ва шунингдек яхшиланишларни 90% ни ажратиб олиб бўлмаслигини ва уни қийматини тўлаш учун АЖ да етарли маблағ йўқлигини маълум қилган.
Ушбу вазиятга юридик бахо беринг.
4. “Транс Қоплон” МЧЖ ўзига мулк асосида тегишли бўлган хар бирини қиймати ўн миллион сўм бўлган 10 та автомобилни, беш йил муддатга “Сатурн” ХК га ижарага беради. Сатурн хусусий корхонаси ижара шартномаси расман кучга киргандан сўнг ижарага олинган бешта автомобилни “Шухрат” МЧЖ га улуш сифатида киритди. Қолган автомобилни банкдан олинадиган кредитга гаров сифатида қўймоқчи бўлди.
Ижарачининг ҳаракатлари қонунга мувофиқми? Ижара ҳуқуқларини тасарруф қилиш тартиби ва асосларини шархланг.
Мулк ижараси шартномасининг алоҳида турлари
1-§. Прокат шартномаси
Прокат шартномаси мулк ижараси шартномасининг бир тури ҳисобланади. Мулк ижарасининг ушбу тури шартнома мақсади, субъектлар таркиби, шартнома тарафларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шартнома объекти билан боғлиқ бўлган ўзига хос хусусиятларга эга.
Прокат шартномаси бўйича ижарага берувчи сифатида тадбиркорлик фаолияти субъектлари – юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар иштирок этиши мумкин. Бунда ижарага берувчининг фаолияти бир марталик бўлмасдан, балки тизимли равишда амалга ошириладиган фаолият бўлиши лозим. Бунда ижарага берувчи фаолияти асосий (масалан, прокат пунктлари), шунингдек қўшимча фаолият (масалан, меҳмонхоналар, дам олиш зоналари, спорт клублари) бўлиши ҳам мумкин.
Прокат шартномасининг нарсаси фақат кўчар мол-мулк ҳисобланади. Прокат шартномаси бўйича мол-мулк қоида тариқасида истеъмол мақсадида тақдим қилинади. Ушбу мақсадда масалан, уй-жой анжомлари, маиший техника, мусиқа асбоблари, видео ва аудио техника воситалари берилиши мумкин. Прокат шартномасида агар мажбурият моҳиятидан бошқа ҳол англашилмаса, мол-мулк истеъмол мақсадида берилмаслиги ҳам мумкин. Бундай ҳолларда прокат объекти бўлиб масалан, асбоблар, жиҳозлар ҳамда бошқа техника воситаларибўлиши мумкин.
Прокат шартномаси бўйича мол-мулкни бериш мақсадидан келиб чиқиб, ижарага олувчи сифатида жисмоний шахслар, шу жумладан якка тартибдаги тадбиркорлар ҳамда юридик шахслар ҳам иштирок этиши мумкин.
Мазкур шартнома консенсуал, хақ бараварига тузиладиган ва икки томонлама шартнома ҳисобланади.
Ижара шартномаси ҳар қандай ҳолатда ҳам ёзма шаклда тузилади ва бу ҳолат унинг ўзига хос хусусияти саналади. Одатда, прокат шартномаси бўйича ашёни бериш мажбурияти патта тақдим қилиш асосида расмийлаштирилади.
Прокат шартномаси оммавий ҳисобланади ва тегишлича унга нисбатан ФКнинг 358–моддаси қоидалари қўлланилади. Шу сабабли доимий тадбиркорлик фаолияти сифатида мол-мулкни ижарага бериш хизматини кўрсатиш билан шуғулланувчи ташкилот ёки якка тартибдаги тадбиркор ўзига мурожаат қиладиган ҳар қандай шахсга ушбу хизматларни кўрсатишга мажбур. Акс ҳолда манфаатдор шахс мажбурий тартибда шартнома тузишни ҳамда прокат шартномаси тузишни рад этиши натижасида ўзига етказилган зарарларни қоплашни сўраб судга мурожаат қилишга ҳақли бўлади.
Прокат шартномаси амал қилишининг энг узоқ муддати бир йилни ташкил қилади. Бу ФК 540–моддаси қоидаларини эътиборга олган ҳолда, тарафлар прокат шартномаси муддатини мустақил равишда бироқ, бир йилдан ортиқ бўлмаган муддатга белгилашлари мумкинлигини англатади. Агар шартнома бир йилдан ортиқ муддатга тузилган бўлса, у ҳолда мазкур шартнома бир йил муддатга тузилган ҳисобланади. Агар прокат шартномасида муддат белгиланмаган бўлса ва тарафлардан биронтаси ҳам бир йил муддат ўтгунича шартномадан воз кечмаса, у ҳолда шартнома бир йил ўтгандан сўнг бекор бўлади.
ФК 553–моддасида белгиланган умумий қоидалардан фарқли равишда, ФК 559–моддасига кўра ижарачига прокат шартномасини янги муддатга қайта тузишда имтиёзли ҳуқуқ берилмайди. Шунингдек, ижарчига агар у шартнома муддати тугагандан кейин ҳам ижарага берувчи томонидан эътироз бўлмаган ҳолларда, мол-мулкдан фойдаланишни давом эттираётган бўлса, унга мулк ижараси шартномасини номуайян муддатга қайтадан тузиш ҳақидаги қоидалар қўлланилмайди.
Шу билан бирга, прокат шартномаси муддати тугагандан сўнг ижарага олувчи умумий асосларда янги муддатга шартнома тузишга ҳақли.
ФКнинг 237–моддасига мувофиқ, мажбуриятни бажаришдан бир томонлама бош тортишга йўл қўйилмайди, қонун ҳужжатларида ёки шартномада назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно. Ушбу умумий қоидадан истисно тариқасида прокат шартномаси бўйича ижарага олувчи истаган вақтда шартномани бажаришни рад этишга ҳақли. ФКнинг 382–моддасига асосан ижарага олувчи шартномадан бир томонлама бош тортган ҳолларда прокат шартномаси бекор қилинган ҳисобланади.
Прокат шартномасини бажаришни бир томонлама рад қилиш қоида тариқасида, мол-мулкни ижарага берувчига қайтариш амалга ошириладиган шаклда ифодаланиши лозим. Акс ҳолда шартноманинг амал қилиши давом этади ва бунда ижарага олувчи амалда мол-мулкдан фойдаланаётганлиги ёки фойдаланмаётганлиги аҳамиятга эга бўлмайди ҳамда мол-мулкдан фойдаланганлик учун ҳақ тўлаш тегишлича мол-мулк ижарага олувчи эгалигида бўлган бутун давр учун тўланиши лозим.
Умумий қоидага кўра, ижарага берувчи ижарага олувчига мол-мулкни шартнома шартлари ва мол-мулкнинг вазифасига мувофиқ ҳолатда топшириши лозим. Ушбу қоида прокат шартномасига ҳам қўлланилади.
ФК 558–моддаси биринчи қисмига ассосан, прокат шартнома бўйича ижарага берувчи ўз фаолиятини амалга оширишда мутахассис эканлигини ҳисобга олган ҳолда, қонун томонидан унга мол-мулкни ижарага берувчига топшириш билан боғлиқ қўшимча мажбуриятларни юклайди. Ушбу мажбуриятлар биринчи навбатда ижарага олувчининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган. Қоидага мувофиқ, ижарага олувчи ижарага берувчидан фарқли равишда ижарага олинган мол-мулкдан фойдаланиш бўйича махсус билимларга эга эмас. Қонун прокат шартномасини тузган ижарага берувчининг қуйидаги қўшимча мажбуриятларини белгилайди:
1) Ижарага топширилаётган мол-мулкнинг созлигини ижарага олувчи иштирокида текшириши. Бу ўз навбатида ижарага олинган мол-мулкни ишлатишга яроқлилигини ижарага олувчига топширишда аниқлаш имконини беради;
2) Ижарага олувчини мол-мулкдан фойдаланиш қоидалари билан таништириши ёки унга бу мол-мулкдан фойдаланиш ҳақидаги ёзма қўлланмани бериши. Ушбу мажбурият шунингдек, мураккаб ашёлардан тўғри фойдаланишни ҳамда уни эҳтиётсизлик натижасида шикастланишини олдини олишни таъминлашга қаратилган.
Ижарага олувчи томонидан юқорида кўрсатилган қўшимча мажбуриятларни бажариши ижарага берувчи учун ҳам, ижарага олувчи учун ҳам муҳим ҳуқуқий аҳамият касб этади. Ижарага берувчи томонидан ушбу мажбуриятларни бажармаслик, келгусида камчиликлар аниқланган ҳолларда ушбу камчиликлар ижарага олувчи томонидан фойдаланиш ва уни сақлаш қоидаларини бузилиши натижасида юзага келганлигини важ қилиб кўрсатиш ҳуқуқидан маҳрум қилади.
Прокат шартномаси бўйича ижарага топширилган мол-мулкдаги камчиликлар агар ижарага олувчи томонидан мол-мулкдан фойдаланиш ва уни сақлаш қоидалари бузилиши натижасида вужудга келган тақдирда жавобгар ҳисобланади. ФК 560–моддаси қоидаларидан келиб чиқиб, ижарага олувчи томонидан мол-мулкдан фойдаланиш ва уни сақлаш қоидалари бузилиши ҳолати ижарага берувчи томонидан исботланиши лозим.
Ҳар қандай ҳолатда ҳам мол-мулкдаги камчиликларни бартараф қилиш, шу жумладан мол-мулкни таъмирлаш ва транспортда ташиш харажатлари ижарага берувчи, яъни мол-мулкнинг мулкдори зиммасида бўлади. Бироқ, кўриб чиқилаётган ҳолатда мол-мулкдаги камчиликларни батараф этиш мол-мулкдан фойдаланиш ва уни сақлаш қоидаларини бузган ижарага олувчи ҳисобидан амалга оширилади.
Ижарага олувчи томонидан мол-мулк тўлиқ яроқсиз ҳолга келтирилган ҳолларда ижарага берувчи ижарага олувчидан ўзига етказилган барча зарарларни, шу жумладан, бой берилган фойдани ҳам қоплашни талаб қилишга ҳақли.
Прокат шартномаси учун ФКнинг 562–моддасида вақти-вақти билан ёки бир йўла тўланадиган қатъий суммадаги тўлов белгиланган. ФК 544–моддасига мувофиқ, тўловларни вақти вақти билан ёки бир йўла тўланиши шу жумладан, тўловни амалга ошириш муддати прокат шартномасига мувофиқ белгиланади. Жумладан, мол-мулкдан фойдаланганлик учун ҳақ ижарага олувчи томонидан, яъни мол-мулкка эгалик қилиш ва фойдаланиш бошланишидан олдин ёки ундан фойдаланишнинг навбатдаги муддати келгунига қадар тўланиши мумкин.
Ижарага олувчи прокат шартномасини истаган вақтда рад этиши, яъни мол-мулкни муддатидан олдин қайтариши мумкин. Бунда мол-мулкдан фойдаланганлик учун олдиндан тўлов амалга оширилганда, ижарага берувчи ижарага олувчи томонидан мол-мулкдан фойдаланмаган ҳолда олдиндан тўлаган ҳақнинг тегишли қисмини қайтариши лозим. Ушбу давр мол-мулк амалда қайтарилган куннинг эртасидан бошлаб ҳисобланади.
Прокат шартномаси бўйича мол-мулкдан фойдаланганлик учун ҳақ тўлаш ижарага олувчининг асосий мажбуриятларидан бири ҳисобланади ва қонунда белгилаб қўйилган. Бунда шартнома амалда бўлган бутун давр мобайнида мол-мулк ижарага олувчи эгалигида бўлади. Прокат шартномаси оммавий шартнома бўлганлиги боис, ижарага берувчининг турли мол-мулкларини ижарага олувчилар сони кўпчиликни ташкил қилади. Прокат шартномаси хусусиятидан келиб чиқувчи бу ва бошқа ҳолатлар ижарага берувчининг қонуний манфаатлари ҳимоялаш заруриятини келтириб чиқаради.
Шу боисдан қонунда прокат шартномаси бўйича ижарага олувчидан мол-мулкдан фойдаланганлик учун тўланадиган ҳақни ундиришнинг соддалаштирилган тартиби белгиланган. Ундирув низосиз тартибда нотариуснинг устхат ёзуви асосида амалга оширилади.
Прокат шартномаси бўйича ижарага олувчи қоида тариқасида, ижарага олинган мол-мулкни сақлаш учун зарур бўлган билим ҳамда техник воситаларга эга бўлмайди. Ундан фарқли равишда ижарага берувчи доимий равишда юридик ва жисмоний шахсларга мол-мулкни ижарага бериш хизматларини кўрсатади ва шу сабабли ўз фаолияти соҳасида мутахассис бўлиши лозим.
Прокат шартномасига доир муносабатлар хусусиятидан келиб чиқиб, ижарага топширилган мол-мулкни капитал ва жорий таъмирлаш ижарага берувчи зиммасига юклатилган. Бу императив норма бўлиб, прокат шартномаси бўйича ижарага топширилган мол-мулкни капитал ва жорий таъмирлаш ижарага олувчи зиммасига юклатилиши мумкин эмас.
Прокат шартномаси бўйича мол-мулк қоида тариқасида, истеъмол мақсадида, яъни ижарага олувчи томонидан шахсан фойдаланишни назарда тутади. Шу боисдан қонунда ижарага олувчи учун ижарага олинган мол-мулкни тасарруф этиш билан боғлиқ чеклов белгиланган ва у ФК 546–моддасида белгиланган қоидадан истисно ҳолат бўлиб ҳисобланади.
Прокат шартномаси бўйича ижарага олувчига топширилган мол-мулк иккиламчи ижарага берилишига, ижарага олувчи прокат шартномаси бўйича ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини бошқа шахсга ўтказишига, бу мол-мулкнибепул фойдаланиш учун бериб қўйилишига йўл қўйилмайди. Бундан ташқари, ижарага олувчининг ҳуқуқларини гаровга қўйишга ва уларни хўжалик ширкатлари ва жамиятларининг устав фондига (капиталига) ҳисса тарзида, ишлаб чиқариш кооперативларига пай бадаллари тариқасида қўшишга ҳам йўл қўйилмайди. Ушбу чекловлар ҳам императив норма ҳисобланади, яъни тарафлар келишувчи билан мазкур қоида ўзгартирилиши мумкин эмас.
Do'stlaringiz bilan baham: |