6 §. Товар чиқарилган жой номига бўлган ҳуқуқ
ФКнинг 1108-моддасида, ҳамда Қонунда товар келиб чиққан(тайёрланган) жойнинг номи тушунчаси, уни ҳуқуқий муҳофаза қилиш асоси, тартиби белгилаб берилган.
Ҳар бир мамлакат, минтақа, маълум бир ҳудуд ўз иқлими, ҳавоси, тупроқ таркиби, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ва бошқа табиий шароитлари билан ўзига хосдир. Баъзан бу ўзига хослик ўша ҳудуд доирасида ишлаб чиқариладиган товарлар, бажариладиган ишлар, кўрсатиладиган хизматнинг ўзига хос алоҳида сифатга, белгиларга эга бўлишини белгилайди. Бошқа жойдаги айнан ўшандай ишлаб чиқарилган товарлар, бажариладиган ишлар ёки кўрсатиладиган хизматлар ўшандай сифатга, белгиларга эга бўлмайди. Бинобарин, маълум географик ҳудуднинг табиий шароитлари ёки бошқа омиллар (асосан, ўша жойда яшовчиларнинг касби-кор малакаси, маҳорати) билан узвий боғлиқ равишда тайёрланган товарлар бошқа жойда тайёрланган айнан шундай товарларга нисбатан харидоргир, юқори сифатли, алоҳида хусусиятларга эга, рақобатбардошли ҳисобланади. Бозорда ушбу товар тайёрланган жой номининг ўзи товар маълум сифат хусусиятига эга эканлиги ҳақида ўзига хос сертификат ҳисобланади. Масалан, «Боржоми», «Ессентуки», «Тошкент» сувлари, Учқора майизи, Ургут тамакиси, Янгиқўрғон анжири, Қува анори ва ҳоказо. Баъзан товар тайёрланган жойнинг табиий шарт-шароитлари билан эмас, балки ўша жойда яшовчи аҳолининг маълум бир касб-ҳунари, маҳсулот тайёрлашда бўлган алоҳида маҳорати, малакаси ушбу товар сифатини белгилашда алоҳида муҳим омил бўлиши мумкин. Масалан, Чуст пичоғи, Самарқанд нони, Хива гилами ва ҳоказо.
Товар чиқарилган (тайёрланган) жой номи сифатида мамлакат номи ишлатилиши (Бразилия кофеси, Эрон гилами, Грузия чойи), аҳоли пункти ёки минтақавий ҳудуд номи (Тошкент суви, Чуст пичоғи), умуман, қандайдир геотрафик объект номи (масалан, Тянь-Шань суви) қўлланилиши мумкин. Бундай мақсадларда ўша географик объект тарихий номи ишлатилиши мумкин (Шампань шароби, Кагор шароби ва ҳоказо). Бунда энг асосий сабаб ўша жойда ишлаб чиқарилган товарнинг юқори сифати, алоҳида белгиларга эга эканлиги ва худди шу ҳолат товарлар бозорида, харидорлар орасида маълум аҳамиятга эга эканлигидир. Баъзан бу товар ишлаб чиқариш билан эмас, хизмат кўрсатиш билан боғлиқ бўлиши, бу ҳолат кўпинча жойларда тиббий даволаш, хизмат кўрсатиш сифати билан боғлиқ бўлиб, бунда ўша жойдаги балчиқ, минерал сув, ғорлар, ҳаво таркиби, ҳаво зичлиги, атмосфера босими ва ҳоказо ҳолатлар муҳим, белгиловчи омил бўлиши мумкин.
Қонуннинг 5-моддасига мувофиқ, мамлакат, аҳоли пункти, жой ёки бошқа жўғрофий объектнинг (бундан буён матнда жўғрофий объект деб юритилади) товарни белгилаш учун ишлатиладиган, унинг алоҳида хусусиятлари тамомила ёки асосан мазкур жўғрофий объектга хос табиий шароитлар билан ёки бошқа омиллар ёхуд табиий шароитлар ва ушбу омилларнинг бирикмаси билан белгиланадиган номи товар келиб чиққан жой номи деб эътироф этилади.
Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, товар келиб чиққан жой номига бўлган ҳуқуқ ҳуқуқий жиҳатдан муҳофаза қилиниши учун қуйидаги шартлар мавжуд бўлиши лозим:
маълум жой, ҳудуд ўзининг табиий-иқлим ва рельеф шарт-шароитларига кўра, унда яшовчи аҳолининг касб-кор маҳорати, малакаси туфайли ўзига хосликларга эга бўлиши;
бу ўзига хослик ушбу жойда, ҳудудда тайёрланадиган, ишлаб чиқариладиган товарлар, кўрсатиладиган хизматларнинг алоҳида сифати, хусусияти, белгиларини таъминловчи омил бўлиши;
юқоридаги ҳолат товарлар бозорида маълум ва машҳур бўлиши талаб этилади.
Юқордаги шартлар мавжуд бўлган ҳолдагина товар чиқарилган жой номи уни рўйхатга олиш асосида ҳуқуқий муҳофаза қилинади.
Баъзи ҳолларда товар номи географик объект номи билан боғлиқ ёки бир хилда бўлса-да, бироқ товар бошқа жойларда ҳам айнан ўшандай тайёрланиши мумкин (масалан, ахалтекин отлари), бошқа ҳолларда эса бундай ном маълум товарнинг ёки товарлар гуруҳининг номи сифатида умумистеъмолга кириб кетган бўлиши мумкин (голланд пишлоғи, кёльн суви-одеколон ва ҳоказо). Бундай ҳолларда атама товар чиқарилган жой номи сифатида тан олинмайди ва бинобарин, ҳуқуқий муҳофаза мақсадларида рўйхатга олинмайди. Бироқ бу ҳолат бундай маълум ва машҳур номдан инсофсизлик билан фойдаланиб, харидорларни, истеъмолчиларни алдаш, паст сифатли товарларни ўтказиш воситаси сифатида фойдаланилганда ҳуқуқи бузилган шахснинг ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, етказилган моддий ва маънавий зарарнинг қопланишини талаб қилиш ҳуқуқидан маҳрум этмайди. Ҳуқуқи бузилган шахс ФКнинг 11-моддасида кўрсатилган усуллардан фойдаланиб, ўз ҳуқуқини ҳимоя қилишга ҳақли.
Қуйидаги белгилар товар келиб чиққан жой номи сифатида рўйхатдан ўтказилмайди:
- товар келиб чиққан жой хусусида истеъмолчини чалғитиб қўядиган жўғрофий ном бўлган белгилар;
- товар келиб чиққан ҳақиқий жойни расман кўрсатувчи, лекин товар бошқа ҳудудда чиқарилаётганлиги ҳақида янглиш тасаввур берувчи белгилар;
- товар тайёрланган жой номи билан боғлиқ бўлмаган жўғрофий номни англатувчи ва Ўзбекистон Республикасида муайян турдаги товар белгиси сифатида умум фойдаланишда бўлган белгилар.
Товар чиқарилган жой номи Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигида рўйхатдан ўтказдирилади. Бунда ФК 1108-моддаси 2-қисмида белгиланган талабларга ишлаб чиқариладиган товарнинг жавоб бериши ва айни ўшандай товар ишлаб чиқарувчининг ўша ҳудуд доирасида фаолият юритиши муҳим омил ҳисобланади (масалан, Сурхондарёда фаолият юритаётган ҳунарманд ўз маҳсулотини Чуст пичоғи деб бозорда сотиши мақсадга мувофиқ эмас).
Интеллектуал мулк агентлиги томонидан рўйхатга олиш амалга оширилганидан кейин товар чиқарилган жой номидан фойдаланиш ҳуқуқи ҳақида гувоҳнома берилади.
Товар келиб чиққан жой номидан фойдаланиш ҳуқуқи гувоҳномаси маълум муддатга берилади, бу муддат тугагач, у узайтирилиши мумкин. Рўйхатга олишда товарларнинг у тайёрланган жой номи билан боғлиқ равишда сифатга эга эканлигини текшириш учун экспертиза тайинланиши мумкин. Гувоҳнома амал қилиш муддати давомида ваколатли давлат органлари, истеъмолчиларнинг уюшмалари товарларнинг махсус сифати, хусусияти, белгилари бўйича талабларга мувофиқлиги устидан доимий назоратни олиб борадилар.
Гувоҳноманинг амал қилиши қуйидаги ҳолларда муддатидан олдин бекор бўлади:
а) маълум ҳудуд, жой ўша жойда ишлаб чиқарилувчи товарнинг махсус сифати, белгиси, хусусиятини белгиловчи табиий иқлим, рельеф ва бошқа омиллардан маҳрум бўлганда (минерал сув чиқмай қолганда, балчиқ тугаганда, маълум касб-ҳунар билан аҳоли шуғулланмай қолганда ёки малака, маҳорат йўқотилганда);
б) ишлаб чиқариладиган товарнинг махсус сифат, белги, хусусиятларга эга бўлиши ҳақидаги талабларга риоя қилинмаган тақдирда;
в) жой номи товар ёки товарлар гуруҳи номи сифатида умумистеъмолга кириб қолганда.
Товар чиқарилган жой номини рўйхатга олиш, бу номдан фойдаланиш ҳуқуқи ҳақида гувоҳнома бериш, рўйхатга олишни ҳақиқий эмас деб топиш, рўйхатга олиш ва гувоҳноманинг амал қилишини тўхтатиш, уларнинг бекор бўлиши тартиби ва шартлари махсус қонун ҳужжатлари билан белгиланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |