Оддий васиятнома унинг мазмуни билан уни тасдиқлаётган нотариус ёки бошқа мансабдор шахслар танишиб чиққан ҳолда тасдиқланади. Васиятноманинг сир сақланиши тўғрисидаги қоидалар ушбу васиятномаларга нисбатан татбиқ этилади, яъни нотариус ёхуд васиятномани тасдиқлаган бошқа мансабдор шахс, шунингдек васият қилувчининг ўрнига васиятномани имзолаган фуқаро мерос очилгунга қадар васиятномага дахлдор маълумотларни ошкор қилишга ҳақли эмас.
Махфий васиятнома – бу васият қилувчининг талаби билан нотариус томонидан унинг мазмуни билан танишиб чиқилмасдан тасдиқланган васиятнома. Махфий васиятномани васият қилувчи ҳақиқий саналмаслик хавфи остида ўз қўли билан ёзиши ва имзолаши, фамилияси, исми ва отасининг исмини тўлиқ ёзиши лозим. Бу ҳақда нотариус ва бошқа мансабдор шахс васият қилувчидан оғзаки сўрайди ва тасдиқловчи ёзувда кўрсатади. Васиятнома икки гувоҳ ҳамда нотариус ёки мансабдор шахс иштирокида хатжилдга солиниб, хатжилд елимланиши лозим, гувоҳлар ўз фамилияси, исми, отасининг исмини ва доимий прописка қилинган манзилни кўрсатган ҳолда хатжилдга имзо қўядилар. Гувоҳлар имзо қўйган хатжилд гувоҳлар ва нотариуснинг иштирокида бошқа хатжилдга солинади ва бу хатжилд ҳам елимланади, унга нотариус тасдиқлаш устхатини ёзиб қўяди.
3 §. Васиятномани ўзгартириш, бекор қилиш ва
ҳақиқий эмас деб топиш
Васият қолдирувчи ўзининг васиятномада изҳор қилган иродасини хоҳлаган вақтда ўзгартириши ва бекор қилишга ҳақли. Бу ҳақда ФКнинг 1127-моддасида кўрсатиб ўтилган, яъни васият қилувчи исталган вақтда ўз васиятномасини тўлалигича бекор қилишга ёхуд унда мавжуд бўлган айрим васият фармойишларини янги васиятнома тузиш орқали бекор қилишга, ўзгартиришга ёки тўлдиришга ҳақли.
Васиятномани тўлиқ бекор қилиш, биринчидан васиятномани тўлиқ бекор қилиш янги васиятнома тузиш орқали амалга оширилади. Бунда янги васиятнома олдинги васиятноманинг тўлалигича инкор қиладиган мазмунда тузилган бўлиши лозим. Бу ҳолатда илгари тузилган васиятномани бекор қилиш тўғрисида алоҳида фармойиш бўлиши шарт эмас. Бунда кейинги васиятноманинг бекор бўлиши олдинги васиятномани қайта тиклашга сабаб бўлмайди. Иккинчидан, унинг барча нусхаларини йўқ қилиш йўли билан амалга оширилади. Бунда васият қолдирувчи нотариусга ёзма ариза билан мурожаат қилади. Аризага мувофиқ нотариус нотариал идорада сақланаётган васиятнома нусхаси, нотариал ҳаракат қайд этилган ресстр ҳамда васиятномаларни рўйхатга олиш алифбо китобига белги қўйиш орқали уни бекор қилади. Васият қилувчи ўзида сақланаётган васиятнома нусхасини тақдим этган тақдирда, васиятноманинг бекор қилинганлиги тўғрисида бу нусхага ҳам ёзиб қўяди. Агарда ариза васиятнома нотариал тасдиқланган ёки у сақланаётган идорадан бошқасига тақдим этилса, у тегишли идорага юборилади. Васиятнома бутунлай бекор бўлган тақдирда, унда васият қилиб қолдирилган мулк қонун бўйича ворислар ўртасида тенг тақсимланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |