Мерос ҳуқуқи - бу фуқаронинг вафоти муносабати билан унинг мулкий, мулк билан боғлиқ бўлган шахсий-номулкий ҳуқуқ ва мажбуриятларининг бевосита қабул қилиб олиш ёки қабул қилишни рад этиш билан боғлиқ бўлган ҳуқуқий нормалар йиғиндисидан иборатдир.
|
Фуқаролик қонунчилигида мерос институти ворисликнинг умумий қоидалари, васият бўйича ворислик, қонун бўйича ворислик ҳамда меросни эгаллашга доир нормалар йиғиндисидан иборатдир.
Ворислик икки асосда, васият ва қонун бўйича вужудга келади. Мулкдор ўзи ҳаётлигидаёқ ўзига тегишли мулк(лар)нинг тақдирини белгилаган ҳолда мол-мулкини ишончли қўлларга топшириш мақсадида васитянома қолдириши мумкин. Бу эса ўз навбатида кейинчалик ушбу мол-мулкнинг кўпайишига, ривожланишига олиб келиши мумкин. Ёки аксинча, мулкдор ўзига тегишли мол-мулкнинг тақдирини белгиламасдан вафот этган тақдирда, унга тегишли мол-мулк қонун бўйича ворислик асосида унинг оила аъзоларига ёинки қариндош уруғларига ўтади. Қонун бўйича ворислик муносабати билан мерос қолдирувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ўтиш тартиби ва шартлари қонунда белгилаб қўйилган бўлади. Мерос мулк қонунда белгиланган тартибда ва миқдорда меросхўрлар ўртасида тақсимланади. Ушбу дарслигимизнинг кейинги параграфларида ворислик асосларига батафсил тўхталиб ўтамиз.
2 §. Мероснинг очилиши ва ворислик ҳуқуқини
амалга ошириш
Мероснинг очилиш вақти – бу фуқаронинг вафот этган куни (зарурат бўлганда пайти ҳам), шунингдек, у вафот этган деб эълон қилинганда эса, суднинг қарорида кўрсатилган муддат, агар қарорда бундай муддат кўрсатилмаган бўлса қарорнинг кучга кирган санаси мерос очилган кун ҳисобланади.
Қонун ворислик ҳуқуқий муносабатларининг келиб чиқишини унинг очилиши билан боғлайди. Мероснинг очилиш вақти меросни эгаллаш, тақдим қилиш ҳуқуқи бўйича ворислик, мерос транмиссияси ҳамда биридан кейин бошқаси мерос олишга ҳақли шахсларнинг бир вақтда вафот этганлиги тўғрисидаги қоидаларнинг қўлланишида муҳим аҳамият касб этади. Айтайлик қонун бўйича ворисликда отадан олдин ўғил вафот этса, тақдим қилиш ҳуқуқи бўйича ворислик қоидалари; аксинча ўғил отадан кейин, лекин меросни эгалламасдан вафот этса, мерос трансмиссияси қоидалари қўлланилган ҳолда ворислик масаласи ҳал қилинади. Агарда ота ва ўғил бир календар сутка ичида вафот этса, биридан кейин бошқаси мерос олишга ҳақли шахсларнинг бир вақтда вафот этганлиги тўғрисидаги қоидалар қўлланилиб, ота ва бола ўртасида ворислик ҳуқуқий муносабатлар вужудга келмайди.
Шунингдек, ворислик ҳуқуқий муносабатларга татбиқ этилиши лозим бўлган қонун ҳужжатларини тўғри аниқлашда ҳам мероснинг очилиш вақтини аниқ белгилаш муҳим аҳамият касб этади. Чунки, мерос муносабатларини татбиқ қилиш лозим бўлган қонунлар ФКнинг 4-моддасига асосан мероснинг очилиш пайти билан белгиланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |