2 §. Васиятнома шакли
Васиятнома ёзма шаклда тузилиши, унда унинг ёзилган жойи ва вақти кўрсатилиши лозим. Сабаби амалиётда шундай ҳодисалар учрайдики, васият қолдирувчи бир мол-мулкга нисбатан бир неча маротаба ўзининг васиятномасини тузиб қолдиради. Унинг қайси бири ҳақиқий эканлигини аниқлаш учун васиятноманинг тузиш вақти асос қилиб олинади. Кейинги тузилган васиятнома аввалги васиятноманинг бекор бўлиши учун асос бўлади. Шунингдек, васиятнома васият қилувчининг ўз қўли билан имзоланиши лозим. Агар васият қилувчи жисмоний нуқсонлари, касаллиги ёки саводсизлиги туфайли васиятномани ўз қўли билан имзолай олмаса, унинг илтимосига биноан нотариус ёки қонунга мувофиқ васиятномани тасдиқлайдиган бошқа шахс ҳозир бўлганида васият қилувчи ўз қўли билан имзолай олмаслигининг сабаблари кўрсатилган ҳолда васиятномага бошқа шахс имзо қўйиши мумкин. Нотариус ёки васиятномани тасдиқловчи бошқа шахс; васиятнома кимнинг фойдасига тузилганёки кимга нисбатан васият мажбурияти юклатилган бўлса, ўша шахс, унинг эри (хотини), болалари, ота-онаси, неваралари ва чеваралари, шунингдек васият қилувчининг қонун бўйича меросхўрлари; тўлиқ муомала лаёқатига эга бўлмаган фуқаролар; саводсизлар ва васиятномани ўқий олмайдиган бошқа шахслар; ёлғон гувоҳлик берганлик учун муқаддам судланган шахслар васият қилувчининг ўрнига васиятномани имзолашлари мумкин эмас.
Қуйидаги васиятномалар ёзма шаклда тузилган ҳисобланади. Нотариал тасдиқланган васиятномалар ва нотариал тасдиқланган васиятномаларга тенглаштирилган васиятномалар.
Нотариал тасдиқланган васиятнома васият қилувчи томонидан ёзилган ёхуд унинг сўзларидан нотариус томонидан ёзиб олиниб қонунда белгиланган тартибда нотариал тасдиқланди. Васиятнома исталган нотариал идора нотариуси томонидан тасдиқланиши мумкин. Бунда, нотариуслар томонидан васиятнома тасдиқлангандан кейин васият қилувчининг фамилияси, исми, отасининг исми, васи-ятномани тасдиқлаш санаси ва реестр рақами тўғрисидаги маълумотлар васият қилувчининг доимий прописка қилинган жойдаги мерос расмийлаштириладиган давлат нотариал идорасига ўн кун муддатда юборилиши лозим. Васиятнома матни васият қилувчи томонидан ёзилиб, нотариусга шахсан тақдим этилган ёки унинг сўзларидан нотариус томонидан ёзиб олинган бўлиши лозим. Васиятнома ёзилган жойи ва вақти кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда тузилиши лозим. Ёзма шаклдаги васиятнома васият қилувчининг ўз қўли билан имзоланиши, фамилияси, исми ва отасининг исми тўлиқ ёзилиши шарт. Агар васият қилувчи жисмоний нуқсонлари, касаллиги ёки саводсизлиги туфайли васиятномани ўз қўли билан имзолай олмаса, унинг илтимосига биноан нотариус ҳозир бўлганида васият қилувчи ўз қўли билан имзолай олмаганлигининг сабабларини кўрсатилган ҳолда, васиятномага бошқа шахс имзо қўйиши мумкин. Бунда, нотариус васият қилувчининг ўрнига васиятномани имзолаган фуқарога мерос очилгунга қадар васиятноманинг мазмуни, унинг тузилиши, бекор қилиниши ёки ўзгартирилишига дахлдор маълумотларни ошкор қилишга ҳақли эмаслиги тушунтиради ва бу ҳақда васиятнома матнида ва тасдиқловчи ёзувда қайд этади.
Do'stlaringiz bilan baham: |