Bog'liq Фуқаролик ҳуқуқи Х II-қисм дарслик 30.08.2018
4 §. Мерос ҳуқуқининг субъектлари Мерос ҳуқуқининг субъектлари мерос қолдирувчи ҳамда меросхўрлардан иборат бўлиб, мерос қолдирувчи фақат жисмоний шахс бўлиши мумкин.
Меросхўр – бу мерос очилган пайтда ҳаёт бўлган фуқаролар ҳамда мерос қолдирувчининг ҳаётлик пайтида ҳомила ҳолида бўлган ва мерос очилгандан кейин уч юз кун ичида тирик туғилган болалари васият ва қонун бўйича меросхўр бўлишлари мумкин. Марҳумнинг вафотидан сўнг уч юз кун ичида тирик туғилган бола Оила кодесининг 60-моддасига асосан никоҳда туғилган бола ҳисобланади. Қонун бўйича марҳумнинг оила аъзолари, қариндошлари ҳамда қариндошлик алоқасидан қатъий назар меҳнатга қобилиятсиз боқимлари меросхўр бўлиши мумкин, васият бўйича эса ҳар қандай шахс қариндошлик алоқаси ва даражасидан қатъий назар меросхўр бўлиши мумкин. Шунингдек, юридик шахс, давлат ҳамда фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари ҳам васият бўйича меросхўр бўлиши мумкин. Бунда асосий шарт улар мерос очилган пайтда тузилган бўлиши шарт.
Қонун бўйича ворисликда фарзандликка олувчилар ҳам фарзндликка олинганлар ҳам фарзандлар ва ота-оналар каби бир хил ҳуқуқларга эга бўладилар. Фарзандликка олинган болалар, – дейилади Оила кодексининг 165-моддасида, – барча шахсий ва мулкий ҳуқуқларда фарзандликка олувчиларнинг ўз болаларига тенглаштирилади. Фарзандликка олинганлар ва уларнинг ота-онаси (ота-она қариндошлари) бир-бирларига нисбатан шахсий ва мулкий ҳуқуқларини йўқотадилар ҳамда ўзаро мажбуриятлардан озод бўладилар. Болаларига нисбатан ота-оналик ҳуқуқларидан маҳрум этилган ва мерос очилган пайтда бу ҳуқуқлари тикланмаган ота-оналар ана шу болалардан қолган мулкка ворис бўлиш ҳуқуқига эга эмаслар, шунингдек мерос қолдирувчига таъминлаб туриш юзасидан қонунга кўра зиммаларига юклатилган мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлаган ота-оналар (фарзандликка олувчилар) ва вояга етган болалар (фарзандликка олинганлар) қонун бўйича меросхўр бўлиш ҳуқуқига эга эмаслар.
Нолойиқ меросхўр тушунчасига тўхталадиган бўлсак, қонунда белгиланган ҳолатларда меросхўр нолойиқ меросхўр деб топилиши натижасида, шунингдек васиятномада кўрсатилган ҳолатларда меросхўрлар меросдан четлатилиши натижасида меросхўр мерос олиш ҳуқуқидан маҳрум бўлади. ФКнинг 1119-моддасида нолойиқ меросхўр(лар)нинг меросдан четлатилиш асослари келтирилган. Унга асосан мерос қолдирувчини ёки эҳтимол тутилган меросхўрлардан бирортасини қасддан ўлдирган ёки уларнинг ҳаётига суиқасд қилган шахслар васият бўйича ҳам, қонун бўйича ҳам мерос олиш ҳуқуқига эга эмаслар. Васият қилувчи ўз ҳаётига суиқасд қилинганидан кейин васиятнома берган шахслар бундан мустасно. Мерос қолдирувчи ўзининг охирги хоҳиш-иродасини амалга оширишига қасддан тўсқинлик қилган ва шу орқали ўзларининг ёки ўзларига яқин шахсларнинг ворисликка чақирилишига ёхуд мероснинг ўзларига ёки ўзларига яқин шахсларга тегишли улуши кўпайтирилишига имкон яратган шахслар васиятнома бўйича ҳам, қонун бўйича ҳам мерос олиш ҳуқуқига эга эмаслар.
Нолойиқ меросхўрларни ворисликдан четлатиш учун асос бўладиган ҳолатлар бундай четлатиш келтириб чиқарадиган ворислик билан боғлиқ мулкий оқибатларга дахлдор шахснинг даъвоси бўйича суд томонидан белгиланади. Юқорида санаб ўтилган қоидалар ҳар қандай меросхўрларга, шу жумладан мажбурий ҳисса олиш ҳуқуқига эга бўлган меросхўрларга ҳам тадбиқ этилади. Шунингдек, ФКнинг 1120-моддасига мувофиқ васият қилувчи қонун бўйича меросхўрлардан биттасини, бир нечасини ёки ҳаммасини изоҳ бермаган ҳолда меросдан маҳрум қилиши мумкин. Лекин ушбу қоида меросдан мажбурий улуш олиш ҳуқуқига эга бўлган меросхўрларга нисбатан тадбиқ этилмайди.